Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Набий алайҳиссалом: «Менинг зоту насабимга жоҳилият бузуқликлари аралашмаган. Ота-боболаримнинг ҳаммалари айнан Исломдаги никоҳ қоидаларига мувофиқ ҳолда дунёга келишимга сабабчи бўлишган», деганлар».
Ҳишом ибн Муҳаммад Калбий отасидан шундай ривоят қилади: «Мен Пайғамбар алайҳиссаломнинг оналарига қадар яна жуда кўп момоларининг ҳаётини ўрганиб чиқишга муваффақ бўлдим. Уларнинг орасида бирор зинокорни ҳам, жоҳилиятнинг ёмон одатлари билан машғул бўлган бирор кимсани ҳам учратмадим».
Али каррамаллоҳу важҳаҳудан келтирилган ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом: «Мен никоҳдан дунёга келганман, зинодан эмас. Одам алайҳиссаломдан бошлаб, то ота-онамдан туғилгунимга қадар жоҳилият бузуқликлари менга етмаган», деганлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан келтирилган ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: «Ота-онам ҳеч қачон зинога яқинлашмаганлар. Аллоҳ таоло мени пок сулбдан (яъни ота-боболаримнинг пушти камаридан) покиза раҳмларига (яъни она-момоларимнинг вужудига) кўчирган. Улар икки шохобчага бўлинган, мен уларнинг энг яхшисидаман».
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Лақод жаа-акум расулуммин анфусикум», яъни «Дарҳақиқат, сизларга ўзларингиздан (чиққан) Расул келган» оятини қироат қилиб, «анфусикум»нинг «фо»сини фатҳали أَنْفَسِكُمْ (яъни «анфасикум») қилиб ўқидилар-да, «Мен ичингизда насабда, қариндош-уруғчиликда ҳамда аслзодаликда намуна ва ибрат олишга энг лойиқроғингизман. Одам алайҳиссаломдан буён келаётган ота-боболарим ичида бирорта хулқи бузуқ бўлмаган», деб марҳамат қилдилар».
Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳо Пайғамбар алайҳиссаломдан, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан ривоят қиладилар: «Ер юзининг машриқу мағрибини кўриб чиқдим. Лекин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан афзалроқ кишини ҳамда Ҳошим авлодидан афзалроқ ота авлодини кўрмадим».
«Саҳиҳул Бухорий»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан нақл этилган ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом: «Мен Одам алайҳиссалом зурриётларининг энг яхши наслидан пайғамбар қилиб юборилдим. Бу ҳолат то энг яқин ота-боболаримга қадар наслма-насл давом этиб келган», деганлар.
«Саҳиҳи Муслим»да Восила ибн Асқоъ розияллоҳу анҳу нақл қилган ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом: «Аллоҳ таоло Исмоил зурриётидан Кинонани танлади. Кинонадан Қурайшни, Қурайшдан Бану Ҳошимни, Бану Ҳошимдан эса мени танлаб олди», дедилар.
Аббос розияллоҳу анҳу келтирган ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: «Аллоҳ таоло махлуқотларни яратиб, мени барча фирқа(гуруҳ)лар ичида ҳам энг яхшиси, икки фирқа(гуруҳ)нинг ҳам энг яхшиси қилди. Сўнгра қабилаларни ихтиёр этиб, мени энг яхши қабилага мансуб этди. Сўнгра оилани ихтиёр этиб, менинг ана шу оилаларнинг энг яхшисида дунёга келишимни тақдир этди. Мен уларнинг нафси (яъни жони, зоти) жиҳатидан ҳам, оила жиҳатидан ҳам энг яхшисиман» .
Ибн Умар розияллоҳу анҳумо нақл қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Аллоҳ таоло махлуқот яратишни ирода қилиб, улар орасидан Одам наслини танлади. Сўнгра Одам авлодлари орасидан арабларни танлади. Сўнгра ана шу араблардан мени танлади. Мен шу арабларнинг яхшиларидан сараланиб келганман. Ким арабларни яхши кўрса, мен яхши кўрганим учун яхши кўради. Ким уларни ёмон кўрса, мен ёмон кўрганим учун ёмон кўради».
Шуни яхши билишимиз лозимки, Пайғамбар алайҳиссаломнинг на ака-ука, на опа-сингиллари бўлган. У зот ёлғиз фарзанд бўлганлар. Бу билан ота-оналари наслининг софлиги ва яхшилик хислатлари фақат у зотгагина ўтиши ҳамда насаблари ҳам ёлғиз ўзлари билан чекланиши кўзланган. Бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарликка муносиб бўлишлари ва энг юқори шарафга мувофиқ танланган насаб билан хосланишлари ирода қилинган. Агар сиз Пайғамбар алайҳиссаломнинг насабларини синчиклаб ўрганиб, у зотнинг нақадар пок наслдан дунёга келганларини билишга киришсангиз, охир-оқибат улуғ ва олижаноб сулолага мансуб эканларига ишонч ҳосил қиласиз. Пайғамбар алайҳиссалом араб миллатига мансуб бўлиб, абтоҳий, ҳарамий, ҳошимий ва қурайшийдирлар.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қисқача таъриф берадиган бўлсак, у зот арабларнинг энг яхшиларидан танланган бўлиб, уларнинг ичида энг тоза наслу насаб эгаси, аслзодаликда энг шарафлиси, агар арабларни дарахтга ўхшатсак, у зот уларнинг энг гуллагани, ўзаги ва илдизи энг бақуввати, агар устунларга ўхшатилса, энг баланди, арабларнинг зоти жиҳатидан энг покизаси, тили энг фасоҳатлиси, баёни энг равшанроғи, агар шараф тарозисида ўлчаниши мумкин бўлса, шарафи энг оғир келадигани, энг тўғри йўл тутадигани, ота-она тарафидан энг азизи ва энг мукаррами бўлганлар.
Шунингдек, у зотнинг Аллоҳ таоло учун энг азиз ўлка бўлмиш Маккаи Мукаррамада дунёга келишлари ҳам бежиз эмас. Зеро, араб саҳросида (ўша вақтда) Макка шаҳрининг нуфузига тенг келадиган бошқа ўлка йўқ.
Бу хусусда буюк муҳаддис Шамсиддин ибн Носириддин Димашқий нақадар гўзал сўзлар айтганлар:
Асрамиш Аллоҳ таоло Муҳаммад ҳурматидан,
Барча боболарини жоҳилият иллатидан.
Одам Атодан тортиб ота-онасигача
Зинога юрмадилар Аллоҳнинг раҳматидан.
Ғиёсиддин Баратов
«Кўкалдош» ўрта махсус
Ислом билим юрти ўқитувчиси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Ўзингиздан юқоридагиларга эмас, ўзингиздан қуйидагиларга қаранглар, шунда Аллоҳнинг сизга берган неъматларини оз санамайсиз» (Имом Муслим ривояти).
Инсон мол-дунёда, чиройда, ижтимоий ҳолатда ўзидан устунроқ одамларга эътибор бераверса, Аллоҳ таоло ҳақида ёмон гумонга бориб қолади. «Мендан бошқаларга роса яхши неъматлар берган экан, улар неъматларга кўмилиб яшаяпти. Мен эса доим нимагадир муҳтож бўлиб яшайман» деб, ўзига берилган неъматларни оз санайди, ҳатто кўрмай қолади. Бу эса Аллоҳ таоло берган неъматларни менсимасликка олиб боради. Натижада розилик ҳиссини йўқотиб қўяди, бунинг ҳаловатини туя олмай, азоб ичида яшайди. Бу эса уни нафрат, ҳасад томон етаклайди. Натижада инсон ўзидан устун бўлганларга ёмонлик қилишга ўтади. Баъзида улардан устун бўлиш мақсадида ҳатто ўғрилик қилишдан, ёлғон сўзлашдан ҳам тоймайди. Бойлик орттириш йўлида одамлар билан мусобақалашиб, ўзини ғам-ғуссага, изтиробга кўмиб ташлайди.
Инсон мол-дунё, чирой, соғлик, қувват борасида ўзидан пастроқ бўлганларга қараса, Аллоҳ таолонинг унга кўрсатган карамини кўради, бошқа кўплаб одамларга бермаган неъматларини унга берганини ҳис қилади. Натижада сакинат, хотиржамлик туяди, одамларга нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлади, фақир-мискинларга хайр-эҳсонлар қилиб, Аллоҳнинг марҳаматига шукр келтириб, умргузаронлик қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатга эриштирувчи нарсани васият қилганларини тушуниб етади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётни яна ҳам гўзал қиладиган, қалбни бахт ва сурурга тўлдирадиган энг гўзал васиятларидан бири - Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан нақл қилинган қуйидаги ҳадисдир.
«Халилим менга етти нарсани васият қилганлар:
мискинларни яхши кўришни, уларга яқин бўлишни буюрганлар;
ўзимдан юқоридагиларга эмас, ортдагиларга қарашни буюрганлар;
ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамасликни буюрганлар;
силаи раҳм қилишни буюрганлар;
аччиқ бўлса ҳам, ҳақиқатни айтишни буюрганлар;
Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмасликни буюрганлар.
«Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ (қудрат ва қувват фақат олий, улуғ Аллоҳ биландир)» ни кўп айтишни буюрганлар».
Бир қиз айтади: «Бу ҳаётдаги шодлигимнинг сабаби – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Зарр розияллоҳу анҳуга қилган еттита васиятларидир. Бу васиятни ўрганиш бошқа, унга амал қилиш бошқа экан. Мен Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган ишончим сабабли бу васиятларга амал қилдим. Ахир у зот биз умматлар икки дунёда ҳам бахтли-саодатли бўлишимиз учун юборилмаганмидилар? Мен бу васиятлар доим кўз олдимда, ёнимда бўлсин деб, бир нечта қоғозга кўчириб, бирини чўнтагимга, бирини ёстиғимнинг остига, бирини кийим жавонимга, бирини дарс столимга қўйиб қўйганман. Сўнгра уларга амал қила бошладим. Шу васият сабабли ўзимга ишончим ортди, қалбим сакинатга тўлди. Масалан, ўсмирлик муаммолари сабаб бирор кун ҳам психолог маслаҳатига муҳтож бўлмадим. Яқинларим, дугоналарим кўпайди. Ҳар кеча Аллоҳнинг фазли билан хотиржам уйқуга кетаман».
Бошқа бир қиз айтади: «Неча йиллар ўзимдан, ҳаётимдан, атрофдаги ҳаммадан норози бўлиб яшабман. Сиқилиш, тушкунлик, уйқусизлик – ҳаммасини бошдан ўтказдим. Ҳатто жонимга қасд қилмоқчи ҳам бўлганман. Бой оиланинг фарзанди бўла туриб, шу аҳволга тушиб қолдим. Бир куни бир дугонам мени етимларга, камбағалларга эҳсон қилайлик деб, ёрдамлашишга чақирди. Унинг яқинлари бир хайрия жамғармасида ишлар экан, бу эҳсонлар ўша жамғармадан эди. Аллоҳнинг марҳамати билан, хайрли иш экан деб, рози бўлдим. Мана шу фикр ҳаётимнинг ўзгаришида илк қадам бўлди. Бир бева аёлникига бордик. Ёш-ёш етим болалари бор экан. Унинг уйига бордиму, ҳаётимда илк бор саодат, шукрона ҳиссини туйдим. Бу аёлнинг уйини, шароитини кўрсангиз эди… Аёл мурғак гўдаклари билан ҳаётнинг аччиқ зарбаларига дош бериб яшаётган бўлса-да, Аллоҳнинг неъматлари, кўрсатган марҳаматлари учун тинмай ҳамд айтар эди. Биз озгинагина пул, рўзғор учун керакли нарсаларни берсак, ҳаққимизга узундан-узоқ дуолар қилди. Унинг дуоларида хурсандчилик, самимият, розилик ва ихлос балқиб турар эди. Ўша кунги зиёратдан йиғлаб қайтганим ҳали ҳам эсимда. Чунки шу пайтгача нақадар аҳмоқона ҳаёт кечириб келганимни ўша куни ҳис қилган эдим. Афсуски, умримнинг асосий қисми бойларга қараш, мол-дунё борасида улар билан мусобақа қилиш билан ўтиб кетибди. Бирорта дугонам меникидан чиройлироқ нарса сотиб олса ёки уникига ўхшаш нарсани излаб топа олмасам, кўзларимдан уйқу қочиб, ҳатто йиғлашга тушардим.
Бева аёлнинг зиёратидан кейин ҳаётга муносабатим бутунлай ўзгарди. Шундан кейин энди буёғига заифлар, ожизларга, камбағалларга ёрдам бераман деб бел боғладим. Моддий жиҳатдан қийналиб турган одамга ёрдам бериш шунақанги буюк саодат эканки, кўплаб инсонлар бундан мутлақо бехабар экан. Камбағаллар билан елкадош бўлиб яшасангиз, қандай аҳволда яшаётган бўлсангиз ҳам, ҳаётингиздан рози бўлиб қоласиз. Уларга янада кўпроқ ёрдам бериш учун ўқишда, ишда янада кўпроқ тер тўкасиз. Бу эса ҳаётингизга барака киргизади, хотиржам ухлашингизга сабаб бўлади. Бошимдан ўтказган тажрибаларимдан келиб чиқиб, барча маҳзун қизларга камбағалларнинг, етимларнинг оналарига яқинроқ бўлишни, уларга имкон борича моддий, маънавий ёрдам беришни, улар билан тез‑тез суҳбатлашиб туришни тавсия қиламан. Бу тавсияга амал қилсангиз, ҳақиқий ҳаловат, чинакам хотиржамлик нималигини ўшанда биласиз. Бировга ёрдам беришнинг завқи бировдан ёрдам олишнинг завқидан кўра тотли бўлар экан».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.