2018 йил 14 май куни юртмизда меҳмон бўлиб турган Хитой ислом уюшмаси раиси шайх Ҳасан Янг Фа Минг бошчилигидаги делегация Самарқандда бўлди деб хабар бермоқда ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги.
Меҳмонларни темир йўл вокзалидан вилоят бош имом хатиби З.Эшонқулов ва Самарқанд шаҳар бош имом хатиби Н.Исламов кутиб олдилар.
Делегация аъзолари ташриф давомида дастлаб Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллигига келдилар. Вакилликда томонлар ўртасида суҳбат олиб борилди. Вилоят бош имом хатиби З.Эшонқулов меҳмонларга вилоятдаги диний вазият, ислоҳот ва натижалар ҳақида сўзлаб берди. Меҳмонларга эсдалик совғалари тақдим этилди.
Меҳмонлар зиёрат давомида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ёдгорлик мажмуаси, Регистон, Шоҳи Зинда ансамбли ва Имом Бухорий зиёратгоҳида бўлдилар. Хитой уламолари юртимиздаги ислоҳотлар, ислом дини ривожига қаратилаётган эътиборга гувоҳ бўлдилар.
Таъкидлаш лозимки, меҳмонлар юртимиздаги ўзгаришларни ўта ижобий баҳоладилар.
Шунинг билан Хитой делегациясининг вилоятга ташрифи якунланди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Савол: Масжидул ҳаромда намозларни жамоат билан ўқиб, кейинги намоз вақтини кутиб ўтирганимизда, айрим ҳожиларимиз ётган ҳолда ухлаб қолиб, кейинги намозга азон айтилганда, таҳорат қилмай намоз ўқишаётганига гувоҳ бўлдим.
Бунинг хукми динимизда қандай? Чунки ухлаш таҳоратни бузади деб ўқиганмиз ва шунга амал қиламиз. Ёки масжидул ҳаромда айрим ҳукмлар ўзгарадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ҳанафий мазҳабига кўра, бирор нарсага суяниб, ёки ёнбошлаган ҳолда ухлаш таҳоратни синдиради. Бу ҳукм масжидул ҳаромга ҳам тегишли. Сиз айтган ҳожилар ерга ёнбошлаган ҳолда ухлаган бўлсалар, таҳоратлари синади. Лекин кўзини юмиб, ухламасдан, зикр қилиб ётадиганлар ҳам бўлади. Агар шундай қилган бўлсалар, табиийки таҳоратлари синмайди.
Масжидул ҳаромда дунёнинг турли нуқтасидан келган зиёратчилар ибодат қилади. Уларнинг ичида илмли инсонлар билан бир қаторда ибодатга энди кирган, шаръий ҳукмларни яхши ўзлаштирмаганлар ҳам бўлади. Уларнинг қилаётган ишини кўриб, анавилар қиляпти-ку, демак, нотўғри эмас эканда, деб қилиб кетавермаслик керак.
Қолаверса, у ерда турли мазҳаб одамлари ибодат қилади. Айрим мазҳабларда ухлаш, бадандан қон чиқиш каби ишлар таҳоратни синдирмайди. Аммо бизнинг мазҳабимизда ҳар иккиси ҳам таҳоратни бузади ва бунга уламоларимиз бир қанча ҳадисларни далил ўлароқ келтирганлар.
Шу боис, улуғ маконларга ибодатга отланаётган одамлар: хоҳ эркак, хоҳ аёл киши бўлсин, шаръий ҳукмларни билиб олиши ёки биладиган одам ҳамроҳлигида бориши мақсадга мувофиқ бўлади. Акс ҳолда ибодат қиламан деб, гуноҳга ботиши ҳеч гап эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.