Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ибодатдан кейинги энг афзал амаллардан бири – мўминлар қалбига хурсандчилик улашиш”, деб марҳамат қилганлар.
Ҳақиқатан ҳам, бир инсонга яхшилик қилиб, унинг кўнглини кўтариш, руҳий тасалли бериш – динимизда ажри улуғ амал ҳисобланади. Мана шундай ҳикматни ўзига шиор қилиб олган Ўзбекистон мусулмонлари идораси савобли ишлар қилишда давом этмоқда.
Наманган вилоятида хизмат сафарида бўлиб турган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов, туман бош имом-хатиби Шокиржон Мансуров ҳамда туман ДХХ раҳбари Орифжон Хомидов ҳамроҳлигида Учқўрғон тумани Нуробод кўчасида истиқомат қилувчи Зокиржон Саиталиевнинг хонадонига ташриф буюришди.
Маълум бўлишича, Зокиржон Саиталиев қарийб 20 йилдан буён жазони ижро этиш муассасасида сақланмоқда. Унинг рафиқаси Тожихон Саиталиева юртимиздаги ижобий ўзгаришлар натижасида, эри қаттиқ тартибли колониялардан манзиллисига ўтказилганини айтиб, эндиликда турмуш ўртоғи авфнома ёзгани, давлатимиз Раҳбарининг оқилона ислоҳотлари натижасида, турмуш ўртоғининг озодликка чиқишига умидвор эканини айтди. Шунингдек, Тожихон Саиталиева ўтган давр мобайнида жуда қаттиқ қийинчиликларни бошидан ўтказгани, диёримизда аҳоли манфаатларини ўйлаб амалга оширилаётган хайрли ишлар кўнглини ёриштиргани, айниқса, мана шундай дин пешволари ва мутасадди шахсларнинг унинг хонадонига ташриф қилишлари катта хурсандчилик бахш этганини кўзида ёш ила сўзлади.
Шундан сўнг, муфтий ҳазратлари муҳтарам Президентимизнинг халқ дардини ўйлаб, олиб бораётган доно сиёсатлари натижасида, қилган қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятни билиб-билмай содир этган, тўғри йўлга қатъий ўтган маҳкумларнинг авф этилаётганини тушунтириб, Саиталиев Зокиржоннинг ҳам яқин кунларда озодликка чиқишини Яратган Парвардигордан сўраб дуолар қилдилар. Шунингдек, хонадон аҳлларига тасалли бериб, уларнинг кўнглини кўтарадиган илиқ сўзларни айтдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Тарихчилар Усмонли султонларининг ҳаж зиёратига бормаганига икки сабабни кўрсатадилар:
1. Хавфсизлик муаммолари:
Султонлар ҳаж сафарига боришда хавфсизлик муаммоларига дуч келган бўлишлари мумкин. Улар учун ҳажга бориш оддий одамларникидан фарқли равишда мураккаб бўлган, чунки султоннинг йўлда ҳужумга учраш хавфи катта эди. Бу ҳолат катта қўшин билан сафар қилишни талаб қиларди. Ҳаж ниятида йўлга чиқиб қон тўкишга сабаб бўлмаслигини афзал билганлар.
2. Давлат бошқарувидаги масъулият:
Султонлар мамлакатни муддатсиз тарк этиш хавфли деб ҳисоблашган. Ҳаж сафарлари бир неча ой давом этгани сабабли, давлатни ҳукмдорсиз қолдириш анархия ва сиёсий беқарорликка олиб келиши мумкин эди. Шунинг учун султонлар ҳаж ўрнига давлат бошқаруви ва харбий юришларга устунлик берганлар.
Вақт ўтиши билан Усмонлилар сулоласига бу анъанага айланди. Султонлар “ҳажжи бадал” қилишни тайинлаган бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, Усмоний султонлари Макка ва Мадинага доим эътибор қаратган. Улар ҳар йили хайрия карвонларини жўнатиб, муқаддас шаҳарларнинг аҳолисига молиявий ёрдам кўрсатганлар ва Ҳарамайн масжидларини таъмирлаб, кенгайтириб турганлар.
Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси.