Ўзбек қорилари хориж масжидалирда таровеҳ намозларини адо этиб бермоқда.
Қадимдан юртимиздан етишиб чиққан диний уламолар ва қориларга хориж давлатларида катта ҳурмат билан қаралган. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг диний таълимга катта эътибор берилди. Бунинг натижаси ўлароқ юртимиздан юзлаб, минглаб қорилар етишиб чиқди ва чиқмоқда.
Бир неча йилдан буён хориж давлатлари диний идораларидан келган таклифлар асосида қориларимиз чет мамлакатларида диний-маърифий тадбирларда иштирок этиб, таровеҳ намозларини адо этиб бермоқдалар.
Жорий йил Рамазон ойида ҳам қориларимиз бир қанча давлатларга, хусусан, АҚШ, Россия, Украина каби мамлакатларга жўнаб кетдилар.
Жумладан Туркистон – Америка жамияти таклифига биноан Тошкент шаҳридаги “Минор” масжиди ноиб-имоми Кабиров Муроджон қори АҚШга жўнаб кетди. У ерда қоримиз Рамазон ойи давомида мусулмонларга таровеҳ намозини адо этиб, диний – маърифий суҳбатлар ўтказиб бериши режалаштирилган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бомдод намози савоби кўп ва аҳамияти катта намоздир. Баъзиларда “Нега Аллоҳ таоло бандалари бомдод намозини адо этиши учун бу пайтни, яъни уйқу пайтини ихтиёр қилди?” деган савол пайдо бўлиши мумкин.
Инсон бирор мукофотга эришганда ёки бирор воқеадан хурсанд бўлганда, гўзал манзарани кўрганда, миясида дофамин деган секреция, гармон ишлаб чиқарилади.
Хўш, дофамин нима? Бу – роҳатланиш ва завқланиш учун жавобгар нейромедиатор (нервларга сигнал узатувчи восита). Биз учун ёқимли бирор ҳодиса рўй берган пайтда миямизда дофамин ишлаб чиқарилади. Кечасидаги уйқу миянинг бу моддани камроқ ишлаб чиқаришига ёрдам беради. Шунда мия кундузи бу моддани кўпроқ ишлаб чиқаришига имкон қилинган бўлади. Қуёш чиқишидан олдин уйқудан туриш дофаминнинг кўп миқдорда ишлаб чиқарилишига ёрдам беради. Мана шунда мия ўз вазифасини юксак лаёқат билан бажаради. Натижада, инсон хушкайфият, хурсанд ҳолда бўлади.
Дофамин мия ҳужайралари орасида гармон, асаблараро узатгичи вазифасини бажаради. Бу модда кўпайгани сари мия энг яхши ҳолатда, инсон эса бағри дили очилган, ёқимли туйғулар оғушида бўлади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда бундан бир минг тўрт юз йил олдин айтганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан бундай ривоят бор: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Шайтон сизлардан бирингиз ухлаб ётган пайтида гарданига учта тугун тугади. У ҳар бир тугунга ура туриб: «Ҳали тун узоқ, ухлайвер», дейди. Агар (банда) уйғониб, Аллоҳни зикр қилса, битта тугун ечилади. Агар таҳорат қилса, иккинчи тугун ечилади. Агар намоз ўқиса, учинчи тугун ҳам ечилади ҳамда у тетик ва хушҳол бўлиб қолади. Акс ҳолда ланж ва танбал инсонга айланади» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Ҳадисдаги “Акс ҳолда ланж ва танбал инсонга айланади” деган жумла ҳозирги замон илмининг хулосасидир. Қуёш чиқишидан олдин уйқудан туриш кишини нафсий, руҳий хотиржамликка олиб боради.
Эй мўмин биродарим! Энди бомдод намозига уйғониб, танангизда тетиклик, қалбингизда хотиржамлик, кайфиятингизда кўтаринкилик, бутун жисмингизда хушҳолликни ва энг муҳими, Аллоҳнинг фарзини адо этиб, улкан савобларни қўлга киритинг.