Бу моҳи шарифни ҳар бир мусулмон яхши кутиб олиб, ҳурмат-иззатини жойига қўйган ҳолда кузатишни орзу қилади. Бунинг учун у аввало рамазоннинг фазилатларидан хабардор бўлмоғи лозим. Чунки рўза ойи ҳар йилда бир келиб кетадиган азиз меҳмон.
Уйингизга бирор меҳмон келадиган бўлса, уни яхши кутиб олиб, хурматини жойига қўйиб, кўнгилдагидек кузатиш учун бор имкониятларингизни ишга соласиз. Худди шунингдек, моҳи рамазонни ҳам иштиёқ ва ихлос билан кутиб олиб, шу ойда қўлимиздан келганича солиҳ амалларни қилишга ҳаракат этмоғимиз лозим. Ҳар бир мусулмон бу ойда ўзининг имон ва ихлосини чархлаб, унга сайқал бериб, эътиқоду имони нурини зиёда қилиб олиш зарур.
Рўза инсонни ҳалолликка даъват этади, унинг қалбини тозалайди. Зеро, Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган: “Эй, имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат) ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза фарз қилинди”(Бақара,183).
Салмони Форсий розияллоҳу анҳу бундай дедилар. Яъни: “Шаъбон ойининг охирги куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга хутба ўқиб бўлганидан кейин: “Эй одамлар! Сизларга энг улуғ ва барокатли ой соя солиб келмоқда. У ойда бир кеча борки, у кеча минг ойдан афзалдир. Аллоҳ таоло у ойда рўза тутишни фарз, кечасида намоз ўқишни нафл қилган. У ойда кимда ким бирор бир нафл амал қилса, бошқа ойда фарз амалини адо қилган билан тенг бўлади, кимда ким бу ойда бирор фарз амалини адо этса, бошқа ойда етмишта фарз амалини адо қилган билан тенг бўлади. У- сабр ойи. Сабрнинг мукофоти эса жаннатдир. У- хайр эхсон улашадиган ой. У ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки у ойда бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч қанча кам бўлмаган савоб берилади”, дедилар. Шунда биз: “Ё Расулуллоҳ! Биз ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймиз-ку”, дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса бир ҳўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига беради. Кимки рўзадорни қорнини тўйғазса Аллоҳ қиёматда унга ҳавзи кавсардан бир қултум сув ичиради, натижада у то жаннатга киргунича чанқамайди”, дедилар.
Рамазон шариф – тоат-ибодат, қут-барака, бахт-саодат ойи. Шунинг билан бирга, бу ойда гуноҳлар ювилажак, тавба-тазаррулар, чин ихлос ва эътиқод ила қилинган дуолар мустажоб бўлиб, қалблар таскин топажак.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қилиб айтадилар: “Кимки рамазон ойида рўзанинг фарзлигига ишонган ва Аллоҳ таолонинг розилигини истаган ҳолда рўза тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади” (Бухорий ривояти).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар: “Бу ой шундай ойки, аввали – биринчи ўн кунлиги раҳмат, иккинчи ўн кунлиги – мағфират ва учинчи ўн кунлиги – дўзахдан нажотдир”.
Аллоҳнинг раҳмати тушган қалб эгаси Ҳақдан адашмайди, дунёнинг зеб-зийнатлари ва ҳою ҳавасларига алданмайди, ҳақиқатга хиёнат қилмайди. Шунингдек, Аллоҳнинг раҳмати ёғилган оила эса, албатта, баракотли ва файзли бўлади, унда меҳр-муҳаббат, ўзаро вафодорлик ҳукмронлик қилади.
Бир куни Расулуллоҳ алайҳиссалом жума хутбасини ўқиш учун минбарга кўтарилаётганларида уч марта “омин” дедилар. Бу “омин”ларнинг сирини сўраганларида, жаноб Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Минбарга чиқаётганимда биродарим Жаброил Амин келди ва қулоғимга: “Рамазонга соғ-саломат етиб келиб, имкониятлари бўла туриб, гуноҳларидан янги туғилган гўдакдек пок бўлмаган кишининг бурни ерга ишқалсин”, деди. Мен “омин” дедим. Кейин: “Ота-онасини ёки уларнинг бирини ёши улуғликка етганда топса-ю, уларнинг хизматини қилиб, розилигини олмаган кишининг бурни ерга ишқалсин”, деди. Мен яна “омин” дедим. Кейин яна: “Сизнинг муборак номингизни эшитиб, салавот айтмаган кишининг бурни ерга ишқалсин”, деди. Мен яна “омин” дедим”. “Бурни ерга ишқалсин”нинг маъносини: эртага кўп афсус ва надомат чексин, маҳшаргоҳда шарманда бўлсин ҳамда хижолатга қолсин деб таъвил қилиш мумкин.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўзаси мен учундир ва унинг мукофотини Ўзим берурман, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки урушмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бор. Бири ифтор вақтида, иккинчиси Парвардигорга йўлиққанида”, дедилар (Бешовлари ривоят қилган). Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар: “Албатта, жаннатда “Раййон” деган эшик бор. У эшикдан қиёмат кунида рўзадорларгина киради. Улардан бошқа кимса кирмайди. Улар кириб бўлганларидан сўнг у эшик ёпилади, улардан бошқа кимса у эшикдан кирмайди”. Бу ой Парвардигори оламнинг абадий туганмас неъмати бўлмиш жаннатига етишишимиз учун берилган улкан бир неъматдир. Аллоҳ таоло барчамизга бу ойни ғанимат билишга тавфиқ берсин.
Рашидбек ЭРНАЗАРОВ,
Хоразм вилояти Боғот тумани бош имом-хатиби
#Мустақилликнинг 35 йиллиги
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.
Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.
Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).
Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.
Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.
Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.
Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).
Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.
Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.
Исомиддин АҲРОРОВ