Ҳақиқий мўъмин-мусулмон шариатимизнинг ҳар бир ҳукмига сабабини суриштирмасдан итоат қилган киши бўлса керак деб ўйлайман. Негаки, Хадича онамиз розияллоҳу анҳо, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва уларнинг ортидан бошқа саҳобийлар шундай қилганини тарихий манбалардан ўқиганман. Тўғрисини Аллоҳ таоло, тўғрироғини ҳурматли олимларимиз билади, албатта.
Аммо инсон бандалигига бориб, Мусо алайҳиссалом айтганидек, қалбининг хотиржам тортиши учун уларнинг сабабларини, фойдали жиҳатларини қидиради. Аслида бунинг ҳеч ёмон жойи йўқ. Чунки бандасига ота-онасидан ҳам меҳрибон бўлган Парвардигоримиз унга зарар етказадиган амални буюриши мумкинми? Асло ундай эмас. Раббимиз бизга нимани буюрган бўлса, ўша амрнинг замирида бизнинг жисмимиз, руҳиятимиз, дунёмиз, охиратимиз учун ҳисобсиз фойдалар бор. Бироқ буни ҳамма ҳам билавермайди. Атайлик, баъзилар соғлиги билан боғлиқ арзимаган нарсаларни баҳона қилиб ҳам рўза тутмасликнинг пайида бўлади...
Рўзанинг асл моҳияти сўз бошлашдан олдин кўзимиз ўнгида бўлган бир неча нозик нуқталарга тўхталиб ўтишини жоиз топдик.
Рўзада кундузлари ейиш-ичишга эҳтиёжи бўла туриб улардан тийилишнинг нима ҳикмати бор? Ушбу кезларда совуқ бўлган шимол ўлкаларида инсонларнинг етарлича калория ва озуқа олишларига тўсиқ бўлувчи рўза ибодатининг соғликка зарари йўқми?
Биологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, қор қалин ёққан чоқларда ваҳший ҳайвонлар, ҳатто ўтхўр ҳайвонлар ҳам ейишга бирор нарса топа олмайдилар. Наиложликдан қиш уйқусига кирадилар ёки вақтларини “рўза” тутиш билан ўтказиш мажбуриятида қоладилар. Бу ҳолат уларни баҳор яқинлашган паллада яшарган бир қиёфада ҳаракатга келтиради.
Дарахтлар ҳам худди шундай ҳолатни бошдан ўтказади. Дарахтлар қишда баргларидан айрилади ва уйқуга кетади. Бир неча ойлик “рўза”дан сўнгра кўкламда яшариб, бурунгисидан ҳам қувватланиб олиб, гулга киради ва япроқ ёзади.
Ҳатто маъданларнинг ҳам “рўза”га эҳтиёжи бор. Моторлар ва машиналар... уларнинг ҳаракатланувчи қисмлари ҳам орада тўхтаб оладилар. Бу тин олиш уларга янги куч бағишлайди.
Жами аъзоларда бўлгани каби ҳазм қилиш органларининг ҳам дам олишга эҳтиёжи бор. Рўза ана шу эҳтиёжни қондиради. Лекин рўзанинг асл мақсади бундай тиббий фойдалар эмас. Улар йўл-йўлакай кўриладиган фойдалардир.
Инсон Аллоҳ таоло яратган энг ажойиб мавжудот. Унинг жисмида зидлар бирлашган: бадан ила руҳ, модда ва маъно бир-бирига чамбарчас боғланиб кетган. Инсоннинг қанчалик бахтиёр бўлмоғи бир-бирига тамоман зид бўлган ана шу икки унсурни тенг тута билмоғига боғлиқ. Моддий тарафимиз ошкора кўриниб тургани учун руҳий кучларимизга соя солиб ва унга босим ўтказишга мойил бўлади. Бу майл давомий ва таъсирли бўлса, инсоннинг руҳининг юксалишига тўсиқ бўлади. Шу жиҳатдан, тананинг руҳга тобе бўлиши учун тана кучини чегаралаб руҳини етилтирмоқ керак.
Бу ғояга етишмоқ учун очлик, сувсизлик, шаҳватини чегараламоқ; тил, қалб, фикр ва бошқа аъзоларнинг назорат остига олинмоғи энг таъсирчан йўлдир. Бу иш тажриба билан собит бўлган.
