Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “(Мутлоқ) ҳукмронлик “қўли”да бўлган зот – Аллоҳ барокатли (буюк)дир ва У ҳар нарсага қодирдир. (У) сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У Азиз (қудратли) ва Ғофур (кечиримли)дир” (Мулк сураси, 1–2 -оятлар).
Демак, Парвардигоримиз инсонга ҳаёт ҳақини бериш билан бирга, унга ҳаётдаги масъулиятни ҳам юклаган. Бу масъулият иложи борича кўпроқ яхшилик қилиш билан белгиланади.
Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир гуноҳ. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир” (Моида сураси, 32-оят).
Имом Насафий айтади: “Баъзи жоҳиллар каби одам ўзини ўзи ўлдирмаслиги керак”. Ўз жонига қасд қилиш ва бошқа одамларнинг ҳаётига зомин бўлиш ислом асосларига кўра оғир гуноҳ бўлиб, унга ҳаттоки жаноза ҳам буюрилмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ким ўзини-ўзи бўғиб ўлдирса, дўзахда ҳам шу хил азобга қолади ва ким ўзини олов билан ўлдирса, дўзах оловида ҳам худди шундай азобга қолади” (Имом Бухорий ривояти).
Ислом динида бировни ўлдириш қанчалик оғир жиноят деб тан олиниши билан бирга ўзини ўзи ўлдириш ҳам шунчалик гуноҳ деб огоҳлантирилади. Ўзини ўлдириш ва зулмдан қайтариб Аллоҳ таоло шундай хитоб қилади: “Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирларингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм шафқатлидир. Кимда-ким (қотиллик)ни адоват ва зулм юзасидан қилса, албатта, биз уни дўзахда куйдирамиз. Бу (эса) Аллоҳга осондир” (Нисо сураси, 29–30-оятлар).
Ислом таълимотида нафақат ўзини ўзи ўлдириш, балки ўзига ўзи ўлим тилаш ҳам тақиқланган. Ўзига ўлим тилаган саҳобийлардан бири Аббос ибн Абдулмуталлиб розияллоҳу анҳуга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Амаки, ўзингга ўлим тилама, агар сен яхши бўлсанг, ўлиминг орқага сурилиб яхшилигинг зиёда бўлгани сен учун яхшидир. Агар ёмон бўлсанг, ўлиминг орқага сурилиб ёмонлигингдан қайтишинг, сен учун яхшироқдир. Бас, ўлимни тилама”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Демак, инсон умри қадрли, унга ҳеч кимнинг тажовуз қилишга ҳаққи йўқ. Шундай экан, ҳаётимиз давомида дуч келадиган баъзи зиддиятлар, қийинчиликлар ва тушунмовчиликлар домига тушиб қолмасдан, Аллоҳдан мадад сўраган ҳолда динимиз буюрган амаллар билан муаммоларни ечишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Халқ манфаати, Ватанимизнинг янада ривожланиши йўлида қўлимиздан келганча хайрли ишларда бардавом бўлсак, дунё ва охиратда бизга ҳалол таълим ва тарбия берган ота-онамизнинг, қолаверса, ўзимизнинг юзимиз ёруғ ва қадримиз баланд бўлади, иншоаллоҳ.
Наргиза АБДУҒАНИ қизи,
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти катта ўқитувчиси
Дунё илм-фан ривожида Ислом маърифати ва маданиятининг ўрни беқиёсдир. Кўплаб алломалар ва уламоларнинг маънавий-илмий асарлари ўз давридан ҳозирги вақтгача аҳамиятини йўқотмасдан илм-фан тараққиётига муҳим манба сифатида эътироф этиб келинмоқда. Умумжаҳон эъзозлаган олимлар ва уламолар Боғдод, Дамашқ, Самарканд, Бухоро, Гранада ва Триполи каби шаҳарларда яшаб ижод қилганлар. Улар: Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Имом Мотуридий, Маҳмуд Замаҳшарий каби уламолар динимиз ривожига ҳисса қўшган. Аббосийлар давридан бошлаб Триполи шаҳри мана бир неча асрдирки илм-фан маркази бўлиб қолмоқда. Фотимийлар даврида эса Триполи шаҳри пойтахт бўлди. Ҳалифа Ибн Аммор Триполини илм марказига айлантирди ва ўз даврининг энг йирик кутубхоналаридан бири очилди. Манбаларга кўра унда юз минг жилд китоб мавжуд эди. Унинг даврида олимлар, уламолар ва ёзувчилар улуғланган. Уларга ғамхўрлик қилинган ва алоҳида ҳалифа эътирофида бўлишган.
Ҳозирги кунда ҳам Триполида нуфузли халқаро ташкилотлар, университетлар, кутубхоналар ва илмий тадқиқот марказлари фаолият юритиб келмоқда. Шаҳар уламолар, олимлар, тадқиқотчилар ва талабалар билан гавжум. Пойтахтнинг ўзида 100 дан кўп нуфузли университетлар мавжуд. Триполи университети эса ўзида ҳам диний ва дунёвий илмларни жамлагани билан бошқа университетлардан ажралиб туради. Ушбу даргоҳ “200 нуфузли Ислом университетлари” рўйхатига киритилган. Триполи университети 1957 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда 70 000 дан ортиқ талабалар бу даргоҳда таълим олиб келишмоқда. У турли йўналишдаги 20 та коллежни бирлаштиради. Исломшунослик, Илоҳият, Фиқҳ, Ҳуқуқшунослик, Тиббиёт, Хорижий тиллар ва Иқтисодиёт каби факультетлардан ташкил топган. Триполи университети динимиз қадриятлари доирасида ривожланишни ва илмий тадқиқотларни қўлловчи таълим муассасасидир. Университетнинг мақсади талабаларга Ислом дини ва ахкомлари асосида илмий ва ахлоқий таълим бериш ва турли дунёвий билимларни ўргатишдир. Триполи университетининг ўзига ҳос жихати шундаки ҳар бир талаба молиявий саводхонлик ва тадбиркорликни ўрганиши шарт. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи талабалар университет томонидан рағбатлантирилади.
Исломшунослик йўналиши талабалари ўқув дастури давомида Қурони каримни тўлиқ ёд олиши, шариат асосларини ўрганиши, Ислом тарихи, Ҳадис илми, Мерос тақсимоти, оғзаки ва ёзма нутқ санъати каби фанларни ўзлаштириши талаб қилинади. Исломнинг соф фитратини намойиш этиш, илм олиш ва уни улашиш ушбу йўналиш факультетининг мақсадидир. Адашган оқимлар ва экстремистик қарашдаги гуруҳларни Қурон ва ҳадис орқали эзгу йўлга чорлаш уларнинг вазифасидир.
Триполи университетида 3450 та илмий нашр фаолият кўрсатади. Уларда талабаларнинг илмий ишлари, амалиёт ва тадқиқотлар натижалари келтирилган. Мисол тариқасида, “Ислом таълимини ўрганишда Қуръони Каримнинг таъсири”, Aҳмад Aбдул Салам Aбу Мозириқнинг “Иршод ал-Ҳирон” китоби ҳақида, Шайх Aбу Aбдуллоҳ Муҳаммад бин Aли ал-Хорубийнинг “Риёд ал-Aзҳар” ва “Сирлар хазинаси”нинг лингвистик талқини каби илмий изланишлар ва мақолалар нашрлар орқали кенг оммага бериб борилади.
Шоҳруҳ УБАЙДУЛЛОҲ