“Сизларга муборак ой – Рамазон ташриф буюрди...” биз умматларга бу хабардан ҳам яхшироқ хушхабар бўлмаса керак. Ҳабибимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон борасида хабар бериб “муборак ой” дедилар. Дарҳақиқат, бу ой бутун инсониятга ҳар жиҳатдан мубораклик – барокатлар улашади. Рамазоннинг баракаси бутун оламлар Парвардигори бўлган Аллоҳ таолонинг буйруғини бажариш, сабр-қаноат, эҳсону саховат, инсонларнинг ҳолидан хабар, яқинлар қалбига сурур улашиш каби ишларда намоён бўлади.
Лекин биз Рамазоннинг бу барокатлари ҳақида эмас, балки ундан ҳам муҳимроқ барокати – унинг тақвога бўлган таъсири ҳақида сўз юритамиз. Нега айнан тақво дейсизми? Чунки Аллоҳ таоло биз бандаларга юборган диннинг асосини тақво ҳосил қилади. Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида шундай марҳамат қилади:
وَلَقَدْ وَصَّيْنَا الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ مِنْ قَبْلِكُمْ وَإِيَّاكُمْ أَنِ اتَّقُوا اللَّهَ
“Сизлардан олдинги Китоб берилганларга ва сизларга ҳам, Аллоҳга тақво қилингиз, деб амр қилганмиз”. (Нисо сураси, 131-оят)
Қолаверса, тақво инсонни бошқалардан фазилатли қиладиган, уни Ўз Роббисига яна ҳам яқинлаштирадиган хислатдир.
Тақво аслида сақламоқ, сақланмоқ, қўрқмоқ деганидир. Шундан келиб чиқиб “Тақво – инсоннинг Аллоҳ таоло буюрганларини бажариб, қайтарган нарсалардан ўзини сақлаши” десак тўғри бўлади.
Тақво – кишининг ўзи ва ундан қўрқадиган нарсаси ўртасида бир қалқон қилмоғидир. Банданинг Роббига бўлган тақвоси эса – банда ўзи билан Парвардигори ўртасида Унинг ғазаби, нафрати ва азобидан сақлайдиган ҳимоя ҳосил қилмоғидир. Бу ҳимояга эса Ўша Парвардигорнинг буйруқларини бажариб, қайтарганларидан қайтиш, Унга маҳбуб бўлган амалларни кўпайтирмоқ ила эришилади.
Энди эса Рамазоннинг тақвога боғлиқ жиҳатларини ўрганиб чиқсак:
Рўза фақатгина шаклий ибодат бўлмай, балки, рўзадан асл мақсад руҳиятни поклаш, тақвони кучайтиришдир.Аллоҳ таоло бандаларига рўзани фарз қилишининг асл мақсадларидан бири ҳам кишиларнинг тақво ҳосил қилишидир. Бунинг айни ҳақиқат эканини мўминларга Рўзани фарз қилиб тушган қуйидаги оятда кўришимиз мумкин:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
“Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз. (Бақара сураси, 183-оят)
Демак, Аллоҳ таоло рамазон рўзасини Ўзига яқинлаштирадиган ибодат бўлиши билан биргаликда инсонлар гуноҳларидан сақланиши, нафсларини тарбиялаб, руҳий оламини поклаши бунинг натижасида эса тақво ҳосил қиладиган сабаб ҳам қилган.
Рўза тутиш натижасида инсон ўз шаҳватларини кесади. Чунки шаҳватлар асоси кўп таом ейиш, рўзадор эса ўз-ўзидан таомларни камайтириш билан шаҳватлар эшигини ҳам ёпади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёшлар жамоасига қараб шундай хитоб қилган:
“Эй ёшлар жамоаси, сизлардан ким никоҳга қодир бўлса уйлансин! Албатта у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким унга қодир бўлмаса ўзига рўзани лозим тутсин. Чунки рўза у учун (сақловчи) пардадир”. (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти)
Муфассир уламоларимиз “шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” оятининг тафсирида қуйидагиларни айтишган:
“Рўза тақво ҳосил қиладиган сабабларнинг энг каттасидир. Чунки рўза тутишда Аллоҳ таолонинг амрини бажариш ва ман қилган нарсаларидан сақланиш рўёбга чиқади. Рўза тутиш кишининг тақвосига қуйидагича таъсир кўрсатади:
Энг асосийси, Рўза Аллоҳ таоло буюрган фарз ибодат бўлгани учун ҳам уни қилишнинг ўзи тақво ҳисобланади.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу “Аллоҳ таолога ҳақиқий тақво қилинглар”(Оли Имрон сураси, 102-оят) оятини тафсирида шундай дейдилар: “Ҳақиқий тақво – Аллоҳга исён қилмасдан итоат қилиш, эсдан чиқармасдан ёд этиш, неъматларига куфр қилмасдан шукр этишдир”.
Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Тақво соҳиблари – ҳаром қилинган ишлардан тийилган ва ўзларига фарз қилинган амалларни адо қилган кишилардир”.
Хулоса ўрнида, бугунги муборак Рамазон ойларида Аллоҳ таоло фарз қилган Рамазон рўзасини тутаётган, бошқа ибодатларни адо этаётган мусулмонларнинг барчасини тақво соҳиблари десак хато қилмаган бўламиз.
Элёржон АҲМАТҚУЛОВ,
ТИИ “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси
кабинет мудири.
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси