Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Январ, 2025   |   12 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:34
Шом
17:18
Хуфтон
18:37
Bismillah
12 Январ, 2025, 12 Ражаб, 1446

Бурҳониддин Марғинонийнинг ҳақиқий қабри қаерда?

10.05.2018   3673   7 min.
Бурҳониддин Марғинонийнинг ҳақиқий қабри қаерда?
Ислом дини пешвоси ва фиқҳшуноси Марғиноний ҳазратларининг қабри қаровсиз ва ободонлаштирилишга муҳтожлигини ақлга сиғдириш қийин. Устига устак, бутун дунё мусулмонлари тан олган йирик маърифатпарвар Бурҳониддин Марғиноний асл қабри қаерда жойлашган эканини заминдош бўла туриб билмаслигимиз ҳам уят аслида. 
 
Олтинсой бағридаги қимирлаб турадиган Сангижумон тошлари, Учқора ёдгорликлари, Оқмасжид ва Шайх Гадой Селкин манзилгоҳлари шулар жумласидан.
 
Шунингдек, туман ҳудудида бир-биридан илмли ва маърифатпарвар кишилар кўп ўтган. Булар орасида Атауллохўжа ибн Абдулмўмин Марғиноний номи алоҳида эътиборга лойиқдир. У киши 1898 йил Марғилонда таваллуд топган. Ҳаёт ташвишлари ва қийинчиликлари туфайли Хатирчи туманидаги Хўжақулобод қишлоғи яқинидаги Тошқулоқ маҳалласига келиб яшаган. Исломда мукаммал илм соҳиби бўлган. Атрофдагиларни ҳам саодатга чақирган. Қишлоқ аҳлининг диний саводхонлигини ошириш учун кўп заҳмат чеккан. Шунинг учун Хўжақул эшон қишлоғи аҳли уни Мулла Мўмин деб атаган. Ўзига буюк аллома Бурҳониддин Марғинонийни Увайс устоз деб билиб, умри давомида алломанинг китоб ва рисолаларини ёд олиб юрган. Ҳозир ҳам хатирчилик кекса ёшли кишилар Мулла Мўминни кўп эслашиб, ҳаётини Бурҳониддин Марғиноний номлари билан боғлашади.
 
– Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Раҳим Қодиров билан Мулла Мўмин ҳаёти ва Бурҳониддин Марғиноний қабри ҳақида кўплаб илмий изланишлар олиб бордик, – дейди нафақадаги педагог, шоир Тошпўлат Хўжамов. – Аниқ маълумотларни йиғдик. 2000 йил аллома таваллудининг 910 йиллиги муносабати билан матбуотда чиқишлар ҳам қилдик. Аммо мавзу шу ҳолича қолиб кетди. Афсуски, қабр мукаммал ўрганилиб, ҳақиқат юзага чиқмади. Аслида, ушбу манзилгоҳ обод қилиниб, тарихий қадамжо сифатида қаралмоғи зарур.
 
Бурҳониддин Марғиноний қабрини зиёрат қилишга бутун ислом олами муштоқ, аммо биз бунга тайёрмизми?  
 
Буюк аллома Бурҳониддин Марғиноний 1123 йил Марғилонда туғилган. Умри давомида Қуръон, ҳадис илмларини мукаммал эгаллаган. Ислом ҳуқуқшунослигини пухта ўрганганлиги ва бу борада беқиёс ишлар қилганлиги боис “Бурҳон уд-дин” (ислом динининг далили) номи билан машҳурдир. Дастлаб таълимни ўзи таваллуд топган қишлоқда олади. Сўнг ўша даврда Мовароуннаҳрнинг диний ва маърифий маркази бўлмиш Самарқандда фаолиятини давом эттиради. Марғиноний ҳазратлари фиқҳшунос бўлибгина қолмасдан ислом дини моҳиятини чуқур асослаб берувчи мукаммал асарлар муаллифи ҳамдир. Ул зотнинг “Китоб ул-мазид”, “Муносиб ул-ҳаж”, “Мажму ал-навозил”, “Китоб ул-фароиз” ва “Бидоят ул-мубтайн” каби машҳур асарлари бор. Ханафия мазҳабининг асосий қўлланмасига айланган “Ҳидоя” асари 1178 йил Самарқандда ёзилади. Тез орада бу асар мукаммал, аниқ ва изчиллиги билан ислом оламида танилди. Бугунги кунда ҳам китоб кўплаб диний масканлар, жумладан, Қоҳирадаги “Ал-азҳар” дорулфунунида асосий дарсликлар қаторида ўрганилиб келинмоқда. Ушбу асар бир неча асрлар давомида деярли барча мусулмон давлатларида ҳуқуқшунослик бўйича энг асосий қўлланма ҳисобланиб, ислом шариати юзасидан иш юритаётган мамлакатлар ушбу қўлланмадан кенг фойдаланадилар.
 
