Ҳар йили 7май куни Босния ва Ҳерсоҳовинада Масжидлар куни нишонланади. Ушбу кунда 1992-1995 йилларда юз юерган фуқаролар уруши натижасида содир этилган хунрезликлар ва вайрон этилган Сребреница шаҳри обидалари хотирланади.
Ушбу кунда серб ва хорват ҳарбийлари томонидан бузиб ташланган юзлаб масжид ва диний иншоатлар ҳақида одамларга сўзлаб берилади.
7 май кунининг нишонланиши бекорга эмас, ушбу кунда Баня-Лука шаҳридаги Фарҳодия масжидининг серб қўшинлари томонидан портлатиб юборилган. Ушбу масжид Босния ва Ҳерсоховинанинг маданий белгиси ҳисобланади.
Босния ислом иттифоқининг маълумотларига кўра, уруш вақтида 614 та масжид бутунлай бузиб ташланган. Урушга қадар мамлакатда 1144 та масжид бўлган ва уларнинг 80 фоизи бузиб ташланган. Бироқ бугун Боснияда 1912 та масжид фаолият юритади, 789 та иншоат қайта тикланган.
Фарҳодия масжидининг тикланиши учун 15 йил муддат сарфланган. Ушбу масжид 1579 йилда қурилган бўлиб, 2016 йилда қайта очилган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўтган 2024 йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбариятининг Қатар давлатининг Ўзбекистондаги элчихонасида бўлиб ўтган учрашув давомида хайрия йўналишидаги бир қанча масалалар юзасидан музокаралар бўлиб ўтган эди. Хусусан, Қатар давлатининг фавқулодда ва мухтор элчиси кам таъминланган оилаларга ёрдам ажратиш, имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, улар учун касб ва билимга ўргатиш курсларини ташкил этиш, зарурий жиҳоз-ускуналар (эшитиш мосламалари, ногиронлик аравачалари, қўлтиқтаёқ ва протез ортопедия-маҳсулотлари) билан таъминлаш каби бир қанча йўналишлар доирасида фонд билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирган эди.
Кеча ана шу музокаралар натижаси ўлароқ, Қатар давлати маблағлари ҳисобига харид қилинган юздан ошиқ ногиронлик аравачалари ва 80 га яқин қўлтиқтаёқлар “Вақф” хайрия жамоат фондига олиб келинди. Ногиронлиги бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш акцияси доирасида келтирилган мазкур жиҳозларни топшириш жараёнида Қатар давлатининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси вазифасини вақтинча бажарувчи Фаҳад Али ал-Ҳаммадий иштирок этиб, фонд билан ҳамкорликдан миннатдор эканлигини, ўзгалар парваришига муҳтож инсонларга оз бўлсада ёрдам бераётганидан хурсандлигини билдирди.
Ўз навбатида “Вақф” хайрия жамоат фонди бошқаруви раҳбари Исохон Абдуллаев Қатар элчихонаси вакилига миннатдорлик билдириб, бу ҳамкорлик ҳар икки томон учун ҳам хайрли бўлаётганини, бу жиҳозлардан кўплаб инсонларнинг мушкули осон бўлишини таъкидлаб ўтди.
Ўзаро мулоқот давомида икки томон ҳам бу каби хайрли ташаббусларни янада кўпайтиришни мақсад қилишди.