Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “Ҳар нарсанинг бир закоти бор. баданнинг закоти рўзадир” (Имом ибн Можа ривояти).
Сайёрамизда ўн бир ойнинг султони, муборак рамазон ойи кезмоқда. Исломнинг беш шартидан бири бўлган рўза ибодати ҳаётимизни ўзгартирди. Раббимизнинг ризолигини истаб нафсимизга ҳам хуш келувчи нарсаларга бир ой давомида кундузлари яқинлашмаймиз.
Рўзани ният қилар эканмиз, унинг маънавий ҳаётимиздаги маъно ва аҳамияти ҳақида тафаккур этамизми, нима дейсиз?
Ажабо, Пайғамбар алайҳиссалом “Рўза баданнинг ибодати” деганларида нимани назарда тутган эканлар?
Албатта, бу иборанинг илк ақлга келган маъноси аниқ. Эҳтиёжидан ортиқча моли бўлган кишининг ўша молидан бир қисмини закот сифатида бермоғи унинг бандалик бурчи бўлса, соғлом бир танали бўлган одамнинг ҳам рўза тутмоғи айни шундай масъулиятлидир. Яъни рўза тутмоқ бажарилиши шарт бўлган бурчдир.
Ояти карималарда ва ҳадиси шарифларда закоти берилмаган молнинг бир балога учраши айтилган. Модомики, соғлом тананинг закоти рўза бўлса-ю, бу бурчни бажармаган тана ҳам бир азобга гирифтор бўлиши тайиндир.
Шунинг билан бирга, ҳадиси шарифнинг бошидаги “Ҳар нарсанинг бир закоти бор...” иборасининг ўзиданоқ ҳар бир неъмат ва имкондан уни берган Аллоҳ таолога шукр маъносида бир закот беришимиз керак бўлишини тушунамиз.
Демак, соғлом тананинг шукрини рўза тутиб адо этишга ҳаракат қилганимиз каби ёшлик, бўш вақт, зако, қобилиятга ўхшаган неча имконларни ҳам Аллоҳ таолонинг неъмати билиб, уларга ҳам шукр этмоғимиз ва улардан закот бермоғимиз даркор бўлар экан.
Ҳар неъматнинг шукри ва закоти ўзининг жинсидан бўлмоғи эътиборига кўра, улардан ҳам Аллоҳнинг йўлида сарф этмоқ учун закотларини беришимиз лозим. Рамазон ойи бир ҳақиқат устида тафаккур этмоғимизни талаб этади. Рўза туфайли нафснинг хизматидан қутулганимиз бу баракотли ойда ақлимизни илм ва маърифат-ла, кўнглимизни илоҳий маърифат-ла, вақтимизни солиҳ амаллар-ла кечириб, ҳаммасининг закотини беришга ҳаракат қиламиз.
Омонатнинг асл соҳибини унутмайлик!
Закот бериш бир ерда инсоннинг нафсига юзланиб “Соҳиб бўлганинг бу мол аслида сеники эмас, фақат сенга бир имтиҳон учун муайян вақт сенга берилган бир омонатдир. Шундай экан, бу омонатнинг асл соҳибини унутма. ҳечқурса, бир қисмини У амр этган ерга бер”, демоғи учун василадир.
Айни шаклда рўза тутмоқ ҳам инсоннинг нафсига юзланиб: “Соҳиб бўлганинг бу бадан сенга омонат қилиб берилгандир. Ундан фақат ҳақиқий Соҳибининг амрига уйғун шаклда фойдаланиш ҳаққинг бор. Шундай экан, Раббингнинг амри ила шу бир ой давомида уни ҳалол неъматлардан узоқ тутганинг каби умринг бўйи ҳаром ва шубҳали таомларнинг ёки амалларнинг лаззатидан узоқ тутажаксан”, дейишга васила бўлади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шунга ишорат этиб, “Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Аллоҳга қасамки, рўзадорнинг оғзидан келадиган нохуш ҳид Аллоҳнинг ҳузурида мушку анбарнинг ҳидидан ҳам севимлироқдир. Рўзадор одамга икки марта севиниш насиб этади: биринчиси, ифтор қилганида; иккинчиси, рўзадорлик савоби билан Раббисининг қаршисида ҳозир бўлганида”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Мўмин учун бу дунё ҳаёти рўза тутишга ўхшаган амаллар билан чегаралаган. Ғофил инсонлар дунё ҳаётининг завқларини асл ғоя ҳолига келтириб олганлар, ҳалол-ҳаром демасдан тўғри келган ишни қилиб кетаверадилар. Аммо мўминлар ўзларини нафслари ёқтирган баъзи нарсалардан узоқ тутадилар. Буни ҳам фақат Раббининг ризоси учун қилади. Албатта, бундай қилиш билан айни замонда нафсини қийнайди. Шундан ҳам закот тушунчасининг яна бир маъноси намоён бўлади.
