Бугун, 10 май куни Германия халқаро ҳамкорлик жамияти вакилларидан иборат делегация Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди. Меҳмонларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов кутиб олди.
Иброҳим домла Иномов меҳмонларни ташриф билан самимий қутлаб, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг саломларини етказди.
Шундан сўнг, Иброҳим домла Иномов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, диний соҳадаги ижобий янгиликлар ҳақида гапириб ўтди.
У нутқида давом этиб, диний идора, унинг тузилмаси ва фаолияти ҳақида атрофлича тўхталди. Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан ҳар йили бир неча юз минглаб ададда китоб, журнал ва газеталар чоп этилаётганини таъкидлади. Бугунги тезкор замонда, ахборот олиш ва алмашишнинг энг қулай воситаси интернет бўлгани учун ҳозирда диний идора тизимида ҳам бир неча ўнлаб сайтлар фаолият юритаётгани, уларда кундалик хабарлар, турли мавзудаги мақолалар, онлайн дарслар ва тезкор савол-жавоблар бериб борилаётганини алоҳида қайд этди.
Учрашувда сўз олган делегация раҳбари Андреас Ауэр диний идора вакилларига самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. У ўз нутқида бу серқуёш ўлка унга бегона эмаслиги, Ўзбекистонда анча йиллардан бери ишлаши, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларида озми кўп ҳисса қўшаётганидан мамнун эканини билдирди. Шунингдек, у Германия давлат университети билан ҳамкорликда ижтимоий-диний масалаларга бағишланган кўплаб лойиҳалар, жумладан, ҳозирда Ўзбекистон ва Қозоғистон бўйича янги лойиҳа устида иш олиб бораётганини айтди.
Самимий руҳда кечган мулоқот давомида жаҳолатга қарши кураш бўйича Диний идора ва имом-хатиблар томонидан олиб борилаётган ишлар, айниқса, маҳалла, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликдаги ишлар ҳақида маълумот берилди.
Учрашув якунида делегация раҳбари Андреас Ауэр юртимизда амалга оширилаётган ишлар, ўзгаришлар ва янгиланишларни эътироф этиб, Ўзбекистонда ёшларни радикал ғоялардан ҳимоя қилиш борасида жуда катта ишлар қилинганини юксак баҳолади.
Меҳмонлар қабул ва самимий суҳбат учун миннатдорлик билдирдилар.
ЎМИ Матбуот хизмати
Доктор Мустафо Маҳмуд айтадилар:
"Бир куни бир она менга шикоят қилиб бундай деди:
— Ўғлимнинг хотинига бўлган муҳаббати менга бўлган муҳаббатидан кучлироқ.
Мен ундан сўрадим:
— Помидор яхшими ёки апельсин?
У ажабланганча менга қараб:
— Бундай солиштириш нотўғри, чунки помидор сабзавот, апельсин эса мевалардан, — деди.
Мен унга шундай жавоб бердим:
— Муҳаббат ҳам ҳудди шундай, унинг ҳам турлари кўп ва бир турини бошқа бири билан солиштириш тўғри эмас.
Она мендан тушунтиришимни сўради.
Мен давом этдим:
— Сиз — онасиз, сиз ўғлингиз учун ердаги жаннатсиз, ўғлингиз эса қалбингизнинг бир бўлаги. Унинг сизга бўлган муҳаббати ибодатдир. Хотини эса унинг жуфти, Аллоҳ уни унга бахт учун яратган, унинг хотинига бўлган муҳаббати эса, саодатдир.
Шунинг учун ўғлингизга ибодатда ёрдамчи бўлинг ва унинг бахти учун аёлига бўлган муҳаббатини қўлланг. Унинг сизга бўлган муҳаббатини бошқа муҳаббат билан солиштириб, унинг қадрини туширманг. Ўғлингизни эркин қўйинг, шунда унинг қалби сизни ўз ихтиёри билан қайта топади ва жаннатни сиз орқали излайди.
Шунда она бошини силкитиб гапимни тасдиқлади ва юзини розилик нурли ёритди. У кетар экан, такрорлар эди:
— Унинг менга бўлган муҳаббати ибодат, хотинига бўлган муҳаббати эса саодат. Мен унга ибодатини мукаммал қилишида ёрдам беришим ва хотини билан бахтли бўлишига қўйиб беришим керак.
Азизим она...
Бу суҳбатимизни хотирангизда сақланг. Ўғлингиз турмуш қурганида шу сўзларни эсланг ва унинг хотини билан бахтли яшашига қўйиб беринг. Унинг сизга бўлган муҳаббати ва итоати ила ибодати мукаммал бўлишига ёрдамчи бўлинг. Бу гапларни ҳечам унутманг: "Агар сизга итоат қилишини истасангиз, унга тоқати етадиган ишни буюринг".
Онага бўлган муҳаббат — ибодат,
Хотинга бўлган муҳаббат — саодат.
Ҳар икки муҳаббат ҳам қалбдан чиқади, аммо турли хил ва уларни бир-бири билан солиштириб бўлмайди.
Шундай экан, ибодатингизни гўзал адо этинг ва бахтли бўлинг".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