Рамазон – жаннат эшиклари очиладиган, дўзах эшиклари ёпиладиган, шайтонлар занжирланадиган, Аллоҳ солиҳ бандаларини ўтдан озод этадиган улуғ ой. Бу ой ибодатсиз, тоатсиз, куну соатлари ҳавода тўзғиган заррадек зое бўлиб кириб-чиқиб кетмасин. Бу ойда ибодатни тавбадан бошлаш мақсадга мувофиқ бўлади.
Тавбадан бошлашга маслаҳат бериш билан бирор кишини айбдорсиз демаймиз. Чунки йўлнинг аввали ҳам, ниҳояси ҳам тавбадир. Тавба – Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонга интилаётган кишининг биринчи ўриндаги амалидир. Демак, тавба кўпчилик ўйлаганидек, фақат осий ва хато қилувчиларнинг илтижо қилишидан иборат эмас. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Эй одамлар! Аллоҳга тавба қилинглар. Чунки мен Унга бир кунда юз бор тавба қиламан”[1], дедилар. Аллоҳ бандаларини тавбага буюрганда уларга иймон номи билан нидо қилиб деди:
“Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар”[2].
Барчамиз гуноҳкор бандалармиз. Аллоҳ субҳанаҳу таоло гуноҳларни кўп кечирувчи зот. Кундузда гуноҳ қилган тавба қилсин деб кечаси қўлини узатади, кечада гуноҳ қилган тавба этсин учун кундузи қўлини чўзади. Тавба қилувчиларнинг тавбасидан, осий ва гуноҳкорларнинг пушаймонидан мамнун бўлади. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, “Аллоҳ субҳанаҳу тавба қилмоқ учун Мағриб томондан эни етмиш йиллик бўлган эшик қилиб қўйди. Уни то қуёш Мағрибдан чиққунгача бекитмайди”[3]. Тавба осон ва енгил ишдир. Унда машаққат ва ҳаракат кўрсатиш йўқ. Тавба тийилиш ва пушаймондан иборат. Гуноҳ ишлардан тийилиш, буларнинг ўтмишда қилганига пушаймон, келгусида уларга қайтмасликка қарор қилиш бўлади.
Ўтган гуноҳларга пушаймон бўлиш, келгусида гуноҳларни тарк қилиш, сиз учун умрингизни қадрлаш ва ўтмиш билан келгуси вақт ўртасида ҳозир турган вақтингизни ислоҳ қилишни вожиб қилади. Чунки вақтни зое қилиб қўйиш нажотни бекор қилгандек бўлади. Агар уни юқорида зикр қилинган нарсалар билан сақлаб қолинса нажот топилади, роҳат, неъмат ва лаззатга эришилади. Инсон ўзининг вужудлигини фаҳмлай олиши зарур. Сафар озиғини тайёрлаш ва юриш учун ҳозирлик кўриш билан банд бўлиши лозим. Амал мавсуми бўлган рамазон ойида савобга эришиш учун ҳаракат қилиш, вақтни бой бермаслик керак. Ҳар бир киши ўз замони ва вақтининг қадру қийматини билмоғи зарурдир. Ундан биргина лаҳзасини ҳам бекорга ўтказмасин.
Аллоҳга ибодат қилишда улуғларимизнинг аҳволларидан хабардор бўлиб қўйишимиз зарар қилмайди. Уларни ёдга олсак, шоядки, бизда олийҳимматлик ва ибодатга мойиллик пайдо бўлса:
Муғийра розияллоҳу анҳу бундай дейдилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси намозда шунчалик узоқ турардиларки, ҳатто оёқлари шишиб кетар эди. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: Аллоҳ таоло сизнинг ўтган ва келгуси хатоларингизни мағфират қилган-ку, нега ўзингизни бунчалар қийнайсиз?” дейишганида, у зот: “Аллоҳ таолонинг шу меҳрибончилигига шукр қилувчи банда бўлмайманми?» дердилар»[4].
