Саудия Арабистони ҳукумати умра ибодатини осон ва қулай адо этишлари мақсадида рамазон ойининг бошидан охирига қадар тавоф майдонини фақат умра зиёратчилари учун хослашга кўрсатма берди. Маккаи мукаррама амири ва Ҳаж олий қўмитаси раиси Амир Холид ал-Файсал рамазонда ҳукумат режалари ва тайёргарлик ишларини ўрганишга бағишлаб ўтказилган Ҳаж олий қўмитаси йиғилишида шуни таъкидлади.
Унга кўра, тавоф майдонида умра зиёратчиларига шом намозидан сўнг таровеҳ намози тугагунга қадар умра тавофини қилишга рухсат этилади.
Шунингдек, мазкур кўрсатмага мувофиқ, намозхонлар Масжидул Ҳаромнинг ички хонақоҳлари, таъмирдан чиққан бинолар ва Ҳарами шарифнинг шимолий тарафдаги кенг майдонда таровеҳ намозини адо этадилар.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.
Осмонлару ерни яратган Зотнинг қаршисига маъсиятлар ила чиқа кўрманг, ғазабига тоқатингиз, иқобига сабрингиз ва азобига қудратингиз етмайди.
Доктор Абдул Муҳсин Аҳмад ўзининг бир қариндоши билан бўлган воқеани айтиб берди. Воқеага кўра бир йигит укасига доим “Аллоҳга ҳамд айтгин” деса, укаси: “Нима учун Аллоҳга ҳамд айтишим керак?” – дер, Яратганга бўйин эггиси келмасди.
Ахир унинг бу гапини оламлар Рабби бўлган Зот эшитиб турибди! Аллоҳ уни икки оёғи билан юрғизиб қўйибди, қанча одамлар юра олишмайди. Неча-неча инсонлар кўриш неъматидан мосуво бўлганида, унинг кўзлари кўриб турибди.
Вақт ўтиб йигит автоҳалокатга учрайди. Унинг аъзолари қаттиқ шикастланади. Операциядан сўнг доктор Абдул Муҳсин Аҳмад уни бир умр ногирон бўлиб қолганлигини, танасининг ярми ишламаслигини, аниқроғи, бир ўлимдан қолганлигини айтади.
Аллоҳ буюк! Унинг неъматлари чексиз. Биз бандалар доим шукрда бўлмоғимиз лозим. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «...Албатта, Унинг ушлаши аламли ва шиддатлидир»[1].
Тасаввур қилинг, борди-ю, сиз дўзахийлардан бўлсангиз, у ердаги азобга чидай оласизми?! Албатта, йўқ.
Шундай экан Аллоҳга тавба қилинг! У Зотга хуш келмайдиган ишлардан қайтинг. Солиҳ амаллар ила Раббингизга яқинлашинг.
Аллоҳ берган неъматларга шукр қилинг. Гуноҳ ва маъсиятнинг кичиклигига қараманг. Аллоҳнинг буюклигини назарингиздан қочирманг.
Аллоҳ буюк! У Зот сизни кутилмаганда ушламасидан аввал қалбингизни қўрқув ила тўлдиринг. Қазоингиз яқинлашмасидан аввал покланинг. Ўлим келгандаги пушаймондан наф йўқ ва бунинг учун имкон берилмас...
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Ҳуд сураси, 102-оят.