Ислом уммати Аллоҳнинг буюк неъматини кутиб олиш тараддудида турибди. Бу шундай неъматки, ҳар йили хайру баракот, раҳмату мағфират ила тўла бу уммат устида соябон бўлади. Бу шундай неъматки, у билан фақат Ислом умматигина хосланган. Бу муборак Рамазон ойидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойи келганда саҳобаларига ушбу муборак ойни шундай тасвирлаб берар эдилар.
أتاكُم رَمضانُ شَهرٌ مبارَك، فرَضَ اللَّهُ عزَّ وجَلَّ عليكُم صيامَه، تُفَتَّحُ فيهِ أبوابُ السَّماءِ، وتغَلَّقُ فيهِ أبوابُ الجحيمِ، وتُغَلُّ فيهِ مَرَدَةُ الشَّياطينِ، للَّهِ فيهِ ليلةٌ خيرٌ من ألفِ شَهرٍ، مَن حُرِمَ خيرَها فقد حُرِمَ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Сизларга Рамазон ойи муборак ой келди. Аллоҳ унинг рўзасини сизларга фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилиб, жаҳаннам дарвозалари ёпилиб, шайтонлар занжирбанд қилинади. Бу ойда бир кеча борки, у минг ойдан кўра яхшироқдир. Ким у кечанинг хайрларидан маҳрум қолса, (кўп нарсадан) маҳрум бўлибди» (Имом Аҳмад ва Имом Насоий ривоятлари).
Рамазон ойи Ислом уммати таъбирига кўра учта асосий вазифани бажаради:
1) Бу муборак ой сабаб қалблар гуноҳлардан покланади.
2) Масжидларда мусулмонларнинг бирлиги намоён бўлади.
3) Ҳаддидан ошган нафслар жиловланади ва тарбияланади.
Мусулмон киши Рамазон ойини қандай кутиб олади?
1) Холис ният қилиш. Аллоҳнинг ҳузуридаги ажр савобга эришиш ва гуноҳларини мағфират қилиниши учун имон ва ишонч ила руза тутишни ният қилмоқлик.
2) Аллоҳ таолодан муборак Рамазон ойига соғ-саломатлик, тинчлик-офиятликда етишни ва бу ойда ибодатларни адо этишга қувват ва ҳиммат сўрамоқлик.
3) Рамазон рўзаси ва бу фазилатли ойга тааллуқли бўлган барча шаръий хукмларни пухта ўрганмоқлик.
4) Бу фазилатли ой бошланишидан олдин инсонларни авф этиш ва барчага бирдек марҳаматли бўлмоқлик.
5) Ҳар қандай талашиб-тортишишларни тарк этиш. Уруш-жанжаллардан ўзини олиб қочмоқлик.
6) Аллоҳ таолога тавбаи-насуҳ, истиғфор ила, шунингдек, умрини ҳақ йўлдан йироқ бўлиб, гуноҳ-маъсиятда ўтказган вақтларига надомат билан юзланмоқлик.
7) Рамазон ойи инсон ўзини яхши тарафга ўзгартириши учун айни фарсат эканлигини англаб етиши. Ўзини ислоҳ қилиш, хатоларини тузатишга азму қарор қилмоқлик. Рамазон ойидан кейин ҳам шу йўсинда бардавом бўлмоқлик.
8) Бу муборак ойда солиҳ амалларни кўпайтириш. Қуръон тиловати, кундалик зикрлар, садақа ва эътикоф каби эзгу амаллар билан зийнатланмоқлик.
9) Ота-онага яхшилик қилиш. Уларнинг ҳузурида йўл қўйган камчиликлари учун афв этишларини сўраш. Шунингдек, қариндош-уруғлар билан силаи раҳм қилмоқлик.
10) Қарз ва омонат каби ҳақлар бўлса, эгаларига қайтариш.
11) Эзгу амалларга чорлайдиган ва намуна бўладиган солиҳ инсонлар билан ҳамроҳ бўлиш.
12) Рамазон ойи ҳилолини (янги чиққан ой) кузатиш.
13) Ҳилолни кўрса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилганлари каби дуо қилиш.
