بسم الله الرحمن الرحيم
ЗАКОТ МОЛНИ ПОКЛАШ ДЕМАКДИР
Муҳтарам жамоат! Закот – исломнинг бешта асосий устунларидан учинчиси бўлиб, ҳижратнинг иккинчи йили шаввол ойида рамазон рўзаси ва фитр садақасидан сўнг фарз қилинган. Закот луғатда: поклик, кўпайиш, зиёда бўлиш ва барака маъноларида келади. Шаръий истилоҳда эса: “Муайян моллардан белгиланган бир бўлагини Аллоҳ таоло белгилаб берган бир тоифа мусулмон кишиларга мулк қилиб беришдир”. Закот сўзининг маъноларидан бевосита кўриниб турибдики, уни берган кишининг мол-у давлатининг қолган қисми фақир ва мискинларнинг ҳаққидан пок бўлади. Закоти берилган молга барака киради, шунингдек, кўпайиб, ўсиб бориб, зиёда бўлаверади. Закоти адо этилган молларни Аллоҳ таоло асрайди. Бу ҳаёт тажрибаларидан жуда кўп маротаба ўтган. Қуръони Каримнинг ўттиз икки жойида закот беришга буйруқ бўлиб, шундан йигирма саккизтаси намоз билан бирга зикр қилинган. Шу эътибордан закотнинг мартабаси намознинг мартабаси билан баробар десак ҳато қилмаймиз. Ҳолбуки, намоз диннинг устуни дейилади. Демак, мусулмон инсон намоз билан закотнинг орасини ажратмайди. Бу ҳақда Аллоҳ Таоло Қуръони каримда шундай деган:
وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
(سورة النور/56)
яъни: “Намозни тўкис адо қилинглар, закотни беринглар ва Расулга итоат қилинглар, шоядки, раҳм қилинсангиз”(Нур сураси, 56-оят).
Рамазон ойи хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи бўлганлиги учун ҳамда бу ойда бажариладиган барча амалларга ажрлар бир неча баробар кўпайтириб берилишидан умид қилиб мўъмин-мусулмонлар закотларини ушбу ойда беришга одатланишган.
Қуйидаги ояти карима закот бериш фарз эканлигига далил ҳисобланади.
خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِمْ بِهَا ...
(سورة التّوبة/103)
яъни: “Мол-мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг...”. (Тавба сураси, 103-оят)
Бойлар бир қисм молларини камбағалларга беришлари фарз қилинган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَالَّذِينَ فِي أَمْوَالِهِمْ حَقٌّ مَعْلُومٌ لِلسَّائِلِ وَالْمَحْرُومِ
(سورة المعارج/24-25)
яъни: “Уларнинг мол-мулкларида сўрагувчи ва бечора учун маълум ҳақ бордир” (Маъориж сураси, 24-25-оят)
Закот бой ва камбағални бир-бирига яқинлаштиради, бой киши ёрдам қилиш севинчи билан яшаса, камбағал эса ўз қалбида бойга нисбатан муҳаббат ва ҳурмат ҳиссини туяди ва хасислик ўртадан кўтарилади.
Закоти берилган мол ҳар қандай бало ва офатлардан сақланиши ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
عَنِ الْحَسَنِ الْبَصْرِي رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ "حَصِّنُوا أَمْوَالَكُمْ بِالزَّكَاةِ وَدَاوُوا مَرْضَاكُمْ بِالصَّدَقَةِ وَأَعِدُّوا لِلْبَلاءِ الدُّعَاءَ"
(رواه الإمام أبو داود)
яъни: “Молларингизни закот (беришлик) билан сақлангиз. Касалларингизни садақа (беришлик) билан даволангиз ва турли бало-офатларга дуони ҳозирлангиз” (Имом Абу Довуд ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "إِذَا أَدَيْتَ زَكَاةَ مَالِكَ فَقَدْ قَضَيْتَ مَا عَلَيْكَ"
(رواه الإمام الترمذي)
яъни: “Қачон молингни закотини адо қилсанг, албатта, зиммангдаги бурчни бажарибсан”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Закот зиммасига фарз бўлган кимса уни кечиктириш билан гуноҳкор бўлади. Чунки, закот фақирларнинг ҳаққи бўлиб, уни бермасдан ўзида ушлаб туриш мумкин эмасдир. Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ: “Закотни қасддан бермай кечиктириб юрган кишининг гувоҳлиги қабул қилинмайди” деганлар.
Шайтон закот берувчи кишига гўё молини қирқдан бирини берса, моли озайиб кетгандек туйилтириши мумкин. Бироқ молни фақирга бериш билан мол ҳаргиз камаймайди. Балки эгаси ўйламаган томонидан Аллоҳ таоло молини зиёда қилади. Бунга қўйидаги ҳадис яққол далил ҳисобланади:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
عَنْ أَبِي كَبْشَةَ الْأَنَّمَارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "مَا نَقَصَ مَالٌ مِنْ صَدَقَةٍ قَطُّ"
(رواه الإمام الترمذي)
яъни: “Мол-мулк садақа қилиш билан зинҳор камаймайди” (Имом Термизий ривояти).
Закотда закот берувчига ҳам, олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам кўплаб дунёвий ва ухровий фойдалар бор. Шунингдек, у туфайли мулкдор тарафнинг қалби, покланиб, руҳий томондан ўсиб бориши юзага келади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабални Яманга волий қилиб юбораётганларида шундай деганлар:
فَأعْلِمْهُمْ أنَّ اللهَ قَدِ افْتَرَضَ عَلَيْهِمْ صَدَقَةً تُؤخَذُ مِنْ أغْنِيَائِهِمْ فَتُرَدُّ عَلَى فُقَرَائِهِمْ
(رواه الإمام البخارى)
яъни: “Уларга билдиргинки, Аллоҳ таоло зиммаларига закотни фарз қилгандир. Закотни у ернинг бойларидан олиниб, камбағалларига берилур!”. (Имом Бухорий ривояти).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
عن أَنَسَ بْنَ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، يَقُولُ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "وَيْلٌ لِلأَغْنِيَاءِ مِنَ الْفُقَرَاءِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، يَقُولُونَ: رَبَّنَا، ظَلَمُونَا حُقُوقَنَا الَّتِي فُرِضَتْ لَنَا عَلَيْهِمْ، فَيَقُولُ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ: وَعِزَّتِي وَجَلالِي، لَأُدْنِيَنَّكُمْ وَلأُبَاعِدَنَّهُمْ"
(رواه الإمام الطبرني)
яъни: “Қиёмат куни йўқсиллар сабабли бойларнинг ҳолига вой! Қамбағаллар шундай дейдилар: “Парвардигоро! бой кишилар Сен бизга ажратиб берган ҳақларимизни бермасдан зулм қилдилар”. Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади: “Иззатим ва жалолим ҳаққи, сизни ўзимга яқинлаштираман, уларни эса узоқлаштираман” (Имом Табароний ривояти).
Имом Ғаззолий раҳматиллоҳу алайҳ айтадилар:
“Аллоҳ таоло ўз бандасига жон неъматини ва мол неъматини бергандир. Бадан ибодатлари жон неъматининг шукридир, молиявий ибодатлар эса, мол неъматининг шукридир”.
Закот бериши вожиб бўлган киши ўз вақтида закотини чиқариб бермаса, моли ҳалокатга учраши ҳақида Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُا قَالَتْ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "مَا خَالَطَتِ الْزَكَاةُ مَالًا قَطُّ إِلَّا أَهْلَكَتْهُ"
(رواه الإمام البخاري)
яъни: “Қачон бир молга закот аралашса, албатта, уни ҳалок қилади”
(Имом Бухорий ривояти). Демак, закот бериш қолган молнинг ўсишига, кўпайишига, энг муҳими, баракали бўлишига ва турли бало офатлардан сақланишига сабаб бўлади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло бир неча оятларида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бир қанча ҳадисларида бойнинг молида камбағалнинг улуши борлигини баён қилганлар. Шундай экан, ким молининг закотини хасислик ва оч кўзлик қилиб бермаса, барибир ўзи билмаган ҳолда камбағални ҳаққи уни молидан чиқиб кетади. Демак, камбағални ҳаққи барибир чиқиб кетар экан, ундан кўра закот вожиб бўлган вақтни ўзида закотини берган кимса ҳам зиммасидаги фарзни адо қилган бўлади ва закоти берилган молларга ваъда қилинган барча фазилатларга эришади. Дунё ва охиратдаги юксак даражаларга эришади.
Муҳтарам жамоат! Мавъизанинг ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар қисмида закотга тегишли баъзи масалалар ҳақида суҳбатлашамиз.
ЎМИ Фатво ҳайъати томонидан 2018 йилги закот нисоби 16 000 000 (ўн олти миллион) сўм этиб белгиланди.
Закот бериш ҳур, ақлирасо, балоғатга етган, мусулмон, нисоб миқдорича маблағга эга, нисобга эга бўлганига бир йил тўлган шахслар зиммасига фарз бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизга ибодатларни ўз вақтида адо қилувчилардан, закотни чин дилдан берувчилардан қилсин. Омин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги ташаббуси ҳамда йиллик иш режаси доирасида Самарқанд туманида маънавият, меҳр-шафқат ва хайр-саховат руҳи билан ёдда қоларли сайёр йиғилиш ўтказилди.
Йиғилиш аввалида вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашиб, сайёр тадбирларни мазмунли ва самарали ўтказиш бўйича муҳим кўрсатма ва тавсиялар берди. У киши ҳар бир имом-хатиб ва масъул шахсларга аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, уларнинг дарди ва эҳтиёжларини эшитиш ҳамда имкониятдан келиб чиқиб жойида ҳал этиш зарурлигини таъкидлади.
Шундан сўнг Хайрулло домла “Хўжа Аҳрори Вали” жоме масжиди имом-ноиби Умар домла Нажмиддинов ҳамроҳлигида туманнинг Мирзо Улуғбек маҳалласидаги оғир ижтимоий аҳволдаги, бемор ва ногиронлиги бор оилалар хонадонларига ташриф буюрдилар.
Ташрифлар давомида ҳар бир хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари етказилиб берилди, самимий мулоқот ва эзгу дуолар орқали муҳаббат ва миннатдорлик руҳи ҳукм сурди.
Шунингдек, вилоят ишчи гуруҳи Самарқанд туманидаги 6 та масжидда пешин намозини жамоат билан адо этиб, қуйидаги йўналишларда таъсирли маърузалар қилди:
Шу куни Хайрулло домла Саттаров “Хўжа Аҳрори Вали” жоме масжидида “Энг яхши инсон ким?” мавзусида юракларга нур ва руҳларга илҳом бағишлаган маънавий-маърифий маъруза қилди.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов ҳам иштирок этди.
Зайниддин домла ўз сўзида имом-хатиблар ва маҳалла фаолларига халқ билан яқин мулоқотни кучайтириш, масжидларни халқ ҳаётининг маънавий марказига айлантириш ҳамда хайр-эҳсон ва саховат ишларини изчил давом эттириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
У киши:
“Халқ билан бирдам бўлиш, уларнинг дардига шерик бўлиш — бу фақат имомнинг бурчи эмас, балки бутун жамоатнинг маънавий масъулиятидир,” — дея фикр билдирди.
Шунингдек, Зайниддин домла томонидан Самарқанд туманидаги 16 маҳалланинг ижтимоий аҳволи, аҳолининг эҳтиёжлари ва муаммоларини чуқур ўрганиш, масжид ҳужжатларини намунавий юритиш, ободончилик ишларини кучайтириш ҳамда жамоат билан мулоқот самарадорлигини ошириш бўйича аниқ йўналишлар белгилаб берилди.
Йиғилиш сўнгида раҳбарлар ва иштирокчилар юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги ва юртбошимиз бошчилигида олиб борилаётган хайрли ишларга зафарлар тилаб, биргаликда дуо қилдилар.
Бу сайёр йиғилиш нафақат амалий ёрдам, балки Самарқанд аҳли учун маънавий кўтаринкилик, бирдамлик ва келажакка ишонч руҳини уйғотган ёдда қоларли кун бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллги Матбуот хизмати