Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган дўстона алоқалар кўп асрлик тарихга эга. Буюк саркарда Соҳибқирон Амир Темурнинг Карл VI га йўллаган мактубида: “Биз сизнинг давлатингиз гуллаб-яшнашини дўстона тилаб қоламиз”, деган самимий истакларни ўқиш мумкин. Етти аср муқаддам битилган ушбу нома икки мамлакат ўртасидаги дўстлик нақадар мустаҳкам асосга эга эканини яққол намоён этади.
Куни кеча Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Францияга ташриф буюрди. Сафардан кўзланган асосий мақсад Президентимиз ташаббуси билан юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ислом тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимиз, азиз авлиёларимизнинг бой маънавий меросини чуқур ўрганиш, табаррук қадамжоларини обод этиш борасидаги ишларни халқаро ҳамжамиятга етказиш, манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашишдан иборат.
ЎзА хабарига кўра, Франция Ислом фондида бўлиб ўтган учрашув самий руҳда кечди. Унда Ўзбекистоннинг виждон эркинлигини таъминлашдаги бой тажрибаси, турли динларга эътиқод қилувчиларга ўз ибодатларини адо этишлари учун яратилган шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
– Глобаллашув жараёнлари шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги шароитда турли миллат ва дин вакилларининг бир-бирини тушуниши, қўллаб-қувватлаши, жамият тараққиёти йўлида ҳамкорлик қилиши ўта зарур, – дейди Франция Ислом фонди президенти Жан Пьер Шевенман. – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни катта қизиқиш билан кузатиб бораяпмиз. Шубҳасиз, мамлакатингиз Марказий Осиё минтақасида ҳал қилувчи кучга эга. Биз Ўзбекистон билан маданий-маърифий соҳада ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз.
Қайд этиш керакки, мазкур фонд 66 миллионлик Франция аҳолиси ичида 7 миллиондан зиёд мусулмонларнинг ўзига хос ўрни ва мавқеини сақлаш, уларнинг жамиятга ҳар томонлама интергациялашувини таъминлашга қаратилган кенг қамровли фаолиятни амалга оширади. Фонд ходимлари Ўзбекистондаги ислом тадқиқотлари марказлари билан ҳамкорликда ислом динининг тинчликпарвар моҳиятини ўрганиш, биргаликда илмий лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканини билдирди.
Эътиборли жиҳати, Франция Ислом фонди 2021 йилда Франция маданият ишлари вазирлиги, Лувр музейи билан ҳамкорликда Париж шаҳрида “Буюк ипак йўли маданияти” мавзусидаги халқаро кўргазмани ўтказишга ҳозирлик кўрмоқда. Франция томони ушбу кўргазма доирасида “Ўзбекистон – ислом цивилизацияси маркази” номли мамлакатимизнинг қадимий ва бой тарихига оид экспозицияларни тайёрлашда ҳамкорлик қилишга умид билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Буюк шоир ва мутафаккир, давлат арбоби, Шарқ Уйғониш даврининг ёрқин намояндаси Мир Алишер Навоийнинг порлоқ номи ва бебаҳо мероси халқимиз тарихида, миллий маънавиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида ғоят муҳим ўрин тутади. Улуғ аждодимиз ўзининг ўлмас асарларида она тилимизнинг сўз бойлиги ва ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ўзбек адабий тилига асос солди. Айни пайтда ўзбек мумтоз адабиётининг шаклланиши ва такомилида ҳеч ким Навоийдек беқиёс хизмат қилган эмас, десак, айни ҳақиқатдир.
Алишер Навоий умумбашарий маданият ривожига улкан ҳисса қўшган Гомер ва Данте, Сервантес ва Шекспир, Гёте ва Толстой, Низомий Ганжавий ва Ҳофиз Шерозий каби жаҳон адабиётининг даҳолари сафида туради. Ғарб оламида Тристан ва Изолда, Ромео ва Жулетта сингари қаҳрамонлар қанчалик машҳур ва жозибали бўлса, Шарқ дунёсида ҳазрат Навоий яратган Фарҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун каби адабий персонажлар ҳам шу қадар севимли ва қадрлидир.
Алишер Навоийнинг асосий феномени – у буюк инсонпарвар ва юксак идеал соҳибидир. Шоир ҳаёт ва адабиётдаги асосий орзуси – комил инсон ғоясини тараннум этиш ва уни бутун дунёга тарғиб қилиш борасида улкан маънавий жасорат кўрсатгани алоҳида эътиборга лойиқдир.
Асрлар давомида шоир асарларидан баҳраманд бўлиб келаётган минглаб инсонлар, улар қайси миллат ва элат вакили бўлмасин, жаҳоннинг қайси мамлакатида яшамасин, ўз замонасининг барча ижтимоий-маънавий муаммоларига, ўзларини қийнаётган саволларга жавоб топа оладилар. Чунки бирон-бир ҳаётий масала, қадрият ва туйғулар, фазилат ва иллатлар йўқки, Навоий қаламга олмаган бўлса!
Буюк аждодимизнинг ўлмас мероси биз учун, айниқса, бугунги мураккаб глобаллашув даврида ҳар қачонгидан ҳам долзарб ва зарурдир. Бу бебаҳо хазина тинч ва барқарор, эркин ва обод ҳаёт барпо этиш йўлида башариятга катта маънавий куч бахш этади.
Улуғ гуманист Алишер Навоий ҳамиша халқнинг дард-у ташвиши билан яшагани, умр бўйи ёрдам ва кўмакка муҳтож инсонларга меҳр-мурувват кўрсатиб, илм-фан, санъат ва адабиёт аҳлига ҳомийлик қилгани бу мумтоз сиймонинг яна бир ибратли фазилатидир. Унинг мамлакат пойтахти Ҳирот шаҳрининг ўзида ўз маблағлари ҳисобига уч юз саксондан ортиқ ижтимоий муассаса – мадраса ва масжидлар, шифохона ва кутубхоналар, ҳовуз ва ариқлар, йўл ва кўприклар, боғ ва хиёбонлар барпо эттиргани, адиб ва олимлар, рассом ва меъморлар, созанда ва хонандалар, моҳир ҳунармандларни доимо моддий ва маънавий томондан қўллаб-қувватлаб келгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Шуҳрат Сирожиддиновнинг ўқувчиларга тақдим этилаётган янги асари – "Алишер Навоий феномени" номли китоби буюк шоир ижоди намуналари ҳамда илмий асосланган тарихий маълумотлар билан жаҳон афкор оммаси, хусусан, халқаро илмий, маданий-маърифий марказларини яқиндан таништириш мақсадида тайёрланган. Ушбу муҳташам китоб дунё аҳли томонидан Навоий даҳосига қизиқиш ўз давридан то бугунги кунга қадар сўнмай келаётгани ва тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Шоирлар сарвари, мутафаккирлар пешвоси, буюк қалб соҳиби Мир Алишер Навоийнинг барҳаёт мероси, умрбоқий асарлари ер юзидаги янги-янги авлодларни тарбиялаб, олам аҳлини доимо яхшилик ва эзгуликка, меҳр-оқибат, дўстлик ва ҳамжиҳатликка чорлаб туради.
Шавкат МИРЗИЁEВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
"Жадид" газетасининг 2025 йил 7 февралдаги 6-сонида