Мўминлар онаси Хадича бинти Хувайлиднинг жияни Ҳаким ибн Ҳизом ибн Хувайлид Каъбаи муаззама ичкарисида туғилган ягона инсондир.
* * *
Ҳаким ибн Ҳизом обрўли, бадавлат оилада оқил, яхши хулқли бўлиб улғайди. Қавми уни ҳурмат қилиб, рифодат (жоҳилия даврида муҳтож ҳожиларга овқат улашувчи) мансабини беришган эди.
Ҳаким ибн Ҳизом Муҳаммад Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам билан пайғамбарлик келмасидан олдин қалин дўст эди. Беш ёш катта бўлса ҳам оламлар Сарвари уни ўзларига яқин тутар, дўстлигига дўстлик, муҳаббатига муҳаббат билан жавоб қилардилар.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Ҳакимнинг аммаси Хадича бинти Хувайлидга (розияллоҳу анҳо) уйланганларидан кейин ўрталаридаги алоқа қариндошлик билан янада мустаҳкам бўлди.
* * *
Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васаллам Ҳакимдек эсли-ҳушли, ақл-фаросатли одамнинг ишларидан ҳайрон бўлардилар. У ва у каби бир неча кишиларнинг тез кунда Исломни қабул қилишига умид боғлардилар.
Макка фатҳидан бир кун олдин Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга:
– Маккада тўрт киши бор, уларнинг мусулмон бўлмай, мушриклигича қолиб кетиши ақлга сиғмайди, – дедилар.
Саҳобалар:
– Улар кимлар, ё эй Аллоҳнинг Расули? – деб сўрашди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Аттоб ибн Усайд, Жубайр ибн Мутъим, Ҳаким ибн Ҳизом ва Суҳайл ибн Амр, – деб жавоб бердилар.
Аллоҳнинг фазли билан барчаси Исломни қабул қилди.
* * *
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳ этилганидан сўнг ҳам Ҳаким ибн Ҳизомга ҳурмат кўрсатдилар ва жарчиларга бундай дейишни буюрдилар:
“Ким шериги бўлмаган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг қули ва элчисидир, деб гувоҳлик келтирса, молию жони омонда.
Ким Каъбага кириб, қуролини топширса, молию жони омонда.
Ким уйига кириб, эшигини беркитиб олса, молию жони омонда.
Ким Абу Суфённинг уйига кирса, молию жони омонда.
Ким Ҳаким ибн Ҳизомнинг уйига кирса, молию жони омонда...”
Ҳакимнинг уйи Макканинг қуйи, Абу Суфённики эса юқори қисмида эди.
* * *
Ҳунайн ғазотидан сўнг Ҳаким ибн Ҳизом Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига бориб, ўлжадан улуш сўради. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам сўраганини бердилар. Яна сўради. Сарвари олам яна улуш ажратдилар. Сўрай-сўрай Ҳакимнинг улуши юзта туяга етди. Шунда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам:
– Эй Ҳаким, дунё ширин ва мафтункор. Ким ундан қаноат билан фойдаланса, баракага эришади. Очкўзлик билан ҳаракат қилган, ундан маҳрум бўлади. Тепадаги қўл пастдагисидан яхшироқдир, – дедилар.
Буни эшитган Ҳаким:
– Ё Расулуллоҳ, Буюк Зотга қасам, энди ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамайман, – деди ва умрининг охиригача шу сўзида турди.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврида бир неча марта хазинадан улушини олишга чақиришди, аммо у ҳеч нарса қабул қилмади.
“Ҳидоят” журналидан
Бугунги кунда ахборот тарқатиш имконияти ҳар бир инсонда мавжуд. Биргина сўз, алоқа қурилмаларидаги биргина ҳаракат бутун жамиятда шов-шув, ваҳима келтириб чиқариши мумкин. Англамай, ёки ўйинқароқлик билан, ёки мақсадли ёлғон ахборот тарқатиш ҳоллари кўп кузатилмоқда. Хусусан, дин ва эътиқод каби нозик масалаларда тарқатилаётган фейк хабарлар нафақат шахсий хатолик, балки жамиятга салбий таъсир ўтказувчи умумий масъулият ҳамдир.
Ёлғон гапириш оғир гуноҳлардан саналади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ростгўйликни маҳкам тутинглар. Зеро, ростгўйлик эзгуликка йўллайди, эзгулик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапириш ва ростгўйликка интилишда давом этаверади, натижада Аллоҳ ҳузурида ростгўй деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинглар. Зеро, ёлғончилик гуноҳкорликка, фожирлик эса дўзахга бошлайди. Банда ёлғон гапириш ва ёлғончиликка интилишда давом этаверади, ниҳоят Аллоҳ ҳузурида ёлғончи деб ёзилади”, дедилар. (Имом Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).
Шундай экан, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборотни тарқатиш қатъий ман қилинган.
Фейк хабар тарқатишнинг кўплаб салбий оқибатлари бор:
Қуръони каримнинг Ҳужурот сураси 6-оятда шундай марҳамат қилинади:
“Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмай бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”.
Фейк, ёлғон хабарлардан эҳтиёт бўлиш кераклигини Қуръони карим таъкидламоқда. Демак, ҳар қандай хабарни текшириш ва эҳтиёт билан ёндошиш керак.
Рост хабарни қандай ажратиш мумкин:
Ҳар бир хабар – тарқатувчи учун ҳам, ундан фойдаланувчи учун ҳам масъулият. Алоқа воситалари ва ижтимой тармоқларга жойлаётган пост билан ё тўғриликни тарғиб қилиш, ёки одамларни чалғитиш мумкин.
Шундай экан, фейк ахборот тарқатиш оғир маънавий жиноятдир. Ҳар бир мусулмон бундай хатарли ҳолатдан ўзини ва бошқаларни сақлаши лозим.
Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо
жоме масжиди имом-хатиби Шермуҳаммад Болтаев