Инсоннинг мукаррам бўлишининг сабабларидан бири ҳайвоний табиатини ақлига ва руҳига буйсундирмоғидандир. Инсон табиати саркаш. Баъзан асовлик, баъзан ҳалимлик кўрсатади. Унинг асовлигини жиловламоқ учун рўза каби қатъий чора кўрилмоғига эҳтиёж бор. Гуноҳ ишлардан тавба этиши ва рўза билан латоиф йўлни танлаши унинг иродасини қувватлантиргани каби руҳини ҳам пишитиб тасалли беради.
Емаслик ва ичмаслик фариштларга хусусиятларидан. Инсон бу ишга уринар экан, фаришталарга ўхшашга интилади. Энг асосийси, буни фақат Аллоҳ таоло буюргани учун қилса, Унга янада яқинлик ҳосил қилган бўлади. Шунинг учун иймонли инсоннинг энг улуғ ғояси бўлган Аллоҳ таолонинг мамнунлиги қўлга киритилади.
Рўзадан кутилган мақсаднинг амалга ошиши учун диққат этиш лозим бўлган масалалар бор. Рўза – саҳарлик қилиш ва рўзани бузадиган ҳаракатлардан узоқ бўлмоқдир. Комил иймон-ла тутилган рўза бутун тана аъзоларининг истакларидан бир текисда тийилмоғидир: ошқозон емак-ичмоқдан тийилгани каби тил ҳам ёлғондан, ёмон сўзлардан, беҳуда вайсашлардан тийилмоғи; кўз ҳаромга, ноўрин жойларга қарашдан, бировларнинг айбини кўришдан тийилмоғи; қулоқ ғийбат, миш-мишлар ва шармсиз сўзларни тинглашдан тийилмоғи керак.
Энг муҳими, кўнгил ва ақл ёруғ нарсаларни ўйламоғи керак. Улуғларимиз ёлғон сўзлаш ва қўполлик қилиш рўзани бузишини айтади. Танасининг барча аъзоларини рўза тутишга жалб эта олмаган киши гўёки рўза тутганга ўхшаб кўринса-да, аслида рўзадор эмасдир. Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Неча рўзадорлар борки, рўзалари фақат очлик ва ташналикдан иборатдир”, дея уларнинг ҳолини маълум қилганлар.
Жами аъзолар рўзасига диққатли бўлганлар эса ҳатто жаҳлини чиқарган кишиларга ҳам “Мен рўзадорман”, дея қаттиқ гапирмайди. Бундай қилиш Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг тавсиясидир. Рамазон ойида осойишталик бўлишида ана шундай инсонларнинг роли катта бўлади. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, рамазон ойида мусулмон мамлакатларида автоҳалокатлар бошқа ойлардагига нисбатан камроқ кузатилар экан.
Аёнки, ибодатда энг муҳим ҳодиса ихлосдир. Ихлос – ҳар бир ишни фақат Аллоҳ ризоси учун бажармоқ демакдир. Рўза тутдим деган кишининг рўзадор ёки рўзадор эмаслигини ҳеч ким аниқ билмайди, буни фақат Аллоҳ таоло билади.
Аллоҳ таоло бир ҳадиси қудсийда: “Рўза Мен учундир, унинг мукофотини Ўзим бераман”, деб марҳамат қилган. Шундай экан, рўзадор киши уни қанчалик ихлос билан қилаётганини Аллоҳ таолонинг ўзи билади. Агар рўзасида нуқсони бўлса, ҳадиси шарифда айтилганидек, фақат оч ва чанқаб юргани қолади.
Хосларнинг рўзаси авомнинг рўзасидан фарқ қилади. Улар “зикри доимий”дан чалғиб қолиш рўзага зарар беради деб ҳисоблайдилар. Яъни уларнинг наздида, қудсий ҳадисда айтилган “Рўза Мен учундир...” иборасининг маъноси “Самадият Менга оиддир” демакдир. Аллоҳ таоло гўёки: “Ким Менинг ахлоқим ила ахлоқланса, Мен уни ҳеч ким тасаввур эта олмайдиган шаклда мукофотлайман” демоқдадир.
Ушбу қудсий ҳадиснинг яна бир изоҳи бундай: рўзанинг зоҳир ила алоқаси бўлмаслиги ва у бошқалардан сирли ибодат бўлиши ҳамда унда бошқаларнинг улуши бўлмаслиги назарда тутилган. Чунки Аллоҳ таоло унинг давомида “Унинг мукофотини Ўзим бераман”, демоқда.
Уч хил рўза бор: руҳнинг рўзаси – эҳтирослардан узоқ бўлмоқ ва қаноат соҳиби бўлмоқ; ақлнинг рўзаси – ҳою ҳавасларга зид ҳаракат этмоқ; нафснинг рўзаси – емоқ-ичмоқ ва ҳаромга қарши парҳезкор бўлмоқдир.
Жалолиддин Румий ҳазратлари бундай дейди: “Рўза оғизни ёпиб, кўнгил кўзини очади”. Жон кўзининг очилиши тана қувватини таъсирсиз ҳолга келтириши мумкин бўлади. Кўнгил кўзи кўр бўлганларнинг ибодати ҳеч нарсага ярамайди.
Ҳазрати Румийга кўра, рўза ибодатларнинг энг буюгидир. Инсонни меърожга кўтарадиган Буроқдир, Қуръони каримнинг сирларидир, Инсонларнинг орзулари ва нафсларига қарши курашидир. Уларни поклаб мавқеини юксалтирувчидир.
Сўзлаб ўтганларимиздан хулоса қилсак, рўзанинг уч даражаси бор экани кўзга ташланади. Авомнинг ишқи – саҳардан оқшомга қадар емоқдан, ичмоқдан ва шаҳватдан тийилмоқ; хослар ишқи – улар танасининг барча аъзоларини назорат остига олган рўзадорлар; сиддиқлар рўзаси – кўнглини Аллоҳ таолодан бошқалардан узоқ тутувчи ошиқу орифлар. Авомлар рўзадор вақтида ошқозонига ҳеч нарса туширмайди; хослар гуноҳ ва ёмон нарсаларни танасига яқинлаштирмайди; сиддиқлар, ошиқлар ва комиллар мосувони (Аллоҳдан бошқа нарсаларни) қалбига яқинлаштирмайди. Рўзадан кутилган мақсад асли шу ўзи.
Раббимиз барчамизга рамазон рўзасини ана шу зотлардек тутишни насиб айласин!
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
ЎМИ Матбуот хизмати
100 та СИР-АСРОРЛИ ИБОРА
ёхуд
ОДАМЛАР БИЛАН
МУЛОҚОТ (оила, уй, ишхона, жамоат жойлари) ДАГИ
100 та “СЕҲРЛИ СЎЗ”
ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
(2-қисм)
УЛУҒЛАРДАН ҲИКМАТЛАР:
v «Суннат эрмиш, кофир бўлса, берма озор,
Кўнгли қоттиғ, дил озордин Худо безор,
Аллоҳ ҳақи, ондоғ қулға сижжин тайёр,
Донолардин эшитиб, бу сўз айдим мано».
(Ҳожа Аҳмад Яссавий)
v «Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай».
(Алишер Навоий)
v «Агар бўлсанг ипак каби мулойим,
Мулойим сен бўлсанг, қулинг бўлайин.
Қулоғимга берган пандинг олайин,
Кишига қаттиқ сўз айтувчи бўлма».
(Махтумқули)
v «Агарчи ул оёқ остидадур хор –
Худо махлуқидур, оғритма зинҳор!
Такаббур қилмағил, эй, бемаъоний,
Фалоний ўғлидурман деб фалоний!»
(Сўфи Оллоҳёр қуддиса сирруҳу)
v «Бурунғи ҳолиға қилма наззора,
Ани Тангрим азиз этса на чора?!?
Ишонма отаға, қолма талабдин!
Қиёматда сўралмасдир насабдин».
(Сўфи Оллоҳёр қуддиса сирруҳу)
v «Агар сен қиблага бурмасанг юзни,
Беш маҳал саждаю намозинг бекор.
Жаннатга ҳеч қачон тикмагил кўзни
Агар бир мўминга етказсанг озор».
(Абдулла Орипов)
v «Маккага етти қат борганча бўлур,
Бошини силасанг ўксик инсонни».
(Абдулла Орипов).
БМТ (Бирлашган Миллатлар Ташкилоти) МАЪЛУМОТЛАРИ:
³ Энг қадимий глобал ташкилот (1945 йилдан кейин ташкил этилган бошқа ташкилотлар билан солиштирганда ҳали ҳам фаолият юритади),
аъзо давлатлар сони бўйича энг йирик халқаро ташкилот,
дунёдаги барча давлатларни қамраб олган дунёнинг энг универсал ташкилоти,
глобал эътироф нуқтаи назаридан энг нуфузли халқаро ташкилот ҳисобланган
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг расмий тиллари 6 та – инглиз, араб, испан, хитой, рус, француз.
³ “Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси” – БМТ Бош Ассамблеясининг учинчи сессиясида 1948 йил 10 декабрда 217 А (III)-сонли Қарори билан қабул қилинган ("Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро Пакт") – БМТга аъзо барча давлатлар учун тавсия этилган ҳужжатдир.
