Рамазон покланиш ойи. Яъни, рўзадорда руҳий ахлоқий тозаланиш бўлади. Саҳардан шомгача еб-ичишдан тийила олган одамда сабр-қаноат туйғуси ортади. Иродаси мустаҳкамланади. Иродали, сабрли инсонлар хотиржам бўлишади. Хотиржам кишилар тилларини ғийбатдан, беҳуда гап-сўзлардан тияди. Кўнгилларидан ҳасаду ғаразни, гина-кудуратни ҳайдайди. Одамларга эътиборли, раҳм-шафқатли бўлишга интилади. Шу сабабдан ҳам Рамазон ойи номига маърифат, мағфират, тинчлик, хотиржамлик, сабр ойи каби сифатлар қўшиб айтилади.
Ҳужжатул Ислом Имом Ғаззолий таърифича: “Рўза тутиш жон учун закот, бадан учун риёзат, яхшилик учун даъват, гуноҳлардан сақланиш”, демакдир. Исломнинг беш устунидан бири бўлмиш рўза туфайли ўзаро аҳиллик, тотувлик, бағрикенглик туйғулари кучланади. Ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликка интилиш ортади. Рўзадор ушбу амалларга алоҳида эътибор бериши керак:
— бирор киши уни ҳақоратласа ё уришса, “Мен рўзадорман”, дейиш;
— қуёш ботиши билан тезда, шом намозини ўқишдан олдин бирор нарса (сув, хурмо) билан оғизни очиш;
— оғизни очишда ривоят қилинган дуолар билан дуо қилиш;
— ортиқча гап, лағв сўзлардан тилни тийиш;
— рўзани бузмайдиган, аммо ҳузурбахш, нафсни талтайтирадиган нарсаларни тарк этиш;
— оила аъзолари ва қариндошларга кенгчилик билан мурувват қилиш. Бева-бечора, етимлар ва камбағалларга хайр-эҳсонни кўпайтириш;
— Қуръон қироати, зикр ва салавотларни кўпайтириш.
“РАҲМАТ ОЙИ РАМАЗОН”китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади: "Қачон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қазои ҳожатга чиқсалар, мен ва бир бола икковимиз ўзимиз билан сувли мешчани олиб келар эдик, шунда у зот сув ила истинжо қилар эдилар".
Ислом дини инсон ҳаётида керак бўладиган катта-кичик барча масалаларни ҳал қилган. Шариатнинг ҳар бир ҳолат бўйича қонун ва одоблари бор. Ана ўша одоблардан бири истинжодир. Истинжо деб, ҳожат чиқаргач, орқа ёки олд нажосат йўлини тош, кесак, сув ва шунга ўхшаш нарсалар билан поклашга айтилади. Аслида истинжо сув билан қилинади. Сувдан бошқа нарсалар фақат сув йўқ бўлган ҳолатлардагина ишлатилади.
Истинжо қилишнинг тиббий фойдалари жуда кўп. Замонавий илм кашф қилдики, қанд касаллиги билан оғриган бемор ҳожат чиқарганидан кейин яхшилаб истинжо қилмаса, танага теккан бавлни ювиб ташламаса, сийдик таркибидаги микроблар сийдик йўлига ўтиб яллиғланишни келтириб чиқаради. Бу нарса жинсий алоқа пайтида эрдан аёлга ўтади ва бачадон яллиғланишига сабаб бўлади. Бунинг оқибатида кейинчалик бепуштлик ҳам кузатилиши мумкин.
Истинжо инсонни турли паразит, қурт ва гижжалардан ҳам сақлайди. Кичик игсимон қуртлар орқа нажосат тешиги атрофида яшаб, тухум қўяди. Бу тухумлар аввал кийимга, кейин қўлга юқади ва яна ошқозонга тушиб айланиб юради. Агар доимий суратда истинжо қилиб юрилса, ҳожатхонадан чиққач, қўллар совунлаб ювилса, бундан ҳолатлар кузатилмайди.
Истинжо хавфли касалликлардан бўлмиш ич терлама, вирусли жигар вабоси каби касалликлардан ҳам сақлайди. 1963 йилда Англия шаҳарларининг бирида ич терлама тез суратда кўпаяди. Бу нарса шаҳарда вабо тарқалиш хавфини келтириб чиқаради. Тиббий идоралар аҳолига ҳожатдан чиққач истинжо қилишни шарт қилиб қўйишади ва бу шаҳарга инфекция тарқалиши олдини олишнинг энг яхши ва самарали чораси экани таъкидланади. Шаҳар аҳолиси ўша таълимотга амал қилишади, махсус қоғозлари билан кифояланмай, худди мусулмонлар каби истинжо қилишади. Бироз фурсат ўткач, ўша шаҳардан ич терлама касаллиги арийди .
Истинжони чап қўл ёрдамида қилишда ҳам катта ҳикмат бор. Зеро. Инсон ўнг қўли билан ўзгалар билан саломлашади, таом ейди ва бошқа ишларни амалга оширади. Истинжони чап қўлда қилиш билан микроблар кўпайиши олди олинади. Шу ўринда истинжодан кейин қўлни тупроқ билан артиш ёки совунлаб ювиш яхши эканини эслатиб ўтмоқчимиз.
Истибро ҳам тиббий нуқтаи назарда аҳамиятли иш. Сийдик йўлининг сийдикдан бутунлай фориғ бўлиши у ерда туз, жумладан, фасфат тузи йиғилиши олдини олади. Сийдик йўлида туз йиғилиши кейинчалик тошга айланиши мумкин.
Одилхон қори Юнусхон ўғли