Рамазон покланиш ойи. Яъни, рўзадорда руҳий ахлоқий тозаланиш бўлади. Саҳардан шомгача еб-ичишдан тийила олган одамда сабр-қаноат туйғуси ортади. Иродаси мустаҳкамланади. Иродали, сабрли инсонлар хотиржам бўлишади. Хотиржам кишилар тилларини ғийбатдан, беҳуда гап-сўзлардан тияди. Кўнгилларидан ҳасаду ғаразни, гина-кудуратни ҳайдайди. Одамларга эътиборли, раҳм-шафқатли бўлишга интилади. Шу сабабдан ҳам Рамазон ойи номига маърифат, мағфират, тинчлик, хотиржамлик, сабр ойи каби сифатлар қўшиб айтилади.
Ҳужжатул Ислом Имом Ғаззолий таърифича: “Рўза тутиш жон учун закот, бадан учун риёзат, яхшилик учун даъват, гуноҳлардан сақланиш”, демакдир. Исломнинг беш устунидан бири бўлмиш рўза туфайли ўзаро аҳиллик, тотувлик, бағрикенглик туйғулари кучланади. Ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликка интилиш ортади. Рўзадор ушбу амалларга алоҳида эътибор бериши керак:
— бирор киши уни ҳақоратласа ё уришса, “Мен рўзадорман”, дейиш;
— қуёш ботиши билан тезда, шом намозини ўқишдан олдин бирор нарса (сув, хурмо) билан оғизни очиш;
— оғизни очишда ривоят қилинган дуолар билан дуо қилиш;
— ортиқча гап, лағв сўзлардан тилни тийиш;
— рўзани бузмайдиган, аммо ҳузурбахш, нафсни талтайтирадиган нарсаларни тарк этиш;
— оила аъзолари ва қариндошларга кенгчилик билан мурувват қилиш. Бева-бечора, етимлар ва камбағалларга хайр-эҳсонни кўпайтириш;
— Қуръон қироати, зикр ва салавотларни кўпайтириш.
“РАҲМАТ ОЙИ РАМАЗОН”китобидан
العَظِيمُ
34. Ал-Аъзийм.
Ақл тасаввур қила олмайдиган даражада азаматли ва улуғ.
الغَفُورُ
35. Ал-Ғафур.
Кўп мағфират қилувчи.
الشَّكُورُ
36. Аш-Шакур.
Оз амал учун кўп савоб берувчи.
العَلِيُّ
37. Ал-Алий.
Мартабаси олийликда бениҳоя.
الكَبِيرُ
38. Ал-Кабийр.
Ҳар бир нарсадан улуғ.
االْحَافِظُ
39. Ал-Ҳафиз.
Ҳар бир нарсани муҳофаза қилувчи.
المُقِيتُ
40. Ал-Муқийт.
Барча моддий ва руҳий ризқларни яратувчи.
الحَسِيبُ
41. Ал-Ҳасийб.
Кифоя қилувчи. Қиёматда бандаларнинг ҳисобини қилувчи.
الجَلِيل
42. Ал-Жалийл.
Сифатлари улуғ зот.
الكَرِيمُ
43. Ал-Карийм.
Биров сўрамаса ҳам, ҳеч бир эваз олмасдан, нарсаларни кўплаб ато қилувчи.
الرَّقِيبُ
44. Ар-Рақийб.
Ҳеч бир заррани ҳам қўймай текшириб турувчи.
المُجِيبُ
45. Ал-Мужийб.
Дуоларни ижобат қилувчи.
الوَاسِعُ
46. Ал-Восиъ.
Ҳамма нарсани кенг илми ила иҳота қилган. Барчани кенг раҳмати ила қамраб олган.
الحَكِيمُ
47. Ал-Ҳакийм.
Ҳар бир нарсани ҳикмат ила қилувчи.
الوَدُودُ
48. Ал-Вадуд.
Барчага яхшиликни раво кўрувчи.
المَجِيدُ
49. Ал-Мажийд.
Шон-шарафи ва қадри беҳад юксак.
الباعث
50. Ал-Боъис.
Халқларга пайғамбарлар юборувчи. Кишиларга ҳиммат юборувчи. Ўликларни қайта тирилтирувчи.
الشَّهِيدُ
51. Аш-Шаҳийд.
Ҳар бир нарсага ҳозиру нозир. Барчага шоҳидлик берувчи.
الحَقُّ
52. Ал-Ҳақ.
Ўзгармас, собит зот. Ҳақни юзага чиқарувчи.
الوَكِيلُ
53. Ал-Вакийл.
Барчанинг иши унга топширилган зот.
القَوِيُ
54. Ал-Қовий.
Қувватли Зот.
المَتِينُ
55. Ал-Матийн.
Машаққат билмас, кучли Зот.
الوَلِيُ
56. Ал-Валий.
Муҳаббат қилувчи, нусрат берувчи ва халқининг ишини юритувчи зот.
الحَمِيدُ
57. Ал-Ҳамийд.
Барчага мақтовлар ила мақталган зот.
المُحْصِى
58. Ал-Муҳсий.
Барча нарсанинг ҳисобини олувчи зот.
المُبْدِئ
59. Ал-Мубдиъ.
Барча нарсаларни аввал бошдан бор қилган зот.
المُعِيد
60. Ал-Муъийд.
Йўқ бўлган нарсаларни яна қайтадан бор қилувчи.
المُحْيِى
61. Ал-Муҳйи.
Тирилтирувчи. У зот ўликларни тирилтирувчидир.
المُمِيت
62. Ал-Мумийт.
Ўлдирувчи. Барча жонзотларнинг жонини олувчи.
الحَيُّ
63. Ал-Ҳайй.
У ҳамиша тирикдир, У ўлмайди. Аллоҳнинг ҳаёти абадийдир, ўлим ила йўқ бўлмас. Аллоҳнинг ҳаёти азалий, олдин йўқ бўлган эмас.
القَيُّومُ
64. Ал-Қайюм.
Ҳар бир нарса устида турувчи ва ҳар бир турувчи нарса Унинг сабабидангина туради.
الوَاجِد
65. Ал-Вожид.
Хоҳлаган нарсасини топувчи. Бу ишда биров Уни тўса олмайди.
المَاجِد
66. Ал-Мажид.
Улуғлик ва шараф соҳиби.
Даврон НУРМУҲАММАД