Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Январ, 2025   |   5 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:33
Аср
15:26
Шом
17:10
Хуфтон
18:30
Bismillah
04 Январ, 2025, 5 Ражаб, 1446

Бир оят тафсири: эзгулик ва тақво имон йўлидир

7.05.2018   4187   4 min.
Бир оят тафсири: эзгулик  ва  тақво имон  йўлидир

«Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилинглар, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилманглар! Аллоҳдан қўрқинг­лар! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир» (Моида ,2 ). 

Имом Маҳмуд Замахшарий “Кашшоф” тафсирида ушбу оят маъносини бундай: “Эзгулик ва тақво йўлида ҳам­корлик қилинглар”, яъни, кечиримли, ўтимли бўлишда бирлашинглар. “Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманглар”, яъни, ўч олиш, қасд олиш йўлида ҳамфикр бўлманглар.

Айрим саҳобалар мусумонларни Маккага кириб, умра қилишдан қайтарган мушриклардан ўч олиб, уларни ҳам Ҳарамга киришдан қайтармоқчи бўлишади. Аллоҳ таоло ушбу оят орқали уларни кечиримли бўлишга, яхшилик йўлида ўзаро ёрдамлашишга, душманлик, гуноҳ ишларда бирлашмасликка буюрган.

Имом Замахшарий оят тафсирида яна бундай дейди: “Оятда умуман эзгулик ва тақвонинг ҳар қандай кўринишини, гуноҳ ва душманликнинг барча турлари назарда тутилган, дейиш ҳам мумкин. Бу ҳолда ҳам ўзаро кечиримли бўлиш ва (яхшиликларда) ёрдамлашиш маъноси англашилади”.

Имом Абул Баракот Насафий оятни қу­йидагича тафсир қилган: “Эзгулик – буюрилган ишларни қилиш, тақво – қайтарилган ишларни тарк этиш, гуноҳ – буюрилган амалларни қилмаслик, душманлик – қайтарилган ишларга қўл уришдир”.

Ушбу тафсирга кўра, оятнинг мазмуни қуйидагича бўлади: Аллоҳ буюрган ишларни қилишда, қайтарган нарсаларидан сақланишда бир-бирингизга ёрдам беринг, ўзаро ҳамкорлик қилинг. Аллоҳ буюрган ишларни қилмасликда ёки қайтарган амалларга қўл уришда асло бир-бирингизга ёрдамлаша кўрманг, ҳамкор бўлманг.

Муқаддас динимиз таълимотларига кўра, эзгулик Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда буюрилган ва тарғиб қилинган амаллардир. Ватанга хизмат, ота-онани ҳурмат қилиш, катталарга иззат-икром кўрсатиш, кишиларга яхшилик улашиш, омонатга хиёнат қилмаслик, рост гапириш, оилага садоқат – барча-барчаси эзгуликдир.

Аллоҳ таоло оятда эзгулик йўлида ёрдамлашишга буюриб, барча яхшиликларнинг боши ва таянчи бўлган хислат – тақво йўлида ҳамкорлик қилишни алоҳида таъкидламоқда. Тақво эҳтиёт бўлиш, қўрқиш, гуноҳ ишлардан сақланиш маъноларини англатади. Тақво инсоннинг ички оламида, қалбида ўрнашган ноёб хислат, инсонни доимо яхшилик қилишга, эзгулик йўлидан боришга чорлаб туради ва барча ёмонликлардан қайтаради. Тақвони уламолар турлича таърифлашган. Ҳазрат Умар : “Тақво бу – тиканли йўлда оёғингга бирор тикан киргизмай ўтиб боришингдир”, деб тушунтирганлар. Бир сўз билан айтилса, тақво Аллоҳ кўриб турганини билиб, ёмонликлардан сақланиш демакдир. Тақвонинг хусусияти шунда, у инсонни ўзи устидан назоратчи қилиб қўяди. Тақвоси бор инсон ҳеч ким кўрмай турганида ҳам, кимсасиз жойда ҳам гуноҳ қилмайди, ёмонликдан ўзини тия­ди. Тақво виждонни қайраб туриш, уни соф ушлаб туриш омилидир. Агар жамият аъзолари ушбу хислат йўлида ҳамкорлик қилсалар, ўзларида мана шу малакани ҳосил қилишга интилсалар, жамият равнақ топаверади.

Оятнинг давомида гуноҳ ишлардан, ёмон­­­лик йўлида ўзаро ёрдамлашишдан қайтарилмоқда: “Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманглар”. Яъни, гуноҳ, фаҳш, бузуқлик, ахлоқсизлик йўлида ўзаро ёрдамлашманг, адоват, душманлик йўлида ҳамкор бўлманг, фақат яхшилик йўлида бирлашинг.

Агар киши яхши ишларда ҳамкор бўлиб, кейин ёмонларига ҳам ёрдамлашиб кетаверса, унинг яхшиликлари фойдасиз. Шу боис ояти каримада масаланинг ҳар икки томони алоҳида таъкидланмоқда.

Оят сўнгида ушбу кўрсатмаларга амал қилмаган кишиларга огоҳлантириш ҳам бор: “Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ Зотдир”. Яъни, ҳар қандай ҳолатда ҳам тақволи бўлинг. Агар эзгулик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилмасангиз, гуноҳ ва душманлик йўлида бирлашсангиз, билиб қўйинг, дунёда ҳам бу қилган гуноҳ ва адоватингиз оқибатини кўрасиз, охиратда ҳам бу ишингиз жазосиз қолмайди.

 

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,

Тошкент Ислом институти

“Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Тирикчилик қилиш ҳам кундалик жиҳоддир!

3.01.2025   1278   2 min.
Тирикчилик қилиш ҳам кундалик жиҳоддир!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бақувват ва бўйи узун бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан ўтиб кетди. У зот саҳобалар билан бирга ўтирган эдилар. Саҳобалар унинг куч ва қувватидан ҳайрон қолиб дейишди:

– Ё Аллоҳнинг Расули! Қани энди унинг мана шу кучи Аллоҳнинг йўлида ишлатилганида эди?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга дедилар:

– Агар у гўдак болалари учун кўчага чиққан бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у қари ота-онаси учун кўчага чиққан бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у риё ва фахрланиш учун кўчага чиққан бўлса, шайтоннинг йўлидадир!

Инсонлар фақатгина жангга қилич яланғочлаб чиқишни жиҳод деб ўйлашади. Қолган нарсалар уларнинг наздида гўё бир маромдаги оддий урф-одатлар. Тўғри, жанг қилиш Аллоҳ йўлидаги ишлар рўйхатининг аввалида туради. Аммо негадир «Аллоҳнинг йўлида» дейилса, энг аввал мияга жиҳод келади. Ҳолбуки, ҳалол тирикчилик қилиш ҳам Аллоҳнинг йўлидаги иш!

Саҳобалар инсоннинг кучи ва қуввати фақат Аллоҳнинг йўлидаги жиҳодда ишлатилиши керак деб ўйлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг тушунчаларини тўғрилаб қўйдилар. Уларга киши хотини ва бола-чақасининг ташвишида кўчага чиқса, ота-онасининг хизмати учун кўчага чиқса, уйланиш учун маҳрга яроқли нарса топиш илинжида учун кўчага чиқса, у ҳам Аллоҳнинг йўлида юрганини англатдилар!

Аллоҳ йўлида қилган ҳар бир ҳалол амалингизнинг ажрини тасаввур қилиб кўринг! Фарзанд ва аёлингиз яхши еб, яхши кийиниши учун кўчада, уйингиз тартибли бўлиши учун уйингизда ишлашингиз оддийгина одатий иш эмас, Аллоҳ йўлидаги кундалик жиҳоддир!

Ота-онангизни шифохонага олиб боришингиз оддий иш эмас. Бу яхшилик Аллоҳ йўлидаги амалингиздир!

Бир беморни кўргани боришингиз оддий инсоний бурч эмас. Бу Аллоҳ йўлидаги кўнгил олишдир!

Бировнинг отаси ёки онаси вафот қилганида бориб таъзия билдиришингиз оддийгина ижтимоий кўриниш эмас. Бу Аллоҳ йўлида бир-бирига қилинадиган раҳм-шафқатдир!

Тоат, яхшилик ва маъруф ишда ҳаёт кечириш барчаси Аллоҳ йўлида ҳаёт кечиришдир. Бу ишлардаги ажрни тасаввур қилсак, Аллоҳ йўлидаги кураш бизга енгил кечади!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди