Ёши тўқсондан ошган онахоннинг ўғли айтади: “Бир куни уйимизга қариндошимиз келиб қолди. Ёнимда онам ўтирган эдилар, уларни кўришлари билан: “МашаАллоҳ, уйингизда онангиз, сизнинг ҳузурингизда?” деди”.
Мен: “Йўғ-э. Мен у кишининг ҳузурларида, уйларидаман”, дедим.
Шунда онам: “Йўқ, эй ўғлим. Болалигингда сен бизни ҳузуримизда эдинг. Кексайганимиздан кейин, биз сенинг ҳузурингда бўламиз. Аллоҳ таолонинг ушбу каломини ўқимаганмисан? “Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар” (Исро сураси, 23-оят), дедилар”.
Ўғил айтади: “Гўёки мен ушбу оятни эндигина эшитаётган бўлдим. Ота-оналардаги ҳамма нарса ёшлари ўтган сайин заифлашиб борар экан, фақат оталик ва оналик меҳри кучайиб бораверади”.
Шундай экан ушбу меҳрни совуққонлик билан сўндириб қўйишдан сақланинг. Ота-онангизни уларга итоатсизлик қилиб ҳафа қилиб қўйманг. Аллоҳга қасамки, ота-онанинг фарзандидан ҳасрат қилиб тўккан бир томчи кўз ёши фарзанднинг ҳаётини зулмат гирдобига ғарқ қилишга кифоя қилади.
Ушбу дуони кўп такрорланг: “Роббим, мени ва ота-онамни мағфират қилгин”, “Роббим, менга раҳм қилганларидек, Сен ҳам ота-онамга раҳм қил”.
Зеро, ушбу дуонинг ўзи ҳам ота-онага яхшилик қилишнинг бир кўринишидир.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Мамлакатимизда диний-маърифий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар халқаро экспертлар томонидан юксак баҳоланмоқда. Бу ўзгаришлар замирида заминимиздан етишиб чиққан буюк алломалар, шахслар, илм-фанга улкан ҳисса қўшган машҳур аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, бой илмий меросини кенг тарғиб қилиш ишлари мужассам.
Самарқанд шаҳрида ўтказилган "Мотуридийлик — бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти" мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман фикримизни тасдиқлайди. Ушбу нуфузли анжуманда "Имом Мотуридий ва унинг издошлари илмий меросининг ислом илмлари ривожидаги ўрни", "Мотуридийлик таълимотида умуминсоний қадриятлар талқини", "XXI асрда мотуридийлик таълимотининг аҳамияти" каби шўбаларда муҳокамалар бўлиб ўтди. Муфтийлар, илм-фан арбоблари ва илмий тадқиқотчилар ўз маърузаларида буюк бобомизнинг илмий мероси, мотуридийлик таълимотининг моҳияти каби муҳим масалаларда сўз юритди.
Тадбирда Миср, Туркия, Малайзия, Индонезия, БАА, Саудия Арабистони, Кувайт, Қатар, Покистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби 20 дан ортиқ давлатдан 70 дан зиёд муфтий, нуфузли исломшунос олимлар, давлат ва жамоат арбоблари, мотуридийшунос тадқиқотчилар, тарихшунослар ва диний-маърифий соҳа вакиллари қатнашди.
Жамолиддин Каримов,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори
Манба: "Янги Ўзбекистон" газетаси 2025 йил 1 май, 88-сон