Гуноҳи кабиралар (улкан гуноҳлар) даражасига кўра бир неча хил бўлади:
Оила ва насабга тааллуқли улкан гуноҳлардан бўлмиш покиза, мўмина аёлларга туҳмат қилиш ҳақида динимиз нима дейди?
Ҳозирги кунда одамлар орасида инсонларни ва мўмин-мусулмонларни бир-бирларига нисбатан гина-адоват ва нафрат пайдо бўлишига сабаб бўлаётган иллатлардан бири – покиза аёлларга туҳмат қилиш. Бунинг сабабидан оилаларни тинчлигига рахна солиб, ҳатто бузилиб кетишига сабаб бўлмоқда. Бундай номаъқул ишларни қилган, яьни ҳаромдан сақланган, покиза, ҳур аёлга кимда-ким «зинокор» ёки «фоҳиша» деб туҳмат қилса, унга дунёда хорлик ва охиратда улкан азоб бўлади.
Аллоҳ таоло айтади:
إِنَّ الَّذِينَ يَرْمُونَ الْمُحْصَنَاتِ الْغَافِلَاتِ الْمُؤْمِنَاتِ لُعِنُوا فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ وَلَهُمْ عَذَابٌ عَظِيمٌ
يَوْمَ تَشْهَدُ عَلَيْهِمْ أَلْسِنَتُهُمْ وَأَيْدِيهِمْ وَأَرْجُلُهُمْ بِمَا كَانُوا يَعْمَلُون
«Албатта, (бузуқ ниятлардан) бехабар, покиза, мўмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатга дучор бўладилар. Улар учун улуғ азоб бордир. У Кун (қиёмат)да қилиб ўтган (бўҳтонлари) сабабли уларнинг тиллари ҳам, қўлу оёқлари ҳам ўзларининг зиёнларига гувоҳлик берур» (Нур сураси, 23–24-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Еттита ҳалок қилувчи ишдан сақланинглар», деб улар орасида: «(Бузуқ ниятлардан) ғофил, покиза, мўмина аёлларга туҳмат қилиш»ни ҳам санаб ўтганлар (Муттафақун алайҳ).
Кўп инсонлар беҳаё сўзларни айтишга одатланиб қолишган. Ҳолбуки, улар мана шу сўзлари билан дунёда гуноҳкор, охиратда азобга гирифтор бўладилар.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Банда ўйламасдан бир сўзни айтади-да, у сабабли машриқ билан мағриб орасидаги масофадан узунроқ масофага дўзахга қулайди» (Муттафақун алайҳ).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мўмин таъна қилувчи, лаънат айтувчи, ахлоқсиз ва беҳаё сўзловчи бўлмайди» (Термизий ривояти).
Бундай иллатлар, яьни бир покиза аёлни ёки эркакни ноҳақ зинода айблаш, жамиятимиз учун жуда катта зиён келтиради. Туҳмат қилинаётган эркакни ва аёлни орқасида турган қавм-қариндошларини шаъни ва орияти топталади. Оқибатда, мусулмонлар яшаётган жамиятда биринчи навбатда мусулмонларга ишончсизлик пайдо бўлади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда: «Кимки Аллоҳ ва охират кунига ишонар экан, унда яхши гап гапирсин ёки сукут сақласин», дейилган (Муттафақун алайҳ).
Аллоҳ таоло лутф-марҳамати ила барчамизни тилларимиз ёмонлигидан сақласин. Албатта, у саховатли, марҳаматли зотдир.
Зайнилобиддинхон ҚУДРАТОВ
Пискент тумани бош имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бақувват ва бўйи узун бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан ўтиб кетди. У зот саҳобалар билан бирга ўтирган эдилар. Саҳобалар унинг куч ва қувватидан ҳайрон қолиб дейишди:
– Ё Аллоҳнинг Расули! Қани энди унинг мана шу кучи Аллоҳнинг йўлида ишлатилганида эди?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга дедилар:
– Агар у гўдак болалари учун кўчага чиққан бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у қари ота-онаси учун кўчага чиққан бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у риё ва фахрланиш учун кўчага чиққан бўлса, шайтоннинг йўлидадир!
Инсонлар фақатгина жангга қилич яланғочлаб чиқишни жиҳод деб ўйлашади. Қолган нарсалар уларнинг наздида гўё бир маромдаги оддий урф-одатлар. Тўғри, жанг қилиш Аллоҳ йўлидаги ишлар рўйхатининг аввалида туради. Аммо негадир «Аллоҳнинг йўлида» дейилса, энг аввал мияга жиҳод келади. Ҳолбуки, ҳалол тирикчилик қилиш ҳам Аллоҳнинг йўлидаги иш!
Саҳобалар инсоннинг кучи ва қуввати фақат Аллоҳнинг йўлидаги жиҳодда ишлатилиши керак деб ўйлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг тушунчаларини тўғрилаб қўйдилар. Уларга киши хотини ва бола-чақасининг ташвишида кўчага чиқса, ота-онасининг хизмати учун кўчага чиқса, уйланиш учун маҳрга яроқли нарса топиш илинжида учун кўчага чиқса, у ҳам Аллоҳнинг йўлида юрганини англатдилар!
Аллоҳ йўлида қилган ҳар бир ҳалол амалингизнинг ажрини тасаввур қилиб кўринг! Фарзанд ва аёлингиз яхши еб, яхши кийиниши учун кўчада, уйингиз тартибли бўлиши учун уйингизда ишлашингиз оддийгина одатий иш эмас, Аллоҳ йўлидаги кундалик жиҳоддир!
Ота-онангизни шифохонага олиб боришингиз оддий иш эмас. Бу яхшилик Аллоҳ йўлидаги амалингиздир!
Бир беморни кўргани боришингиз оддий инсоний бурч эмас. Бу Аллоҳ йўлидаги кўнгил олишдир!
Бировнинг отаси ёки онаси вафот қилганида бориб таъзия билдиришингиз оддийгина ижтимоий кўриниш эмас. Бу Аллоҳ йўлида бир-бирига қилинадиган раҳм-шафқатдир!
Тоат, яхшилик ва маъруф ишда ҳаёт кечириш барчаси Аллоҳ йўлида ҳаёт кечиришдир. Бу ишлардаги ажрни тасаввур қилсак, Аллоҳ йўлидаги кураш бизга енгил кечади!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди