Яратганга шукрки, жаннатмонанд юртимизда яхши яшаш учун ҳамма шароит мавжуд: серунум еримиз, мўл-кўл сувимиз, тўрт фаслдаги табиат мўътадиллиги кишига ҳузур бағишлайди. Афсуски, айрим кишилар бундай неьматларга қаноат қилмасдан зарур бўлмаса-да, чет элларга ноқонуний равишда ишлашга кетмоқдалар. Аллоҳ таоло: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳ зиммасида бўлмаса” (Ҳуд сурасининг 6-ояти).
Оятдан аён бўлаётирки, бандани боқиш Аллоҳнинг зиммасида.
Ҳақиқатан, инсон зоти ҳеч қачон очдан ўлмайди, яқин ўртада фалончи оч қолиб ўлибди, деган гапни эшитмадик. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қачонки ишлар ўз аҳлидан бошқа кишилар қўлига ўтказилса, қиёматни кутаверинг” (Имом Бухорий) мазмунидаги ҳадисни ривоят қилган. Ҳадиси шарифдан банда Парвардигор берган касб-ҳунар орқали ризқини териб еяётган бўлса ишини бошқа соҳага ўзгартирмаслиги лозимлиги аён бўлади. Сабр қилиб ҳалол йўл билан ҳаракат қилса, албатта кўзлаган натижага эришади. Шундай экан, айрим инсонлар мўмай пул топиш илинжида ўз она юртидан олисларда тили, дини, ирқи, миллати, бошқа кимсалар ичида ишлашликни ихтиёр қилмаганлари маъқул.
Яратган Эгам сендан ҳаракат Мендан баракат, деган. Юртимизда ҳам тадбиркорлик, касаначилик, дехқончилик, ҳунармандлик қиламан деганларга ҳамда ҳар бир илм олувчилар учун илм эшиклари очиқ, барча соҳада ҳалол меҳнат қилган инсонларга оиласи, бола-чақаси учун шароитлар муҳайё. Чет элга кетаётган айрим фуқароларнинг аксарининг қўлида касб-ҳунари йўқ, на тил билади, на қонун-қоидани. Илми, эътиқоди суст ёшлар у ерда тайинли иш топа олмай, қийналиб, ҳар хил ёт оқимларга кириб қолаётир, алданиб қулликка сотилиб кетётир ёки уруш бўлаётган юртларда тирик қурол бўлиб қолаётир. У ерда энг оғир ишларни соғлиги кўтармай ёки бемор бўлиб ёхуд автоҳалокатга учраб эрта оламдан ўтмоқда.
Тўғри, баъзилар тайинли иш топиб, чет элда қонуний меҳнат қилиб, уйларига моддий ёрдам қилмоқдалар. Аммо улар ҳам имкон қадар қисқа фурсатларда оиласидан хабардор бўлиб турса, зиммаларидаги бурчларини адо этган бўлади. Зеро, инсон зоти мол-у дунё топиш мумкин, лекин умр, вақт, ота-онаси, оиласини, иссиқ маконини топиши қийин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бирингиз қўл остингиздагилардан сўраласиз”, деб бизни огоҳлантирганлар.
Фарзандларимизни ўз назоратимиздан қочирмайлик, илм-у одоб касб-у ҳунар ўргатайлик, шунда оиламиз, давлатимиз, ҳаётимиз янада тинч ва осойишта бўлади.
Абдулвоҳид ИСҲОҚОВ,
Наманган шаҳридаги “Мирҳакимбой” жоме масжиди имом-хатиби
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.