كانَ رسولُ اللهِ إذا رأى الهلالَ قالَ: اللهُ أكبرُ، اللَّهمَّ أَهِلَّهُ علينا بالأمنِ والإيمانِ ، والسَّلامةِ والإسلامِ ، والتَّوفيقِ لما تحبُّ، وَترضَى ، ربُّنا وربُّكَ اللهُ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янги чиққан ойни кўрсалар: «Аллоҳ улуғдир, эй Раббим, бизга бу ойни омонлик, иймон, саломатлик, ислом, тавфиқ, Ўзинг яхши кўрадиган ва рози бўладиган ой қил. (Эй ҳилол!) Менинг раббим ҳам, сени раббинг ҳам Аллоҳдир» (Имом Доримий ривояти).
14) Рамазон ойининг аҳамиятини ҳис қилиш. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг бу фазилатли ойда кундузлари рўзадор, кечалари тунги намозларни адо этувчи мўминга беражак улуғ ажр-савоблари, раҳмат ва мағфиратларини мулоҳаза қилиш.
15) Рамазон ойида вақтдан унумли фойдаланиш учун ўзига кун тартибини тузиб олиш. Муҳим амалларни белгилаб олиш. Дўстлар билан узундан-узоқ суҳбатлар, телевизор кўриш каби руҳсат берилган ишларда ҳам исрофга йўл қўймаслик.
16) Саҳобалар каби бу дуолар мустажоб бўладиган муборак ойнинг кириб келаётганига хурсандчилигини изҳор қилиши. Унда ҳасрат, шикоят ва норозилигини изҳор қилмаслик. Айниқса, Рамазон ойи ёз фаслига тўғри келиб қолса…
Аллоҳ барча мўминларни ўзи суйган ва ўзи рози бўладиган амалларга муваффақ айласин!
Авазхўжа БАХРОМОВ
Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бақувват ва бўйи узун бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан ўтиб кетди. У зот саҳобалар билан бирга ўтирган эдилар. Саҳобалар унинг куч ва қувватидан ҳайрон қолиб дейишди:
– Ё Аллоҳнинг Расули! Қани энди унинг мана шу кучи Аллоҳнинг йўлида ишлатилганида эди?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга дедилар:
– Агар у гўдак болалари учун кўчага чиққан бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у қари ота-онаси учун кўчага чиққан бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у риё ва фахрланиш учун кўчага чиққан бўлса, шайтоннинг йўлидадир!
Инсонлар фақатгина жангга қилич яланғочлаб чиқишни жиҳод деб ўйлашади. Қолган нарсалар уларнинг наздида гўё бир маромдаги оддий урф-одатлар. Тўғри, жанг қилиш Аллоҳ йўлидаги ишлар рўйхатининг аввалида туради. Аммо негадир «Аллоҳнинг йўлида» дейилса, энг аввал мияга жиҳод келади. Ҳолбуки, ҳалол тирикчилик қилиш ҳам Аллоҳнинг йўлидаги иш!
Саҳобалар инсоннинг кучи ва қуввати фақат Аллоҳнинг йўлидаги жиҳодда ишлатилиши керак деб ўйлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг тушунчаларини тўғрилаб қўйдилар. Уларга киши хотини ва бола-чақасининг ташвишида кўчага чиқса, ота-онасининг хизмати учун кўчага чиқса, уйланиш учун маҳрга яроқли нарса топиш илинжида учун кўчага чиқса, у ҳам Аллоҳнинг йўлида юрганини англатдилар!
Аллоҳ йўлида қилган ҳар бир ҳалол амалингизнинг ажрини тасаввур қилиб кўринг! Фарзанд ва аёлингиз яхши еб, яхши кийиниши учун кўчада, уйингиз тартибли бўлиши учун уйингизда ишлашингиз оддийгина одатий иш эмас, Аллоҳ йўлидаги кундалик жиҳоддир!
Ота-онангизни шифохонага олиб боришингиз оддий иш эмас. Бу яхшилик Аллоҳ йўлидаги амалингиздир!
Бир беморни кўргани боришингиз оддий инсоний бурч эмас. Бу Аллоҳ йўлидаги кўнгил олишдир!
Бировнинг отаси ёки онаси вафот қилганида бориб таъзия билдиришингиз оддийгина ижтимоий кўриниш эмас. Бу Аллоҳ йўлида бир-бирига қилинадиган раҳм-шафқатдир!
Тоат, яхшилик ва маъруф ишда ҳаёт кечириш барчаси Аллоҳ йўлида ҳаёт кечиришдир. Бу ишлардаги ажрни тасаввур қилсак, Аллоҳ йўлидаги кураш бизга енгил кечади!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди