Тобеиннинг таърифи:
“Тобеъуна” луғатда, “тобеъийю” ёки “тобеъун” бўлган исми фоилнинг жамидир. У “табиъа” феълидан олинган бўлиб, ўзбекчада “эргашди”, “орқасидан юрди” деган маъноларни ифодалайди.
Истилоҳда эса, мусулмон ҳолида саҳобага учрашиб, мусулмон ҳолида вафот этган кишига “тобеъий” айтилади [1]. Баъзилар эса, “у саҳобага ҳамроҳ бўлган кишидир” [2], деб таъриф беришган [3].
Баъзилар эса, “Мўъмин бўлган ҳолида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари билан суҳбатлашган киши тобеъиндир” [4], дейишган [5].
Бу илмнинг фойдалари:
“Тобеинларни таниш” илмининг фойдаси жуда кўпдир. Инсон бу илмга беэтибор бўлса, саҳоба билан тобеинни ва тобеин билан табаъ тобеиннинг ўртасини ажрата олмайди. Шунингдек, бу илмнинг фойдаларидан яна бири “муттасил ҳадис” билан “мурсал ҳадис”ни ажратиб олишдир.
Тобеинларнинг табақалари:
Тобеинларнинг табақаларининг адади ҳақида ихтилоф қилинган. Уламолар уларнинг табақаларини ўз қарашларига, ижтиҳодларига кўра тақсим қилишган:
А). Уларнинг энг биринчи табақаси – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннат башоратини берган ўнта саҳобаларга учрашган тобеинлар бўлиб, бунга Қайс ибн Абу Ҳорим роҳимаҳуллоҳни мисол қилиш мумкин. У киши уларнинг барчасидан ҳадис эшитган ва ривоят қилган. Тобеинлар орасида ундан бошқа бирорта тобеин бу ўнта саҳобанинг ҳаммасидан ҳадис ривоят қилмаган.
Б). Уларнинг энг охирги табақаси – Басра аҳлидан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга, Мадина аҳлидан Соиб ибн Язийд ва Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳумоларга учрашган кишилардир. Бу саҳобалар энг охирги вафот этган саҳоба бўлишган [6].
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳам саҳиҳ сўзга кўра шу табақадан бўлган.
Илм китобларида кенг тарқаган тобеинларнинг уч табақаси қуйидагилардир:
Энг аввал вафот этган тобеъин – Абу Зайд Маъмар ибн Язийд (30-ҳижрий санада ўлдирилган).
Энг охирги вафот этган тобеин – Холф ибн Холийфа (180-ҳижрий санада қазо қилган) [8].
Етти фақиҳ бўлган тобеъинлар:
Катта тобеъинлардан етти фақиҳ бўлиб танилган кишилар қуйидагилардир:
Саъийд ибн Мусайяб, Қосим ибн Муҳаммад, Урва ибн Зубайр, Хорижа ибн Зайд, Абу Салама ибн Абдурроҳман, Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утба ва Сулаймон ибн Ясор.
Мухозрамнинг таърифи:
Мухозрам, луғатда “хозрама”, феълининг исми мафъули бўлиб, “икки даврда яшаган”, деган маънони ифодалайди.
Истилоҳда, у жоҳилият ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонида ҳам яшаб, мусулмон бўлиб, у зотни кўрмаган ёки мушрик бўлган ҳолида у зотни кўрган бўлиб, кейинроқ мусулмон бўлган кишидир. Чунки, мушрик ҳолида Расулуллоҳни кўришлиги эътиборга олинмайди [9].
Мухозрамларнинг ҳукми:
Баъзилар уларни саҳобалардан дейишган. Саҳиҳ гапга кўра улар тобеинлардан саналади, уларнинг Расулуллоҳдан ривоят қилган ҳадислари мурсал ҳадис дейилади.
Мухозрамлар ҳақида фақат Имом Муслим ибн Ҳажжож (261-ҳижрийда вафот этган) ва Имом Бурҳониддин Иброҳим ибн Муҳаммад ал-Аъжамий (841-ҳижрийда вафот этган) томонидан муҳозрамлар ҳақида алоҳида китоб ёзилгандир. Имом Муслимнинг бу китоби ҳақида Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ Саҳиҳи Муслимга бўлган шарҳида, унинг китобларини зикр қилиб, “Китабул мухозромийн”[10] ни ҳам зикр қилган. Иброҳим ибн Муҳаммаднинг китоби “Тазкиротут толиби ал-муъаллама лиман юқолу аннаҳу мухозрам” номли бўлиб, у нашр қилингандир.[11]
Тобеинларнинг энг афзали:
Тобеинларнинг энг афзаллари ҳақида уламолар ўртасида бир неча фикрлар баён қилинган. Бу сўзларнинг энг машҳури тобеинларнинг энг афзали – Саъийд ибн Мусайяб ҳисобланади, дейилганидир.
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Хофийф Шерозий бундай деган:
Тобеъин аёлларнинг энг афзали:
Абу Бакр ибн Абу Довуд бундай деган: “Тобеин аёлларнинг саййидалари Ҳафса бинти Сийрийн ва Амро бинти Абдурраҳман ва улардан кейин (кичик) Умму Дардодир”.
Тобеинларнинг таниш борасидаги ёзилган энг машҳур китоб – Абу Муторриф ибн Футойс Андалусийнинг “Маърифатут тобеъийн” китобидир.
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Шокиржон МАДАМИНОВ манбалар асосида таёрлади.
[1] Нухба, 58-бет.
[2] Ал-Кифоя, 22-бет
[3] Тайсиру мусталаҳул ҳадис, 247-бет.
[4] Маърифату улумул ҳадис, 42-саҳифа.
[5] “Муъжамул мусталаҳотул ҳадийсийя”, Саййид Абдул мажид ал-Ғоврий.202-саҳифа.
[6] Манҳажун нақд фи улумил ҳадис, 148-саҳифа.
[7] Манҳажун нақд фи улумил ҳадис, 148-саҳифа.
[8] Муъжамул мусталаҳотул ҳадийсийя”, Саййид Абдул мажид ал-Ғоврий.203-саҳифа.
[9] Муъжамул мусталаҳотул ҳадийсийя, Саййид Абдул мажид ал-Ғоврий.203-саҳифа.
[10] Шарҳун Нававий ала Саҳиҳи Муслим, 1/10. Таҳзийбул Асмо, Нававий 2/397. Сияру Аъламун Нубало, 12/397.
[11] Муъжамул мусталаҳотул ҳадийсийя, Саййид Абдул мажид ал-Ғоврий.682-саҳифа.
Афв – ўч олишга қодир бўла туриб, тойилиш ва хатолардан ўтиб кечириб юбориш демакдир. Бунинг яна бир маъноси адоват ва нафрат каби иллатларни қалбдан кетказиш бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада: “Қиёмат кунида жарчи нидо қилиб: “Аллоҳнинг зиммасида савоби борлар турсин ва жаннатга кирсин”, дейилади, дедилар. Саҳобалар: “Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар кимлар?” – деб сўрашди. Набий алайҳиссалом: “Одамларни афв қилиб юборувчилар” [1], деб жавоб бердилар.
Агарда сиз ҳам Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар қаторида бўлишни истасангиз сизга ёмонлик қилган, сизнинг ҳаққингиз борасида хато қилган кишининг хато ва камчиликларини кечириб юборинг. Ахир Аллоҳ таоло: «...Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас»[2], дейди.
Сизга нисбатан хато қилган кишиларга юмшоқ муносабатда ва сабрли бўлиш, сизни улушингиздан маҳрум қилганларга ҳам зиқналик қилмаслик, сиз билан алоқани узмоқчи бўлганлар билан ҳам алоқани ушлаб қолиш, узилганларини тезлик билан қайта йўлга қўйиш – буларнинг бари қандайин ахлоқ эканини кўрингки, улар ўз соҳибини қиёмат кунида юксак мартаба ва мақомларга эриштиради.
Ривоятларда келишича, бир аъробийни туҳмат қилгани сабабли султоннинг ҳузурига келтиришибди. У йўл-йўлакай «Мана менинг китобимни ўқинглар» деган ояти каримани тиловат қилиб борибди. Атрофдагилардан бири унга қарата: “Бу қиёмат куни айтилади, бугун эмас”, дебди. Аъробий жавоб бериб: “Худо ҳаққи, бу кун қиёмат кунидан-да ёмонроқ. Чунки қиёмат кунида менинг ёмонликларим билан бирга яхшиликларим ҳам кўрсатилади ва ҳисобга олинади. Бугун менинг ёмонликларимни эътиборга оляпсизлар-у, яхшиликларимни инобатга олармидингиз?!” – дебди.
Сиз отасиз! Фарзандингиз бир маротаба хатога йўл қўйдими, бундай вазиятда унинг барча яхшиликларини унутиб юборманг.
Мабодо дўстингиз сизга нисбатан бир гал хато иш қилиб қўйса, сиз у билан бирга елкама-елка туриб ўтказган яхши кунларингиз ва унинг чиройли дўстлиги ва садоқатини эсдан чиқарманг.
Муҳаммад ибн Абу Бакр раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейдилар: “Эй инсон! Сен ва Роббинг ўртасида Ўзидан бошқаси билмайдиган хато ва камчиликларинг бор. Аллоҳ уларни кечириб юборишини хоҳлайсан. Агар ростдан ҳам шу гуноҳларинг афв этилиши иштиёқида бўлсанг, у ҳолда У Зотнинг бандаларидан ўтган хатоларни кечир ва афв эт. Аллоҳ сенинг хатоларингдан кечишини истасанг, сен ҳам бандаларининг хатоларини ўтиб юбор”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Табароний ҳасан санад билан ривоят қилган.
[2] Шуро сураси, 40-оят.