Уяли алоқа масофаларни яқинлаштириб, яқин инсонларнинг бир-бирига ғойибона дийдорлашувига бир воситадир. Уяли алоқадан фойдаланганда, айниқса, жамоат жойларда эҳтиёт бўлиб гаплашиш зарур. Телефонда айтаётган сўзимизнинг салмоғини тарозига солиб кўриб гапирганимизда шу нарса аниқки, суҳбат узоққа чўзилмайди.
Бир куни ёшгина аёлнинг телефонда дугонаси билан сўзлашаётгани қулоғимга чалинди. Узоқ суҳбатининг орасидаги бир жумла эътиборимни тортди. “Кеча Нодира билан эрини учратиб қолдим, эри бирам ширин эканки, кўзлари қоп-қора, жуда-жуда ширин” дея кўп бора таъкидлади. Гўё ёмон сўзни эшитгандай унга қараб қўйдим. У эса бепарволик билан гапида яна давом этаверди...
Номаҳрам эркак ҳақида шу қадар тўлқинланиб гапириш аёл кишига ҳаром эмасми?..
Илгарилари киноактёрлар ва машҳур қўшиқчилар ҳақида шундай таърифу тавсиф қилган қиз-жувон беҳаё кўринарди. Бугунги аёллар эса бир-бирининг турмуш ўртоқлари ҳақида шундай ношаърий ўй-хаёлларга бормоқда. Аллоҳ таоло Қуръони каримда аёлларни бундай огоҳлантирган: “...Бас, сизлар (номаҳрам эркакларга) майин сўз қилмангиз, акс ҳолда қалбида бузуқлик бўлган кимса (сиздан) тама қилиб қолур. Яхши (тўғри) сўзни сўзлангиз!” (Аҳзоб сураси 32-оят).
Муслима ҲУСНИДДИН қизи
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли ҳамда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Бекобод шаҳридаги Қуръон ва тажвид марказига ташриф буюрдилар.
Марказ маъмурияти ҳамда у ерда таълим олаётган тингловчилар билан бўлиб ўтган суҳбат ҳар жиҳатдан самарали бўлди. Хусусан, учрашувда Шайх Алижон қори ҳафизаҳуллоҳ Қуръони каримни ёдлаш фазилатлари, бу борада яратилган шарт-шароитларнинг қадрига етиш, шукрона келтириш, вақтдан унумли фойдаланиш каби мавзуларда гўзал мавъиза қилиб бердилар.
Ҳақиқатан, Қуръони каримни ёдлаш, оятлар маъно-мазмунларини тафаккур ва тадаббур қилиш ибодат ва чинакам саодатдир.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларнинг яхшиларингиз Қуръони каримни ўрганган ва ўргатганларингиздир", деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати