Пайғамбар (алайҳиссалом) муборак ҳадисларида: “Рўза тутинглар, саломат бўласизлар”, деганлар. Аввало рўза инсонга ўз хоҳиш ва истакларини жиловлашни ўргатади
Рўза сабр мадрасасидир. Табибларидан бири: “Ошқозон касалликлар уйи, парҳезкорлик эса барча давонинг бошидир” деган. Ҳукамолар меъёридан ортиқ тўқликнинг кўп зарарларини санаганлар: оғирлик, чарчоқ, кўнгил кўрлиги, ғам, руҳий заифлик, гуноҳдан қўрқмаслик, ҳаёсизлик, ақлнинг заифлиги, ношукрлик, ахлоқсизлик, нотинчлик, шаҳватпарастлик, хотирасизлик, ўлимни эсдан чиқариш, дунёни кўп севиш, бахиллик, хасислик, зулм, шайтонга эргашиш, сабрсизлик, ҳикматдан узоқ бўлиш ва қўрқоқлик кабилар.
Бугунги кунда рўзанинг фойдасини нафақат мусулмонлар, балки Исломдан хабари йўқ кишилар ҳам тушуниб етди. Турли тараққий этган ўлкаларда очлик билан даволаш шифохоналари очилди. Турли қитъаларда яшовчи олимлар илмий тажрибалар ўтказиб, ихтиёрий оч қолиш тан сиҳатлик учун омил эканини таъкилади. Жумладан, рус олими профессор Николаев ўз ҳамкорлари билан эълон қилган “Оддий ҳақиқатлар” номли китобининг “Соғлик учун оч – наҳор юриш” деб номланган бобини рўзанинг фойдаларини санаган. Унда айтилишича, ихтиёрий очлик билан мажбурий очликнинг фарқи бор. Мажбурий очлик, қароқчининг пичоғидек зарарга, ҳалокатга сабаб бўлса, ихтиёрий очлик табибнинг пичоғидек шифога сабаб бўлади. Бу илмий ишнинг натижасида рўза ҳозирги энг кўп тарқалган дардларга даво экани, киши доим соғ юрай деса, ҳар йили 28-30 кун ихтиёрий оч қолиши зарурлиги таъкидланган.
Рўзадан ҳосил бўладиган шахсий сифатлардан яна бири раҳм-шафқатли бўлишдир. Муборак Рамазон ойида атрофдаги бева-бечоралар холидан хабар олиш, уларнинг кўнглини кўтариш, закот, фитр садақа ва шунга ўхшаш моддий ёрдамларни тарқатиш ҳамда кам таъминланган оилаларга ифторлик дастурхони ёзиш ҳам урф одатга айланган. Пайғамбар (алайҳиссалом) айтадилар: “Рўзадор кишиларга таом бериш, уларнинг қорнини тўйғазиш, худди рўзадорга бериладиган савоб баробарида ажр ёзилади”.
Рамазон ойида ифторлик маросими қилиб рўзадорларни тўйдириш яхши иш. Аммо бошқа хайру эҳсонлар каби бу маросим ҳам шариатда аслида бева-бечора, мискин-фақирларни кўзлаб жорий қилинганини унутмаслик керак. Яна шуни ҳам таъкидлаш лозим, ифторлик қилиш деганида, албатта уйига қозон осиб, дастурхон ёзиб, тўп-тўп одам айтишни тушунмаслик керак. Камбағал, муҳтож кишиларга ифторлик таомини олиб бериш ёки керакли маблағни бериш энг яхши ифторлик бўлади.
Албатта, Рамазон ойи ҳаммамизга хайру саховат, яхшилик қилиш ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам бериш учун қулай бир фурсат экан, биз ундан оқилона фойдаланмоғимиз лозимдир. Бой бадавлат кишилар бу муборак Рамазон ойида закот ва садақотларини мана шундай кам таъминланган оилаларга олиб бориб беришлари билан уларнинг кўнглини шод қиладилар, ҳамда меҳр-оқибатлар зиёда бўлишига сабаб бўлади.
Мансуржон НУРУЛЛАЕВ,
Когон тумани “Баҳоуддин
Нақшбанд” жоме масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