Тибет деганда кўпчиликнинг ҳаёлига дарҳол бутпарастлик келади. Аммо Тибет аҳолисининг тахминан 2-3 фоизини мусулмонлар ташкил этишини кўпчилик билмаса керак.
Непал мусулмон жамоаси оқсоқоллари Муҳаммад Иброҳим ва Абдулраҳмон Батт Тибет мусулмонлари ҳақида куйидаги маълумотларни тақдим этишди. Бу ҳақда "info.islom" нашри хабар берди.
1. Мусулмонлар бутпарастлар билан доим аҳил-иноқ бўлиб яшаган.
Тарихий манбаларга таяниб шуни айтиш мумкинки, Непал, Хитой ва Ҳиндистонлик мусулмон садогарлар Тибетга XIV-XVII асрларда келиб, бу ерда кўним топганлар. Ўша пайтдан буён то бугунги кунгача улар маҳаллий аҳоли билан тинч-тотув умргузаронлик қилиб келишмоқда.
2. Далай-лама тибетлик мусулмонларни ҳеч қачон қораламаган.
Айтишларича, Далай-лама мусулмон савдогарларни Тибетда қолишга ундаб, уларга турли имтиёзлар берган ҳамда масжид ва қабристон қурилиши учун ер ажратган. Муҳаммад Иброҳимнинг таъкидлашича, ҳозирги Далай-лама фақатгина мусулмон қассоб етказиб турадиган ҳалол гўштни тановул қилади.
3. Тибет мусулмонлари маҳаллий маданиятни асраб қолишга ёрдам берган.
1950 йилда Тибет Хитой томонидан истило этилганда минтақада яшовчи мусулмонларнинг тили ва урф-одатлари тўлалигича тибетликларникига мослаштирилган эди. Непалдаги истаган мусулмон хонадонига ташриф буюрсангиз, бу ҳолатни гувоҳи бўлишингиз мумкин.
4. Тибетлик мусулмонларнинг ҳижрати.
Хитой ҳукумати томонидан ҳеч қандай тазйиқ ва босимга учрамай ўз тадбиркорлигини муваффақиятли давом эттираётган тибетлик мусулмонлар шу ерда туғилиб, униб-ўсаётган авлод келажагидан ҳавотирда эканликларини билдирганлар. Шу сабабли мусулмон жамоасининг ёши улуғ вакиллари Хитой коммунистик партиясидан Ҳиндистон ва Непалга қайтиш учун изн сўрашган.
5. Тибет мусулмон жамоаси нодавлат фаровонлик жамғармасини ташкил этиб, унинг асосий фаолияти таълим соҳаси билан боғлиқ. Тушаётган закот ҳамда ҳайр-эҳсон ва садақа пуллари асосан мусулмон талабаларга ажратилмоқда.
ЎМИ Матбуот хизмати
“Ражаб” сўзи қандай маънони англатади?
– Араб тилидаги “ражаб” сўзи ўзбекчада “улуғлаш”, “ҳурматлаш” маъноларини ифода этади.
Ражаб ойи қандай ой?
– Ражаб ойи – Аллоҳ таоло уруш қилишни ҳаром қилган (зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам, ражаб) ойлардан биридир.
Ражаб ойининг қандай фазилатлари бор?
– Ражаб ойи баракали ва улуғ ой бўлиб, ундаги озгина яхши амал эвазига кўплаб ажру савоблар берилади. Ибодатлар ва дуолар ижобат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Беш кеча борки, унда дуолар рад этилмайди: ражаб ойининг аввалги кечаси; шаъбон ойининг ярмидаги кеча; жума кечаси; фитр куни кечаси ва қурбонлик кечаси” (Ибн Асокир ривояти).
Ражаб ойини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказганлар?
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ражаб ойида рўза тутганлар. Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: “Саъид ибн Жубайрдан ражаб ойида турганимизда ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик”, деяётганини эшитганман”, деди”.
– Ражаб ойи кирганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма барик лана фи ражабин ва шаъбана ва баллиғна рамазона” (Аллоҳим, ражаб ва шаъбон ойларида бизларга барака ато қилгин ва бизларни рамазон ойига етказгин!”) деб дуо қилганлар (Имом Байҳақий ва Имом Тобароний Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Уламолардан бири: “Ражаб шамолга, шаъбон булутга, рамазон ёмғирга ўхшайди. Кимки ражаб ойида экин экмаса, шаъбон ойида уни суғормаса, рамазон ойида қандай ҳосил олади?” деган.
Шундай экан, рамазонда олажак ҳосилимиз мўл бўлмоғи учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олган ҳолда ражаб ойида кўпроқ солиҳ амаллар билан бирга астойдил дуолар қилишни ҳам унутмайлик!
Ғафлатда қолмайлик, азизлар, вақт ғанимат, умр бевафо!
Даврон НУРМУҲАММАД