Уйланаётган эркак келинга маҳр беради. Шариат қонунига кўра, маҳр келиннинг мулки саналади. Маҳр исталган нарсадан иборат бўлиши мумкин. Миқдори энг ками 30 грамм кумуш оғирлигида бўлади, кўпи эса чекланмаган. Аммо Пайғамбар алайҳиссалом маҳр беришда ҳаддан ошишдан қайтарганлар.
Шунингдек, келин катта маҳр талаб қилиб, бўлажак турмуш ўртоғини қийин аҳволга солиб қўймаслиги унинг ақли, фаросати ва меҳрибонлигидан нишона бўлади. Ҳадиси шарифда ҳам ўзи чиройли бўла туриб унчалик кўп маҳр талаб қилмайдиган келиннинг энг яхши аёл ёки қиз экани айтилган.
Хўш, Одам алайҳиссалом ва Ҳавво онамиз ўртасидаги маҳр қандай бўлган? Бу ҳақда “Пайғамбарлар тарихи” китобида бундай дейилади:
Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга узоқ уйқу бериб унинг чап қовурғасидан Ҳаввони яратди. У уйғонганида Ҳаввони кўрди-ю, унга ошиқ бўлди.
Жаброил алайҳиссалом Одам алайҳиссаломга никоҳ қилиш учун маҳр бериши лозимлигини айтганида: “У нима?” деб сўради. Жаброил алайҳиссалом: “Расули акрам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга уч марта салавот айтинг. Аллоҳ таоло бутун оламни унинг севинчи учун яратди ва Қиёматда у барча мўмин-мусулмонларга шафоатчи бўлади”, деди.
Шундан кейин Одам алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтди ва Ҳавво онамизни никоҳлаб олди.
Шундай қилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш мўминларга Одам алайҳиссаломдан суннат бўлди.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.