Айни дамда эса ислом фиқҳшунослигида ягона ва мукаммал қўлланма ҳисобланган “Ҳидоя” асарининг муаллифи Бурҳониддин Марғиноний қабри борасидаги бу каби иккиланишларга чек қўйиш вақти келди. 
 
Ҳазрат Алишер Навоий Самарқандда сургун вақтида Чокардиза қабристонини зиёрат қилган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам мемуар асари бўлмиш “Бобурнома”да Бурҳониддин Марғиноний қабри ҳақида қисқача тўхталиб ўтган. Мулла Мўмин эса айнан ана шу қабрни ўзи яшаётган қишлоқ яқинидаги қабристонга кўчиртириб келгани ҳақида мақолаларда қайд этилган. 
 
Маълумки, Бурҳониддин Марғиноний 1197 йилда Самарқандда вафот этади. Одатий анъанага кўра маърифий ишлар ривожи ва ислом дини кенгайишида ўз ҳиссасини қўшган кишилар ҳудуддаги Чокардиза қабристонида дафн этилган. Аллома ҳам дастлаб ана шу масканда қўним топган эди. Мулла Мўмин қабрни бир неча бор зиёрат қилгани боради. Манзилгоҳ ҳароба ҳолатида экани ва яқинда тугатилаётгани ҳақидаги хабарни эшитиб хуноб бўлади. 1966 йил кўплаб қийинчиликларга учраса ҳам аллома қабрини ўзи яшаётган қишлоқ яқинидаги Хўжақул эшон қабристонига олиб келади. Бурҳониддин Марғинонийнинг муборак ҳоклари туман ҳудудига олиб келингач, Хўжақул эшон қабристонининг ҳали одам қўйилмаган бўш ерига қабр ковланиб, лаҳатга қўйилгани ҳақида меҳнат фаҳрийси Нормамат Турниёзов маълумот беради (“Ўзбекистон овози” газетасининг 2000 йил 14 март сонида). Ислом шариати юзасидан барча амаллар бажо келтирилиб, аллома иккинчи қабрга қўйилади. Шоир Тошпўлат Хўжамов ҳали ёш бўлса-да бу воқеаларни яхши эслайди. Истиқлол йилларида эса туман газеталарида шу мавзуни ёритиб қатор мақолалар ёзган. Мулла Мўмин ўз васиятига кўра алломанинг оёқ томонида дафн этилади. Бугун қишлоқнинг кекса ёшли кишилари ушбу қабристонни зиёрат қилганларида Бурҳониддин Марғиноний ҳаққига ҳам дуо қиладилар. Бу бежизга эмас, албатта. 
 
Ўтган асрнинг 50-60 йилларида Самарқанднинг шимолий қисмлари, шу жумладан, Чокардиза қабристони ҳам яҳудийларга яшаш учун ажратилади. Натижада, қабристон ҳудуди батамом бузиб ташланаётган бир даврда Мулла Мўминнинг савобли иш қилгани ва бунинг Хатирчи тумани билан боғлиқ экани асосли, албатта. Тарихдан маълумки, қабрлари бир жойдан иккинчи жойга кўчирилган бўлса ҳам марҳумнинг хок-суяклари қаерга келтириб қўйилса, ўша ер кўчириш вақти ва сабабларидан қатъий назар ҳақиқий қабр ҳисобланади. Бунга Заҳириддин Муҳаммад Бобур қабри ҳам яққол мисол бўла олади.
 
2000 йилда Бурҳониддин Марғиноний таваллудининг 910 йиллиги муносабати билан Марғилон шаҳрида гўзал ёдгорлик мажмуаси бунёд этилган. Аллома туғилган маскандаги рамзий қабр обод қилинганлиги яхши. Бироқ ислом дини пешвоси ва фиқҳшуноси Марғиноний ҳазратларининг асл қабрлари қаровсиз ва ободонлаштирилишга муҳтожлигини ақлга сиғдириш қийин. Шу билан биргаликда бутун мусулмон давлатлари тан олган йирик маърифатпарвар Бурҳониддин Марғиноний қабрини қаерда жойлашган эканини заминдош бўла туриб билмаслигимиз ҳам ачинарли. Билиб туриб, индамасликнинг бугун асло иложи йўқ. Бу эса бобомиз олдидаги бизнинг адо этиб бўлмайдиган қарзимиз, бажаришимиз лозим бўлган фарзимиздир. 
 
Шундай экан, Навоий вилояти Хатирчи туманидаги Хўжақул эшон қабристонидаги алломанинг ҳақиқий қабри обод қилинса, тумандаги зиёратгоҳлар сони яна биттага кўпаяр ва ислом тарихи йўлида навбатдаги савобли иш амалга оширилган бўларди.
 
Дилобар Аслиддин қизи,
ЎзА
Манба: http://uza.uz
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Бошингизга тушган ғам-ташвишлардан қандай хулоса чиқардингиз?

9.01.2025   5313   4 min.
Бошингизга тушган ғам-ташвишлардан қандай хулоса чиқардингиз?

Бир ўтириб, яшаб ўтган шунча йиллик ҳаётимизда бошдан кечирган ғам-ғуссаларимиз ҳақида фикр юритиб кўрсак, қайғулар икки хил эканини кўрамиз:

Биринчисиўша пайтда кўзимизга катта кўриниб, ҳатто йиғлашимизга сабаб бўлган қайғуларимиз. Лекин вақт ўтиши билан улар аслида оддий нарса экани, йиғлашга арзимаслиги маълум бўлади. Баъзан ўша кунларни эслаганимизда кулгимиз келиб, «Шу арзимас нарса учун ҳам сиқилиб, йиғлаб юрган эканманми? У пайтларда анча ёш бўлган эканмиз-да», деб қўямиз.

Иккинчисиҳақиқатдан ҳам катта мусибатлар. Баъзилари ҳаётимизни зир титратган. Бу қайғулар ҳам ўтиб кетади, лекин ўчмайдиган из қолдириб кетади. Бу излар узоқ йилларгача қалбга оғриқ бериб тураверади. Бу қайғулар баъзан тўхтаб, баъзан ҳаракатга келиб, янгиланиб турадиган вулқонга ўхшайди. Бундай ғам-қайғуларнинг яхши тарафи шундаки, улар ҳаётда ҳам, охиратда ҳам яхшиликларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Улар қалбимизда ўчмас из қолдирса, ҳар эслаганда кўзларимизда ёш қалқиса, энг асосийси – ўшанда дуога қўл очиб, сабр билан туриб бера олсак, кўп-кўп яхшиликларга, ажр-савобларга эга бўламиз. Ғам-қайғу янгиланиши билан яхшиликлар ҳам янгиланиб бораверади.

Ғам-қайғусиз ҳаётни кутиб яшаётган қизга «Сиз кутаётган кун бу дунёда ҳеч қачон келмайди», деб айтиш керак.

Аллоҳ таоло «Биз инсонни машаққатда яратдик», деган (Балад сураси, 4-оят).

Бу ҳаёт – ғам-ташвишли, азоб-уқубатли, машаққатли ҳаётдир. Мўмин одам буни жуда яхши тушунади. Бу дунёда қийналса, азоб чекса, охиратда албатта хурсанд бўлишини билади. Инсон мукаммал бахтни фақатгина охиратда топади. Шунинг учун улуғлардан бирига «Мўмин қачон роҳат топади?» деб савол беришганда, «Иккала оёғини ҳам жаннатга қўйганида», деб жавоб берган экан.

Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, охират ҳақида ўйлаб, унга тайёргарлик кўриш ҳаётни гўзал қилади, қайғуларни камайтириб, унинг салбий таъсирини енгиллатади, қалбда розилик ва қаноатни зиёда қилади, дунёда солиҳ амалларни қилишга қўшимча шижоат беради, мусибатга учраганларни бу ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар бир кун келиб, бу дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, барибир якун топишига ишонтиради. Охират ҳақида ўйлаб, фақат солиҳ амаллар қилишга интилиш инсонни бахтли қилади.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига қаноат солиб қўяди, уни хотиржам қилиб қўяди, дунёнинг ўзи унга хор бўлиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг дардини фақирлик қилиб қўяди, паришон қилиб қўяди, ваҳоланки дунёдан унга фақат тақдир қилинган нарсагина келади».

Аллоҳ таоло фақат охират ғами билан яшайдиган (охират ҳақида кўп қайғурадиган, ҳар бир амалини охирати учун қиладиган) қизнинг қалбини дунёнинг матоҳларидан беҳожат қилиб қўяди. Қарабсизки, бу қиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтли ҳис қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Хотиржамликда, осойишталикда, қаноатда яшагани учун истамаса ҳам қўлига мол-дунё кириб келаверади. Зеро, Аллоҳ таоло охират ғамида яшайдиган, шу билан бирга, ҳаётий сабабларни ҳам қилиш учун ҳаракатдан тўхтамаган кишининг ризқини кесмайди, уни неъматларига кўмиб ташлайди.

Аммо Аллоҳ таоло бор ғам-ташвиши дунё бўлган қизни фақирлар қаторида қилиб қўяди. Бундай қиз мол-дунёга кўмилиб яшаса ҳам, ўзини фақир, бечора ҳис қилаверади. Натижада дарди янгиланаверади, дардига дард қўшилаверади, фикрлари тарқоқ бўлиб, изтиробга тушади. Афсуски, шунча елиб-югургани билан фақат дунёнинг неъматларига эриша олади, охиратда насибаси бўлмайди.

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев 
таржимаси.