Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Июн, 2025   |   29 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
25 Июн, 2025, 29 Зулҳижжа, 1446

Каъбаи муаззама ичкарисида туғилган ягона инсон

08.05.2018   8231   3 min.
Каъбаи муаззама ичкарисида туғилган ягона инсон

Мўминлар онаси Хадича бинти Хувайлиднинг  жияни Ҳаким ибн Ҳизом ибн Хувайлид Каъбаи муаззама ичкарисида туғилган ягона инсондир. 

* * *

Ҳаким ибн Ҳизом обрўли, бадавлат оилада оқил, яхши хулқли бўлиб улғайди. Қавми уни ҳурмат қилиб, рифодат (жоҳилия даврида муҳтож ҳожиларга овқат улашувчи) мансабини беришган эди.

Ҳаким ибн Ҳизом Муҳаммад Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам билан пайғамбарлик келмасидан олдин қалин дўст эди. Беш ёш катта бўлса ҳам оламлар Сарвари уни ўзларига яқин тутар, дўстлигига дўстлик, муҳаббатига муҳаббат билан жавоб қилардилар.

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Ҳакимнинг аммаси Хадича бинти Хувайлидга (розияллоҳу анҳо) уйланганларидан кейин ўрталаридаги алоқа қариндошлик билан янада мустаҳкам бўлди.

* * *

Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васаллам Ҳакимдек эсли-ҳушли, ақл-фаросатли одамнинг ишларидан ҳайрон бўлардилар. У ва у каби бир неча кишиларнинг тез кунда Исломни қабул қилишига умид боғлардилар.

Макка фатҳидан бир кун олдин Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам  саҳобаларга:

– Маккада тўрт киши бор, уларнинг мусулмон бўлмай, мушриклигича қолиб кетиши ақлга сиғмайди, – дедилар.

Саҳобалар:

– Улар кимлар, ё эй Аллоҳнинг Расули? – деб сўрашди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Аттоб ибн Усайд, Жубайр ибн Мутъим, Ҳаким ибн Ҳизом ва Суҳайл ибн Амр, – деб жавоб бердилар.

Аллоҳнинг фазли билан барчаси Исломни қабул қилди.

* * *

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳ этилганидан сўнг ҳам Ҳаким ибн Ҳизомга ҳурмат кўрсатдилар ва жарчиларга бундай дейишни буюрдилар:

“Ким шериги бўлмаган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг қули ва элчисидир, деб гувоҳлик келтирса, молию жони омонда.

Ким Каъбага кириб, қуролини топширса, молию жони омонда.

Ким уйига кириб, эшигини беркитиб олса, молию жони омонда.

Ким Абу Суфённинг уйига кирса, молию жони омонда.

Ким Ҳаким ибн Ҳизомнинг уйига кирса, молию жони омонда...”

Ҳакимнинг уйи Макканинг қуйи, Абу Суфённики эса юқори қисмида эди.

* * *

Ҳунайн ғазотидан сўнг Ҳаким ибн Ҳизом Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига бориб, ўлжадан улуш сўради. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам  сўраганини бердилар. Яна сўради. Сарвари олам яна улуш ажратдилар. Сўрай-сўрай Ҳакимнинг улуши юзта туяга етди. Шунда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам:

– Эй Ҳаким, дунё ширин ва мафтункор. Ким ундан қаноат билан фойдаланса, баракага эришади. Очкўзлик билан ҳаракат қилган, ундан маҳрум бўлади. Тепадаги қўл пастдагисидан яхшироқдир, – дедилар.

Буни эшитган Ҳаким:

– Ё Расулуллоҳ, Буюк Зотга қасам, энди ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамайман, – деди ва умрининг охиригача шу сўзида турди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврида бир неча  марта хазинадан улушини олишга чақиришди, аммо у ҳеч нарса қабул қилмади.

 “Ҳидоят” журналидан

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар

Олдинги сафдаги намозхоннинг белига сажда қилиш мумкинми?

23.06.2025   3294   1 min.
Олдинги сафдаги намозхоннинг белига сажда қилиш мумкинми?

Савол: Биз томонларда қаттиқ ёмғир ёғиб, Жума ва икки ҳайит намозларида одамлар ташқарида намоз ўқий олмай, масжид ичига тиқилиб кетади. Суннатни алмашиб ўқиб олишади, аммо фарз намозда бунинг имкони йўқ-ку. Бу ҳолатда қандай йўл тутилади?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу каби узрли ҳолларда яъни саволда зикр қилинганидек, Жума ва икки ҳайит намозларида орқадагилар олдинги сафдаги намозхонларнинг белларига сажда қилиб, намозни адо этсалар бўлади.

Бунинг кайфияти шундай: Аввалги сафдагилар одатдагидек руку ва сажда қиладилар. Уларнинг орқасидагилар эса, рукуда имкон қадар эгиладилар, сўнг саждада олдинги сафдаги одамларнинг орқа белларига бошларини қўйиб, сажда қиладилар. Фарзни шундай ўқисалар, суннатларни саволда айтилгандек алмашиб ўқиб олаверадилар. Чунки белга сажда қилиш зарурат туфайли жоиз бўлади. Суннат намозни ўқишда эса, бундай зарурат бўлмайди.

Бундан ташқари, бу каби узрли ҳолатларда олдиндаги одамнинг оёқлари устига ёки ўзининг сонига ҳам сажда қилиш мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.