Ушбу тарихий ҳужжат 500 дан ортиқ тил ва лаҳжаларга таржима қилинган ва Дунёдаги энг кўп таржима қилинган ҳужжат сифатида “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилган.
³ Кўп тиллиликни тарғиб қилиш бўйича саъй-ҳаракатлар доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташаббуси билан “Халқаро тиллар йили” (2008 й.) ва “Халқаро маҳаллий тиллар йили” (2019 й.) ўтказилди.
³ 04 январь — Брайл ёзуви бўйича Бутунжаҳон куни (А/RES/73/161);
24 январь — Таълим бўйича Халқаро кун (А/RES/73/25);
21 февраль — Она тили бўйича Халқаро кун (А/RES/56/262);
20 март — БМТда француз тили куни;
20 апрель — БМТда хитой тили куни;
23 апрель — БМТда инглиз тили куни;
23 апрель — БМТда испан тили куни;
05 май — Бутунжаҳон португал тили куни (UNESCO);
06 июнь — БМТда рус тили куни;
07 июль — Суахили тили бўйича Бутунжаҳон куни (А/RES/78/312);
08 cентябр — Саводхонлик бўйича Халқаро кун (UNESCO 14 C/Resolution 1.441);
09 cентябр — Таълимни ҳужумлардан ҳимоя қилиш бўйича Халқаро кун (А/RES/74/275);
23 cентябр — Ишора тиллари бўйича Халқаро кун (А/RES/72/161);
30 сентябр — Таржима бўйича Халқаро кун (A/RES/71/288);
18 декабр — БМТда араб тили куни.
ЗАМОНАВИЙ ФАН ТАДҚИҚОТЛАРИ ва АЖОЙИБ МАЪЛУМОТЛАР:
v Дунё – маданиятлар ва тилларнинг ажойиб бирлашмасидир. Уларнинг ҳар бири ўзига хос хусусиятлари ва гўзаллигига эга.
v Дунё халқлари хилма-хил тилларда гаплашишади. Бироқ фан аниқликни яхши кўради. Шу туфайли вақти-вақти билан тилшунослар тиллар сонини ҳисобга оладилар ва ўз маълумотларини эълон қилишади.
v Рақамлар одатда бир бирига доимо мос тушавермайди. Чунки у ёки бу тилни ҳамма жойда ҳам бирдек тан олавермайдилар. Натижада ўша тилни рўйхатга киритмай қўйиш ҳоллари учраб туради.
v 2024 йил маълумотлари бўйича, дунёда 7.668 миллиард одам 7.164 тилдан фойдаланади.
v Ҳозиргача улардан 500 тасигина ўрганилган холос.
v Дунё аҳолисининг ярми атиги 23 тилда гаплашади.
v Ҳар уч тилдан биттасининг ёзуви бўлмай, фақат оғзаки нутқ шаклига эгадир.
v Жаҳондаги 1400 та тилнинг йўқолиб кетиш хавфи бор.
v Дунё тилларидан фақат 40 тасигина оғзаки ва ёзма жиҳатдан мукаммал шаклланиб бўлган деб ҳисобланади. Ўша 40 та тилнинг орасида ўзбек тили ҳам бор.
v Ҳозирги вақтда «дунё» бўлган 8 та тил мавжуд – инглиз, хитой, испан, рус, араб, француз, португал ва немис тиллари.
v Айнан улар энг кўп ташувчиларга эга бўлиб, уларнинг сони 4,3 миллиард кишига тенг. Бу Ернинг умумий аҳолисининг тахминан 60 % ни ташкил қилади.
v Дунёдаги энг машҳур тиллар. 2024 йилда кўп сон (100 млн.дан зиёд) ли она тилида сўзлашадиган 40 га яқин тил мавжуд: инглиз, хитой, ҳинд, испан, араб, француз, бенгал, рус, португал, суахили, индонезия, урду, япон, немис, панжоб, форс.
v Дунёда энг кўп гапириладиган тил инглиз тили – 1,4 миллиард она тилида сўзлашувчилар мавжуд.
v Хитой тили дунёдаги энг мураккаб тил сифатида “Гиннес рекордлари” китобига киритилган.
v Дунёдаги энг бой (катта луғат бойлиги, энг катта ифода имкониятлари, адабий мерос, маданий аҳамиятга эга ёки тарқалиши бўйича энг ривожланган) тиллар – инглиз, араб, хитой, рус, француз, испан, португал.
(2 – қисм тугади. Давоми бор...).
Иброҳимжон домла Иномов.