frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Рамазон – ибодат мавсуми

22.05.2018   45349   3 min.
Рамазон – ибодат мавсуми

Эзгулик ва эҳсон, ибодат мавсуми Рамазонга етганимиз улуғ бир неъмат. Аллоҳ таоло бу ойда гуноҳлардан покланишимиз, нафсларимизни тарбиялаб, тоатларга ўргатишимиз учун бизга рўзани фарз қилди, Қуръон тиловатига, кечалари қоим бўлишга, хайр-эҳсон қилишга ундади.

Шубҳасиз, бу ойнинг энг улуғ ибодати рўзадир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Одам боласининг ҳар бир (яхши) амали савоби ўн баробардан етти юз баробаргача кўпайтириб берилади. Аллоҳ таоло айтди: “Фақат рўза мустасно. Албатта, у Мен учун ва унга Ўзим мукофот бераман. Банда шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилади”” (Имом Муслим ривояти).

Рўза инсонни ёлғизликда ҳам, одамлар орасида ҳам Аллоҳ таолони унутмасликка, тоатларга сабрли бўлишга, доим гўзал хулқли бўлишга, Аллоҳ қайтарган нарсалардан узоқ бўлишга ўргатади.

Рамазон – таровиҳ ойи. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мағфиратга ноил бўлиш, ажру савобларни кўпайтириб олиш учун бу ой кечаларида ибодат билан қоим бўлишга тарғиб қилиб: “Ким Рамазон кечалари имон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Тунги намоз мўминлар шарафи, солиҳлар одати, обидлар унсидир. У бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи энг афзал амалдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Тунги намозни канда қилманг. У сизлардан олдин ўтган солиҳлар одати, Раббинггизга яқинлик, гуноҳларга каффорат, маъсиятлардан қайтарувчидир” (Имом Аҳмад ва Термизий ривояти).

Рамазон – Қуръон ойи. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир(Бақара, 185). Рўзадор бу ойни Қуръони карим тиловати учун ғанимат билиши керак. Қуръон рўзадорга шафоатчи ва гувоҳдир. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Рўза ва Қуръон қиёмат кунида бандага шафоат қилади. Рўза: “Эй Раббим, мен уни кундузи таомдан ва шаҳватлардан тийдим, мени унга шафоатчи қил”, дейди. Қуръон: “Мен уни тунда уйқудан қолдирдим, мени унга шафоатчи қил”, дейди ва иккалови шафоатчи қилинади” (Имом Аҳмад ва Табароний ривояти).

Рамазон – хайру саховат ойи. Бу ойда бошқа ойларга қараганда кўпроқ саховат кўрсатишга тарғиб қилинган. Зеро бу ойда қилинган садақа ва эҳсонлар савоблари кўпайтириб берилади. “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг сахийи эдилар. У зотнинг энг сахий бўладиган вақтлари Рамазонда – Жаброил (алайҳиссалом) билан учрашганларида бўлар эди. У зот Жаброил (алайҳиссалом) билан Рамазоннинг ҳар тунида учрашиб, Қуръонни дарс қилишар эди. Ўшанда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саховатда эсаётган шамолдан-да тез бўлиб кетар эдилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

 Жамшид Шодиев тайёрлади.

 

Рамазон-2018
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Малайзия телеканалида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми имкониятлари кенг ёритилди

17.08.2026   2551   2 min.
Малайзия телеканалида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми имкониятлари кенг ёритилди

Малайзиянинг “Berita RTM” телеканалида Ўзбекистонда зиёрат туризми соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган махсус дастур намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида эфирга узатилган ушбу кўрсатувда малайзиялик профессорлар – Бадрул Иса ва Норфадилаҳ Камаруддин томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон–Малайзия: креатив туризм” номли лойиҳа тақдим этилди.

Олимлар ташаббуси билан яратилган мазкур лойиҳа мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси, Туризм қўмитаси ва Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида амалга оширилди.

Ташаббус Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари ҳақида “Visual storytelling” форматида профессионал рақамли контент яратишни назарда тутади.

Лойиҳага кўра, 17–31 август кунлари Малайзия UiTM технология университетининг профессионал фотографлари ва дизайнерларидан иборат ижодий жамоа Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразмда суратга олиш ишларини олиб боради.

Малайзиялик ижодкорлар юртимиз ҳақида тайёрлаган фото ва видеоматериаллар “Instagram”, “Facebook”, “TikTok”, “YouTube” каби интернет платформаларда жойлаштирилиши режалаштирилган. Лойиҳада юртимиз олий ўқув юртларининг дизайн, санъат, туризм ва меҳмонхона бизнеси йўналишидаги талабалари ҳам иштирок этади. Бу академик, туризм ва ижодий соҳаларда тажриба алмашишни ташкил этиш имконини беради.

Дастурда фикр билдирган Бадрул Иса лойиҳа АСЕАН мамлакатлари ва мусулмон оламида Ўзбекистонни янада кенгроқ танитишга хизмат қилишини таъкидлади. Унинг фикрича, рақамли платформалар орқали мамлакатимиз тарихий мероси, зиёрат туризми ва амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришлари кенг ёритилади.

“Биз бой тарихий мерос, юксак маданият ва меҳмондўст халққа эга бўлган Ўзбекистонни АСЕАН минтақаси аҳолиси томонидан қайта кашф этилишини истаймиз”, – деди профессор.

Шунингдек, у Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклаб, лойиҳа натижалари ушбу санага муносиб совға бўлишини қайд этди.

Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг зиёрат туризмини оммалаштириш ва АСЕАН мамлакатларидан кўпроқ сайёҳларни жалб қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари