Ўзбек қорилари хориж масжидалирда таровеҳ намозларини адо этиб бермоқда.
Қадимдан юртимиздан етишиб чиққан диний уламолар ва қориларга хориж давлатларида катта ҳурмат билан қаралган. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг диний таълимга катта эътибор берилди. Бунинг натижаси ўлароқ юртимиздан юзлаб, минглаб қорилар етишиб чиқди ва чиқмоқда.
Бир неча йилдан буён хориж давлатлари диний идораларидан келган таклифлар асосида қориларимиз чет мамлакатларида диний-маърифий тадбирларда иштирок этиб, таровеҳ намозларини адо этиб бермоқдалар.
Жорий йил Рамазон ойида ҳам қориларимиз бир қанча давлатларга, хусусан, АҚШ, Россия, Украина каби мамлакатларга жўнаб кетдилар.
Жумладан Туркистон – Америка жамияти таклифига биноан Тошкент шаҳридаги “Минор” масжиди ноиб-имоми Кабиров Муроджон қори АҚШга жўнаб кетди. У ерда қоримиз Рамазон ойи давомида мусулмонларга таровеҳ намозини адо этиб, диний – маърифий суҳбатлар ўтказиб бериши режалаштирилган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Айни дамда “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусидаги халқаро анжуман қизғин давом этмоқда.
Тадбир аввалида Қуръон оятлари тиловат қилинди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқаро конференция иштирокчиларига табригини Президент маслаҳатчиси Русланбек Давлетов ўқиб эшиттирди.
Табрикда Президентимиз қатнашчиларни улуғ алломалар юртига ташрифи ва нуфузли тадбирдаги иштироки билан қутлаб, буюк ватандошимиз асос солган мотуридийлик мактаби ва таълимоти эътиқод борасида асрлар давомида бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат тимсоли бўлиб келаётганини алоҳида қайд этган.
Шунингдек, мамлакатимизда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий каби буюк алломаларимиз номлари билан аталадиган халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси фаолият кўрсатаётгани, жумладан, Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Китоб ат-тавҳид” китоблари илк марта ўзбек тилига таржима қилиниб, кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилгани таъкидлаб ўтилган.
Ўз навбатида анжуман иштирокчиларига ўз ҳаётини ана шундай эзгу ишга бағишлаб келаётгани, Имом Мотуридий ва Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан бошқа улуғ алломаларимизнинг бой илмий-диний меросини ўрганиш йўлидаги машаққатли меҳнати, изланиш ва тадқиқотлари учун самимий миннатдорлик билдириб, уларга сиҳат-саломатлик, келгуси фаолиятида янги ютуқлар ва конференция ишига муваффақият тилаган.
Анжуман иштирокчилари Президентимизнинг табриги ва илиқ тилакларидан бағоят мамнун бўлишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати