Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Январ, 2025   |   15 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:47
Пешин
12:37
Аср
15:37
Шом
17:22
Хуфтон
18:40
Bismillah
15 Январ, 2025, 15 Ражаб, 1446

“Ҳар ерни қилма орзу...”

11.05.2018   3573   2 min.
“Ҳар ерни қилма орзу...”

Яратганга шукрки, жаннатмонанд юртимизда яхши  яшаш учун ҳамма  шароит мавжуд: серунум еримиз, мўл-кўл сувимиз, тўрт фаслдаги  табиат мўътадиллиги кишига ҳузур бағишлайди. Афсуски, айрим кишилар бундай неьматларга қаноат қилмасдан зарур бўлмаса-да, чет элларга ноқонуний равишда ишлашга кетмоқдалар.  Аллоҳ  таоло: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳ зиммасида бўлмаса” (Ҳуд сурасининг 6-ояти).

Оятдан аён бўлаётирки, бандани боқиш Аллоҳнинг зиммасида.

Ҳақиқатан, инсон зоти ҳеч қачон очдан ўлмайди, яқин ўртада фалончи оч қолиб ўлибди, деган гапни эшитмадик. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:  “Қачонки ишлар ўз аҳлидан бошқа кишилар қўлига ўтказилса, қиёматни кутаверинг” (Имом Бухорий) мазмунидаги ҳадисни ривоят қилган. Ҳадиси шарифдан банда Парвардигор берган касб-ҳунар орқали ризқини териб еяётган бўлса ишини бошқа соҳага ўзгартирмаслиги лозимлиги аён бўлади. Сабр қилиб ҳалол йўл билан ҳаракат қилса, албатта кўзлаган натижага эришади.  Шундай экан, айрим инсонлар мўмай пул топиш илинжида  ўз она юртидан  олисларда тили, дини, ирқи, миллати, бошқа кимсалар ичида ишлашликни ихтиёр қилмаганлари маъқул.

Яратган Эгам сендан ҳаракат  Мендан баракат, деган. Юртимизда ҳам тадбиркорлик, касаначилик, дехқончилик, ҳунармандлик қиламан деганларга ҳамда  ҳар бир илм олувчилар учун илм эшиклари очиқ, барча соҳада ҳалол  меҳнат қилган инсонларга оиласи, бола-чақаси учун шароитлар муҳайё. Чет элга кетаётган айрим фуқароларнинг аксарининг қўлида касб-ҳунари йўқ, на тил билади, на қонун-қоидани. Илми, эътиқоди суст ёшлар у ерда тайинли иш топа олмай, қийналиб, ҳар хил ёт оқимларга кириб қолаётир, алданиб қулликка сотилиб кетётир ёки уруш бўлаётган юртларда тирик  қурол бўлиб қолаётир. У ерда энг оғир ишларни соғлиги кўтармай ёки бемор бўлиб ёхуд автоҳалокатга учраб эрта оламдан ўтмоқда.

Тўғри, баъзилар тайинли иш топиб,  чет элда қонуний меҳнат қилиб, уйларига моддий ёрдам қилмоқдалар. Аммо улар ҳам имкон қадар қисқа фурсатларда оиласидан хабардор бўлиб турса, зиммаларидаги бурчларини адо этган бўлади.  Зеро, инсон зоти мол-у дунё топиш мумкин, лекин умр, вақт, ота-онаси, оиласини, иссиқ маконини топиши қийин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бирингиз қўл остингиздагилардан сўраласиз”, деб бизни огоҳлантирганлар.

Фарзандларимизни ўз назоратимиздан қочирмайлик, илм-у одоб касб-у ҳунар ўргатайлик, шунда оиламиз, давлатимиз, ҳаётимиз янада тинч ва осойишта бўлади.