Раббимизнинг амрларини бажариш ва тақиқларидан қайтишнинг икки дунёда мукофоти бор. Аллоҳнинг амрларига итоат этган киши ҳам охиротда буюк мукофотга эришади ҳамда ундан олдин бу дунёда нафсини жиловлагани учун турли разилликлардан ва ҳаётини қадрсиз нарсаларга сарфлаб қўйиб кейин пушаймон бўлишдан қутулиб қолади.
Рўза бу маънода ҳам закотга ўхшайди. Чунки рўза тутган банда нафсини сабрга ўргатиб, уни сабрсизликдан ва унинг ортидан келадиган бало-қазолардан халос қилади.
Сабр – нафс хуш кўрадиган нарсалардан узоқ туриш ва қийин вазиятларда матонатли бўлмоқдир. Одатда нафсга ёқадиган нарсалар ҳар доим ер юзида лаззатланишлардан бўлгани учун тақвонинг ва гўзал ахлоқ соҳиби бўлишнинг йўли нафснинг орзуларига қарши сабрли бўлмоқдан бўлади. Шунингдек, маънавиятимизни инкишоф эттирган ибодатлар ва Аллоҳнинг динига хизмат каби солиҳ амаллар ҳам нафсга ёқмагани боис нафсни сабр билан тарбия қилинади. Нафсга сабрни ўргатиш, завқ ва орзуларга очиладиган “иштаҳа”дан покланмоқ жуда муҳим бир закотдир.
Нафсни итоатга ўргатиш ойи
Тасаввуф истилоҳида нафс деганимиз баданимизнинг орзу-ҳавасларининг маркази бўлган худбинлик моясидир. Ана шу моянинг қуввати еган-ичганимиздан келади. Инсоннинг қорни тўқ бўлса, яна бошқа орзу-ҳавасларга навбат келади. Емоқ-ичмоқни бир оз чеклаганимиз заҳоти нафс очлик дардига тушади, ҳар куни еб-ичишнинг нақадар буюк неъмат эканини англаб етади. Ана ўшанда узмирлиги камаяди ва уни итоат остига олиш осонлашади.
Агар танамиздан келган ҳавас ва иштаҳа сигналларини қувватли бир ирода остига олиб уларга ҳоким бўлмоқни истасак, бунинг энг самарали йўли рўза тутмоқдир. Чунки рўза очлик ва сувсизлик-ла нафснинг қувватини кесади, адашиб-улоқишдан воз кечтиради. Ундан сўнгра танамизга ҳоким бўлиб унга фойдали ишлар ва маънавий амаллар қилдириш мумкин бўлади. Солиҳ амаллар қилиш эса умрни баракасидир. Ана шу ерда закотнинг яна бир тури кўзга ташланади.
Закот айни замонда юксалиш, баракатланиш маъноларини ҳам англатади. Молдан берилган закот кўринишда молни камайтирган ўхшайди, Аммо Раббимиз ўша молни кўпайтириб қўйишининг хабарини берган: “Аллоҳ судхўрликни (фойдасини) йўқ қилади ва садақа (берувчиларга бойлик)ларни зиёда қилади” (Бақара, 276).
Одам боласи мол тўплашга ҳирсли бўлгани боис закот берса, молим камайиб кетади деб ўйлайди. Ҳолбуки, унга ўша молни берган Раббимиз истаса бир фалокат юбориб ҳаммасин қўлидан олади. Ёхуд киши молини қўриқлаб умрини қоровуллик билан ўтказади ва меросхўрларига ташлаб кетади. Асл юртига борганида қараса қўлида берган закоти ва садақаларидан бошқа ҳеч нарса кўрмайди.
Закотни берган мўмин эса боқадики, берганларининг ўрнини Раббиси янгилари билан зиёд қилиб тўлдириб қўйибди. Буни кўриб у янада кўпроқ закот беришни орзу қилади. Ва ниҳоят дунёда ҳам бирор зарар кўрмайди, охиротда эса буюк мукофотга эришади. Чунки Раббимиз амр этиб: “...Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ, 39) , деган.
Рўзанинг закотга шу жиҳатдан ҳам ўхшаш тарафи бор. Рўза тутишни ният қилишдан олдин шайтон инсонни: “Рўза тутиш қийин иш, чидай олмайсан. Рўзага ният қилиш сенинг эркинлигингни чеклаб қўяди, еб-ича олмайсан, бошқа кўнгихушликларни қила олмайсан... Айниқса, рўзангни очиб қўйсанг, 60 кун узмасдан рўза тутиб беришинг керак бўлиб қолади”, деб ваҳимага солади. Ваҳоланки, инсон Аллоҳга таваккал қилиб рўза тутишни ният қилганидан кейин Аллоҳ таоло унга чидаш учун куч-қувват бериб қўяди ҳамда маънавият ва баракат насиб айлайди.
Рўзадор киши бошқа ибодатлардан ҳам файз олади. Очлиги сабабли қалби юмшагани боис намозни ўқиётган чоқда хушу туяди. Фақирларнинг ҳолини англагани ва нафснинг очкўзлик ҳисси сўнгани учун закотини ҳеч қийналмасдан беради. Қуръони карим тиловатининг лаззатини ҳис қилади. Зикр, тасбеҳ ва дуолар қалбидан келади. Шу тариқа, рўза туфайли умрининг ҳақиқий ғоясини топади ва баракатга эришади. Ана шу тушунчалар рўзанинг маънавий зиёфатга даъват эканини намоён этади.
Рўза тутганга буюк мужда!
Албатта, худди закотда бўлгани каби нафсга зўр келадиган тарафи ҳам бор. Чунки бу ибодатлар тўғридан-тўғри нафсга дахл қилиб унга зўр келувчи вазифани юкламоқда. Савоби ҳам шунга яраша бўлади.
Ҳаммамиз биламизки, рўза ибодатининг савоби ҳақида Пайғамбар солаллоҳу алайҳи васаллам жуда кўп муждалар берганлар:
“Аллоҳ таоло: Рўзадор одам Мен учун ейишни, ичишни, жинсий орзусини тарк этади. Рўза фақат Мен учундир. Унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман. Шунингдек, бошқа гўзал амалларнинг ҳаммасининг савоби ўн баробар ортади”, дейди” (Имом Бухорий).
Ушбу ҳадиси шарифни тасаввуф алломаларидан бири Абу Бакр Муҳаммад Қулабузий раҳматуллоҳи алайҳ бундай изоҳлаган: “Аллоҳ таоло рўзани бандасининг душманининг шафқатсизлиги ва ҳисоб-китоб вақтида чалғитишга уринишидан ҳимоя қилиш учун ўзига олган. Мўминнинг амалларини рақиблари ўзлаштириб олиб унинг ҳеч бир амали қолмаганида Аллоҳ таоло девонга унинг Ўзи учун тутган рўзаларини келтиради. Шуни асос қилиб Рубубиятни ҳақ эттиради ва унга мукофотини беради. Чунки у рўзани Аллоҳ учун тутгандир, савоби ҳам Аллоҳнинг қудратига мос бўлиб Унга оиддир”.