Абу Бакр розияллоҳу анҳу, хоссатан намозда ва Қуръон қироат қилганда кўп йиғлагувчи киши эдилар.
Умар розияллоҳу анҳунинг юзида йиғининг кўплигидан икки қора чизиқ пайдо бўлган эди.
Усмон розияллоҳу анҳу Қуръонни намозда узоқ ўқирди.
Али розияллоҳу анҳу меҳробида йиғлар, ҳатто соқоли кўз ёшлар билан ҳўл бўлиб кетарди. У: “Эй дунё! Мендан бошқани алда, сени қайтиши йўқ бўлган уч талоқ қўйдим”[5], дер эди.
Қатода Қуръонни доимо ҳар ҳафтада, Рамазонда ҳар уч кунда хатм қиларди.
Суфён Саврий қўрққанидан йиғларди.
Саид ибн Мусаййиб масжидни лозим тутган киши эди. Қирқ йил муддат давомида жамоат билан бир намоз ҳам у кишидан ўтиб кетмаган.
Рамазон ойи фурсатдир. Аллоҳ билан савдо қиладиган ойдир. Шундай экан, солиҳ амалларга, яхшиликларга, тоатга шошилайлик, Аллоҳ томонидан кўп фойда ва улкан савобларга эришамиз.
Рамазон иш бошловчилар енг шимариб киришадиган, тақводорлар ўз тайёргарлигини кўрадиган, ҳушёр инсонлар қўлга киритадиган энг улуғ фурсатдир. У қалби саломат, аъзолари тўғри, вақтини зарарли ва фойдасиз ишларда зое қилмайдиган киши учун гуноҳлар кечирилиш ойидир. Қуйида бу ой фурсатларини ғанимат билишга, уларни солиҳ амаллар билан обод этишга ёрдам берадиган баъзи ишларни ҳавола қиламиз:
Рўза одат эмас, ибодатдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки рамазонда иймон ва эҳтисоб билан рўза тутса ўтган гуноҳи кечирилур”[6], дедилар. “Иймон билан”нинг маъноси – Аллоҳга ва У рўза тутган кишиларга тайёрлаб қўйган нарсаларга ишониб, дегани, “эҳтисоб билан”нинг маъноси – Аллоҳнинг савобини излаб демакдир. Яъни, уни рўза тутишга риё, овоза қилиш, молу обрў талаби ундамаган.
Рамазон шукри вожиб бўлган неъмат. Аллоҳ умрингизни узайтириб бу улуғ ойга етиб келдингиз ва Аллоҳ сизни бу ажру савобларни касб этишга муяссар қилиб қўйди. Бу шукр қилиш лозим бўлган энг катта неъмат ва буни берганига Аллоҳга ҳамду сано айтиш вожиб.
Уйқу ва уйқусизлик. Рамазон саноқли кунлар ва кузатиладиган кечалардир. Кириб келади, қарабсизки кетишга шай турибди. Шунинг учун бу ойда тоат-ибодатга жидду жаҳд қилинг. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон кириб, гуноҳлари кечирилмасдан чиқиб кетган кишининг бурни ерга ишқалансин”, дедилар[7].
Қуръон тиловати. Рамазон Қуръон ойидир. Бу ойда Қуръон тиловатига ғайрат қилинг. Шошмасдан тартил, тадаббур ва хушуъ билан ўқинг. Имконингиз борича тиловат ҳукмларига риоя этинг.
Қиёмул-лайл (кечани қоим қилиш). Қиёмул-лайл асосан таровеҳ намози билан бўлади. Бу намозга рағбат қилиб, имом билан тўлиқ ўқимоқ лозим. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки имоми билан у кетгунига қадар турса, унга кечани қоим қилгани ёзилади”[8], деганлар.
Садақа. Рамазон ойидаги садақа бошқа ойлардагидан кўра фазилатлидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон кирса саховатлари ошиб кетар эди. Шундай экан, бу ойда ўзингизда эҳсону садақага шошилинг.