 

Абдулвоҳид ИСҲОҚОВ,

Наманган шаҳридаги “Мирҳакимбой” жоме масжиди имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Деструктив ахборот тарқатишнинг хатарлари

13.01.2025   2378   3 min.
Деструктив ахборот тарқатишнинг хатарлари

Бугунги глобаллашув даврида ахборот тарқатиш тезлиги беқиёс даражада ошди. Интернет, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиладиган маълумотлар жамиятнинг турли қатламларига кучли таъсир кўрсатмоқда. Афсуски, бу имкониятлар баъзан миллий низо ва диний бўлинишга сабаб бўладиган ахборот тарқатиш учун ҳам ишлатилади. Бундай хатти-ҳаракатлар жамият бирдамлиги ва барқарорлигига жиддий таҳдид солади.


Деструктив, яъни бузғунчи, низоли ахборот тарқатишнинг асосий хатарлари қуйидагилар:

1. Жамиятда адоват ва нафрат уйғотиш. Миллатлар ва диний конфессиялар ўртасида адоватли ахборот тарқатиш жамиятда нафрат уйғотади. Бундай маълумотлар одамлар ўртасида ишончсизликни кучайтиради, ўз навбатида, ижтимоий бирдамликка путур етказади;

2. Жамоат хавфсизлигини бузиш. Миллий ва диний бўлинишга сабаб бўладиган ахборот жамоат тартибининг бузилишига олиб келади. Натижада тартибсизликлар ёки ҳатто можаролар келиб чиқиши мумкин;

3. Беқарорликни кучайтириш. Деструктив ахборотлар бошқарув ва ҳокимият тизимларини заифлаштириши мумкин. Миллий ва диний бўлиниш давлат барқарорлигига таҳдид солади, чунки аҳоли ўртасидаги зиддиятлар бошқарувга салбий таъсир кўрсатади;

4. Ёш авлодга салбий таъсири. Бундай ахборотлар ёшлар ўртасида миллатчилик ёки диний радикализмга мойилликни кучайтириши мумкин. Бу эса келажак авлодни ҳам бузилишга олиб келади.

Сабаб ва оқибатлар

Миллий низо ва диний бўлинишга сабаб бўладиган ахборотлар аксар ҳолларда уйдирмалар, ёлғон янгиликлар ёки атрофдаги воқеаларнинг бўрттирилиши орқали тарқатилади. Бу ахборотлар қуйидаги оқибатларга олиб келиши мумкин:

  • Тинч аҳоли орасида ёмон муносабатлар шаклланади;
  • Жамиятда иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт секинлашади;
  • Хорижий ёки манфаатдор гуруҳлар томонидан беқарорлик, низолар учқуни алангалатиши мумкин.

Қандай чоралар кўриш керак?

1. Ахборот истеъмоли маданиятини шакллантириш. Ҳар бир шахс тарқатилаётган маълумотнинг ҳақиқийлигини текшириш маданиятини ўзида шакллантириши зарур;

2. Қонунчиликка риоя қилиш ва жавобгарлик. Миллий низо ва диний бўлинишга сабаб бўладиган ахборот тарқатган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши муҳим;

3. Таълим ва тарбия орқали онгни ошириш. Мактаб ва олий таълим муассасаларида ахборот хавфсизлиги ва жамиятга салбий таъсир кўрсатадиган маълумотларни танқидий баҳолаш бўйича билим бериш керак;

4. Ижтимоий тармоқлар таҳлили. Ижтимоий тармоқларда ёйилаётган ахборотларни таҳлил қилиб, зарарли контентларни тезкорлик билан аниқлаш механизмларини ишга тушириш зарур.

Хулоса

Миллий ва диний бўлинишга сабаб бўлувчи ахборот тарқатиш нафақат жамият, балки мамлакатлар барқарорлигига катта таҳдид солади. Ҳар бир фуқаро ва жамоат ташкилотлари бундай хатти-ҳаракатларнинг олдини олишда ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Ахборот тарқатиш маданиятини шакллантириш орқали, жамиятда тинчлик ва барқарорлик таъминланади.

Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти, Ҳазорасп тумани, "Шайх Қосим бобо" жоме масжиди имом-хатиби.