Бинобарин, ҳеч биримиз амалларимиз Аллоҳнинг ҳузурида қабул бўлган-бўлмаганини билмаймиз. Балки нафс ва шайтон уларга бир неча хато ва нуқсонлар қўшиб юборган бўлиши мумкин. Масалан, намоз ўқиганда унинг вақтига риоя этмаган бўлишимиз, кўнглимизни хушу ила Аллоҳга қаратмаган бўлишимиз мумкин. Агар Раббимиз афв этмаса, улар билан юизмизга уриши тайин. Закот ва садақага берган пулларимиз ҳам шубҳали бўлгани боис ёки уларни берган чоқдаги риёкорлигмиз сабаб бўлиб рад этилиши мумкин.
Ана шу вақтда Раббимиз рўзамизнинг савобини келтиради. Агар ғийбат, ёмон сўзлар ва бошқа гуноҳлар билан зарар етказилмаган бўлса. рўза ибодатининг савоби боши-ю охири кўринмайдиган бир нур уммони каби келади.
Раббимиз “Унинг мукофоти Менга оиддир”, дедими, албатта у мукофот ҳисобсиз, чегарасиз бир мукофот бўлади.
Рўзани ана шу шуур ила тутайлик ва унинг биз учун буюк бир маънавий неъмат эканини унутмайлик.
Муаллиф: Хадича Кубро ЭРГИН
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
Муҳаммад Саид ибн Рамазон ибн Умар ибн Мурод ал-Бутий 1929 йилда Усмонийлар империяси таркибида бўлган, бугунги кунда Туркия Республикаси ҳудудига кирувчи Жизре (арабча: Жазират ибн ‘Умар, курдча: Cizîrê Botan) вилоятига қарашли Жалка қишлоғида таваллуд топган. Ушбу ҳудуд тарихан бой илмий ва маданий меросга эга бўлиб, кўплаб етук шахслар, айниқса ислом олимлари билан машҳур бўлган. Жизре ҳудуди ўзининг узоқ йиллик илм-фан ва маърифат анъаналари билан ажралиб туради. Тарихий манбаларда бу ерда яшаб ўтган кўплаб олимларнинг исмлари тилга олинади. Жумладан, буюк мусулмон тарихчиси ва "ал-Камил фīът-Тарих" асари муаллифи Ибнул-Асир (1160–1233), машҳур қироат олими Абул-Хойр Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Жазарий, механика ва техника соҳасида кашшоф сифатида танилган, "ал-Жамиʻ байнаал-ʻилм вал-ʻамал ан-нафиʻ фī ṣинаʻат ал-ḥиял" асари муаллифи Абул-‘Изз ибн Исма‘ил ар-Роззаз ал-Жазарий (вафоти 1206-йил) шулар жумласидандир.
Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий ана шундай юксак мартабали олимлардан биридир. У Ислом оламида асосан фиқҳ, даъватчилик фаолияти, асарлари ва сиёсат билан алоқаси сабабли машҳур бўлган. Унинг илмий мероси, асарлари ва илгари сурган ғоялари кўпинча Ғазолий билан қиёсланади [1].
Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий 1934-йилда оиласи билан Суриянинг Дамашқ шаҳрига ҳижрат қилган. Улар асосан курдлар истиқомат қиладиган Рукнуддин маҳалласига жойлашадилар. Бутий болалигидан Қуръон таълимини бошлайди ва атиги олти ой ичида Қуръонни тўлиқ хатм қилади. Кейинчалик отаси бош-қошлигида турли мадрасаларда диний илмлар билан шуғулланади. 1953-йилгача Шайх Ҳасан Ҳабанка ал-Майдоний бошчилигидаги "Ат-тавжиҳ ал-исломий" коллежида наҳв, мантиқ, балоғат, усул ва бошқа диний фанларни ўрганади.
1953-йилда Мисрнинг Азҳар университети Шариат факултетига ўқишга кириб, 1956-йилда тамомлайди. 1957-йилда Ҳумус шаҳрида диний маданият ўқитувчиси сифатида фаолият бошлайди. 1960-йилда Дамашқ университетининг Шариат факултетида ёрдамчи лавозимига тайинланади. 1965-йилда Азҳар университетида "Ислом ҳуқуқида "Маслаҳа" мавзусида докторлик диссертатсиясини "Мумтаз" (жуда а‘ло) баҳоси билан ҳимоя қилади. Шундан сўнг у Дамашқ университетида профессор унвонига эришиб, ислом ҳуқуқи, фиқҳ, ақида ва сийрат фанларидан сабоқ беради.
1970-йилда дотсент, 1975-йилда профессор, 1977-йилда эса Шариат факультети декани лавозимига тайинланиб, 1993-йилгача бу лавозимда ишлайди. У араб, курд, турк ва инглиз тилларини яхши билган. Академик фаолияти давомида у китоблари, телевидения, радио ва интернет орқали кенг оммага диний таълим етказган. Унинг Дамашқдаги йирик масжидлардаги ваъзлари кўп сонли кишиларни жамлаган.
Европалик тадқиқотчи Андреас Чристманн таъкидлаганидек, диний амалларга риоя қилмайдиган ҳатто мусулмон бўлмаган кишилар ҳам унинг маърузаларига қизиқиш билдирган [2]. 2005-йилда Дубай Қуръон Хизмат Кенгаши уни "Намунали Ислом Олими" деб эътироф этган. 2012-йилда эса Иордания Қироллик Академияси томонидан тузилган энг нуфузли 500 мусулмон рўйхатида 22-ўринни эгаллаган.
Бутий ақидада Ашъарий калом мактабига эргашган бўлиб, салафийлик оқимига танқидий ёндашуви билан машҳур эди. Фиқҳий йўналишда эса Шофиъий мазҳабига мансуб бўлган.
Бутийнинг илмий фаолиятида биринчи йирик ютуғи сифатида "ад-Давабитуъл-Маслаҳа фиъш-Шари‘атиъл-Исламийя" номли докторлик диссертатсияси бўлиб, бу асар Ислом ҳуқуқидаги "Маслаҳа" масаласини чуқур таҳлил қилгани сабабли тадқиқотчилар томонидан муҳим манба сифатида қадрланади.
Унинг асл шуҳрати эса "Фиқҳус-сийра" асари орқали кенг тарқалган. Ушбу китобда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари асосида шаръий ва фиқҳий хулосалар чиқарилиб, янгича илмий услубда тақдим этилган.
Tahrirchi Bot, [16.05.2025 12:30]
Бутий 70 га яқин китоб ва кўплаб мақолалар муаллифи бўлиб, Ислом уммати муаммоларига бағишланган "Абҳас фиъл-Кимме" номли ўнта рисоладан иборат тўплами ҳам эътибор қозонган. Бу рисолаларда у муаммоларга ечимларнинг ўзини эмас, балки уларнинг асл сабаблари, хусусан, Ғарб қаршисида мусулмонларнинг ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан орқада қолиш омилларини очиб беришга интилган.
У бутун умри давомида исломий фикр, ахлоқ ва маърифатни тарғиб этишда фидокорона хизмат қилган. Афсуски, бу юксак илм ва тақво соҳиби 2013 йил 21 март куни Дамашқдаги Имом масжидида дарс бераётган пайтида шаҳид бўлди. Унинг вафоти нафақат Сурияда, балки бутун Ислом оламида чуқур изтироб билан қабул қилинди. Шу тариқа Рамазон Бутий ўзининг бой илмий мероси ва мардонавор хизматлари билан мусулмон умматининг қалбида чуқур из қолдирди.
Муҳаммаддиёр МЎМИНОВ,
Тошкент Ислом институти 402-гуруҳ талабаси.
[1] Mahsum Aslan. Muhammed Said Ramazan el-Bûtî’nin hayatı, eserleri, ilmî kişiliği ve fıkıhçılığı "Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутийнинг Ҳаёти, Асарлари, Илмий Шахсияти ва Фиқҳчилиғи" номли магистрлик диссертациясидан. Дижла Университети, Социал фанлар институти, Диярбакир, қисқартирма, 2014.– Ж.1. — Б.1.
[2] Andreas Christmann. Islamic scholar and religious leader: A portrait of Shaykh Muhammad Sa’id Ramadan al-Būti “Musulmon Olim va Diniy Yetakchi: Shayx Muhammad Said Ramazon al-Butiy”, tarj. Muammer İskenderoğlu, Усул исломий тадқиқотлар журнали, Сон: 2, Июль-Декабрь, 2004. – 129-154, - Б.130.