Рўзадорларни ифторлантириш. Рўзадорларни ифтор қилдиришга, мискин ва камбағалларни таомлантиришга қизиқиш керак. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки рўзадорга ифтор қилиб берса, унга рўзадорнинг ажридек савоб бўлади. Бу билан рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас”[9], деганлар.
Шунингдек, ғанимат бўлган амаллар сирасига масжидни лозим тутиш, иложи бўлса рамазонда умра қилиш, рамазоннинг охирги ўн кунида ғайратни янада ошириш, Қадр кечасидаги ибодатлар, зикр, дуо ва бошқа тоат-ибодатларни қоим қилиш киради.
Бу ғанимат дамлардан фойдаланиб қолшимизга Парвардигоримиз кўмак беришини сўраб қоламиз!
Рашидбек ЭРНАЗАРОВ,
Хоразм вилояти Боғот тумани бош имом-хатиби
Х асрнинг охири ва ХI асрнинг бошларида Хоразм ва Бухоро илмий муҳитида антик давр юнон фалсафаси ҳамда табиий фанлар меросини қайта кўриб чиқишга бўлган қизиқиш ниҳоятда кучайди. Аристотелнинг “Осмон ва олам ҳақида” ҳамда “Физика” асарларидаги айрим хулосалар ўша давр тадқиқотчилари томонидан сўзсиз ҳақиқат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда, тахминан 24–26 ёшлардаги Беруний антик муаллифнинг айрим қарашларини амалий кузатув ва математик мантиқ ёрдамида шубҳа остига олди. Беруний ўз эътирозлари ва саволларини хат орқали Бухорода яшаб ижод қилаётган, ўша вақтда 17–19 ёшларда бўлган Ибн Синога юборди. Ушбу тарихий мулоқотнинг бизгача етиб келган матни Ибн Синонинг Беруний томонидан берилган саволларга қатор жавобларидан иборат. Манбашунос ва шарқшунос Ю.Завадовский ушбу қўлёзма матнини рус тилига ўгирган ва у илк бор 1957 йилда Тошкентда нашр этилган. Кейинчалик, 1973 йилда Беруний таваллудининг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан фалсафа фанлари номзоди А.Шарипов томонидан тайёрланган қайта нашрда ушбу ёзишмаларнинг илмий аҳамияти янада аниқроқ ёритилган.
Берунийни Аристотель таълимотидаги баъзи физик қоидаларнинг кузатув ва тажрибага зид келиши алоҳида ташвишга солган эди. Хусусан, “Физика” бўлимига оид саволлар орасида моддаларнинг нур синдириши ва иссиқлик йиғиш хусусиятига оид аниқ тажриба баён қилинади. Хоразмлик олим думалоқ ва шаффоф шиша идишни олиб, уни сув билан тўлдирганда у биллур лупа каби қуёш нурларини бир нуқтага тўплаб, аланга олдириш хусусиятига эга бўлишини кўрсатиб ўтади. Агар ушбу идиш сув ўрнига ҳаво билан тўлдирилса, ҳеч қандай нур йиғилмайди ва олов ҳосил бўлмайди. Беруний Ибн Синога мурожаат қилиб, сувнинг бундай ўзига хос таъсир кўрсатиши сабабини ва нега айнан сув мавжуд бўлганда нурлар тўпланишини сўрайди. Шарқшунос А.Шарипов тадқиқотларида таъкидланганидек, бу каби саволлар Берунийнинг шунчаки назарий мулоҳаза юритмагани, балки аниқ физик ҳодисаларни тажрибада текшириб кўрганини тасдиқлайди.
Ибн Сино Берунийнинг бу саволига жавоб берар экан, сувнинг табиатан тиниқ, зич ва силлиқ жисм эканини, шу сабабли у ўзидан ўтаётган нурни акслантириш ва қайтариш хусусиятига эгалигини тушунтиради. Оптимика масалаларида олимлар ўртасидаги баҳс Платон ва Аристотель мактабларининг қарашларини қиёслаш даражасигача етиб боради. Ибн Сино кўриш жараёни кўздан нур чиқиши орқали юз бермайди деган Аристотель позициясини ҳимоя қилади ва бу борада Платон қарашларидан фарқли ёндашувни илгари суради.
Берунийнинг яна бир эътиборга лойиқ тажрибавий саволи сув ва музнинг зичлиги ҳамда оғирлиги ўртасидаги муносабатга бағишланган. Аристотель назариясига кўра, совуқ ва тошсимон қаттиқ шаклга эга бўлган муз ўз моҳиятига кўра тупроқ элементига яқинроқ бўлиши ва сув тубига чўкиши керак эди. Лекин Беруний амалиётда музнинг сув юзида сузиб юришини кўриб, бу ҳодисанинг физик сабабини сўрайди. Ибн Сино ўз жавобида сув музлаган пайтда унинг таркибида ҳаво зарралари қотиб қолишини ва айнан шу суюқлик ичидаги ҳаво пуфакчалари музни сув тубига чўкишига йўл қўймаслигини таъкидлайди. Ю.Завадовский томонидан ўрганилган ушбу оммавий мунозара ўша давр учун моддаларнинг физик ҳолати ва термодинамика бошланғич тушунчалари бўйича муҳим қадам эди.
Космология ва фазовий геометрия соҳасида ҳам Беруний Аристотель даъволарини жиддий синовдан ўтказади. Аристотель фазода осмон сфераси оғирликка ҳам, енгилликка ҳам эга эмас, чунки у марказга ёки марказдан атрофга ҳаракат қилмайди деб ҳисоблар эди. Беруний эса хаёлий тафаккур нуқтаи назаридан осмон жисми энг оғир жисмлардан бири бўлиши мумкинлигини, унинг марказга тушмаслиги унинг вазнсизлигини англатмаслигини илгари суради. Шунингдек, Беруний фазо шакли борасида ҳам тўхталиб, осмон сфераси мукаммал шарсимон бўлиши шартлиги, у тухумсимон ёки ясмиқсимон шаклда ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Ибн Сино эса геометрия ва физика далилларини келтириб, агар сфера шарсимон бўлмаса, унинг ҳаракати пайтида бўшлиқ ҳосил бўлиши заруриятини исботлашга уринади.
Аристотелнинг фазода оламнинг ўнг ва чап томонлари ҳақидаги қарашлари ҳам Берунийнинг кескин танқидига учрайди. Аристотель жисмнинг ўнг томони ҳаракат бошланадиган жой деб таъриф бериб, кейинчалик Осмон ҳаракати шарқдан бошланади, демак Шарқ – бу ўнг томон деган хулоса чиқарган эди. Беруний бундай хулоса чиқариш логикада “мантиқий айлана” хатолигига олиб келишини кўрсатиб ўтади. Ибн Сино ўз жавобида Аристотель осмон сферасини тирик жисм сифатида тасаввур қилганини айтиб, антик муаллиф мантиғини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.
Ушбу ёзишмалар матни Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг 2385-рақамли қўлёзмалар фондида сақланиб қолган. Мазкур манбанинг бизгача етиб келишида хатларни кўчириб ёзган фақиҳ Маъсумийнинг хизмати борлиги хат охиридаги қайдларда эслатиб ўтилади. Ю.Завадовский ва А.Шарипов тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ХI аср бошидаги бу илмий баҳс нафақат икки мутафаккирнинг шахсий мулоқоти, балки Туронда табиатшунослик фанлари ва кузатув тажрибаларига асосланган янги илмий услуб шаклланганининг тарихий исботидир.
Беруний ва Ибн Сино ўртасидаги ёзишмалар Х-ХI асрларда Хоразм ва Бухорода шаклланган илмий тафаккур даражаси антик давр фалсафасини шунчаки ўзлаштириш билан чекланмай, уни аниқ тажриба ва мантиқий таҳлил воситасида танқидий қайта кўриб чиқиш босқичига кўтарилганини англатади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати