Ислом дини таълимотида нимаки яхши деб буюрилган бўлса, у яхши, нимаки ёмон деб қайтарилган бўлса ўша нарса ёмондир. Динимиз аҳкомлари инсонни дини, жони, ақли, насли ва саломатлигига, умуман айтганда, ҳаётига зарар етказишга сабаб бўлувчи барча нарсаларни ёмон деб ўша нарсалардан қайтарган, қайтарибгина қолмасдан, балки ҳаром деб эълон қилган. Булардан бири гиёҳванд моддалардир. Зеро, гиёҳвандлик инсоният келажагининг кушандасидир.
Аллоҳ таоло “Аъроф” сурасининг 157-оятида:
“... У (Пайғамбар) уларни (инсонларни) яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади...”, деб марҳамат қилади
.Ҳозирги вақтда гиёҳвандлик балоси инсоният ҳаётига жиддий хавф солаётган, унинг азиз ва мукаррамлигига путур етказаётган машъум иллатлардан бўлиб турибди.
Гиёҳвандлик Аллоҳ таолo инсонга ато этган жон, жисм, ақл ва мол-мулк каби неъматларининг заволига сабаб бўлаётганини бугун ҳамма яхши тушуниб турибди. Бироқ, шунга қарамай, бу нарсалар кўпайса кўпайяптики, лекин камаймаяпти. Наркотик модда истеъмол қилиб юрганлар орасида эркагу аёл ҳам, ёшу қари ҳам, мактаб, коллеж, лицей, институт, университет талабалари ҳам топиляпти. Бунинг сабаби нима? Бунинг сабаби – Аллоҳ ва Унинг Расулининг амрига юрмаслик, қиёмат ва охиратдаги сўроқ-саволдан қўрқмасликдир. Инсон нафсини жиловлай олмаяпти. Демак, бу борада бизга энг катта ёрдам берадиган муолажа руҳий тарбиядир. Ҳар биримиз ўзимизнинг, фарзандларимизнинг руҳий тарбияси билан жиддий шуғулланмоғимиз керак, чунки инсон ўз нафсини жиловлай олсагина бу ажал оғусидан ўзини тўхтата олади. Нима учун кўпчилик бу заҳри қотилни тотиб кўради? Чунки улар мана шу тамаки маҳсулотлари ёки гиёҳванд моддалари билан ҳаётдаги муаммоларимни, ғам-ташвишларимни бироз унутаман, асабим бузилиб, юрагимнинг сиқилганини аритаман деб ўйлашади. Ваҳоланки, уларни истеъмол қилган билан бу муаммолар йўқолмайди, бу ташвишлар бартараф бўлмайди, инсон ўзини ўзи алдаб, қисқагина фурсат уларни эсидан чиқаради, холос. Ожизу нотавон инсон буни билиб туриб, ўзини ажал домига ташлайди.
Инсонга зарар келтирувчи нарсалардан айниқса энг улуғ неъмат саналмиш ақлни кетказувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарса динимизда ҳаром қилинган. Бу ҳақда Умму Салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у зот айтдилар:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Ҳозирда айрим ёшлар орасида (“Трамадол”, “Лирика” каби) психотроп дори воситалари истеъмолига одатланиш ҳолатлари учрамоқда. Ваҳоланки, бу дори воситаларида гиёҳванд моддаларидаги каби ўзига ўргатиб қўйишдек хусусият бор. Табиийки, бу гиёҳвандликнинг янгича кўринишини пайдо қилади. Динимизда ҳар қандай бўшаштирувчи ва маст қилувчи воситалар ҳаром қилинган!
Динимизда инсон саломатлиги учун, умуман одамнинг ўзи ва атрофдагиларга зарарли бўлган ишлар ҳаром қилинган. Жумладан, ҳозирда айрим ёшлар ўртасида авж олаётган чилим чекиш одати ҳам шариатимиз томонидан қатъий қораланади. Чунки ушбу одат инсон саломатлигига зарарли, ҳатто инсонни ҳалок қилувчи экани, рак ва бошқа хавфли касалликларга сабаб бўлиши тиббиёт ходимлари томонидан тасдиқланган.
Аллома ибн Ҳожар ал-Маккийнинг “Фатовои Кабир”ида айтилишича, “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади”. Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди, кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади.
Гиёҳвандлик офатидан халқимизни ва келажак авлодни халос этиш ва уларни моддий ҳамда маънавий баркамоллик сари йўналтиришдек умумбашарий хайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин.
Одилжон Нарзуллаев
Янгийўл туман “Имом Султон” жоме масжиди имом хатиби.
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати