بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي اَنْزَلَ الْقُرْآنَ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى أَشْرَفِ الاَنْبِيَاءِ وَالْمُرْسَلِيْنَ
وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ أَجْمَعِيْنَ
أمَّا بَعْدُ
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу.
Ҳурматли меҳмонлар, муҳтарам ҳайъат аъзолари, қори-қорияларимиз, мусобақани тўғридан-тўғри кузатиб бораётган қалби Қуръонга ошно азиз юртдошлар!
Бугун, барчамиз учун ниҳоятда қутлуғ кун, катта хурсандчилик айёми. Юртимиз узра яхшиликлар, илоҳий раҳматлар ёғилиб турган дамларда Сиз азизлар билан Ўзбекистон Қуръон мусобақаси Республика босқичининг очилиш маросимида жамланиб турибмиз. Ушбу мусобақанинг якуний босқичи «Расулуллоҳ ойи» дея таъриф берилган Шаъбон ойида бўлиб ўтишида ҳам ўзига хос ҳикмат бор. Чунки, бу ой Қуръон нозил бўлган ойга тайёргарлик кўриш, Каломуллоҳни кўпроқ тиловат қилиш, такрорлаш ойи ҳисобланади. Бу эса, албатта, мусобақа файзига файз қўшади, иншоаллоҳ.
Хабарингиз бор, Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан бошланган Қуръони карим мусобақаси мўмин-мусулмонларимиз кўпдан бери интиқиб кутган қувончу шодликларни олиб келди. Қалбда мамнунлик, кўзда ёш ила қилинган дуолар, ҳузурбахш тиловатлар сабаб юртимизга файзу баракалар ёғилди.
Қувонарлиси, ушбу мусобақанинг илк йилидаёқ иштирокчилар сони беш ярим минг нафардан ошди. Аслида, олиму уламо, қорию қурроларга бешик бўлган, дин ва дунё илмлари билан Ислом тамаддунига улкан ҳисса қўшган алломалар заминида, уларнинг сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин, келгуси йилда бу рақам бир неча бараварга ошади, иншоаллоҳ.
Халқимизнинг Қуръонга бўлган муҳаббати нақадар юксак эканини мусобақанинг туман-шаҳар, вилоят босқичларида гувоҳи бўлдик. Қишнинг совуқ кунларида ҳам Қуръонга муҳаббатли халқимиз тўп-тўп бўлиб мусобақани томоша қилишга келишди. Чилланинг совуғи авжига чиққан кунларида ҳам ташқарида туриб бўлса-да, мусобақани кузатишди. Бу Аллоҳнинг каломига бўлган муҳаббатнинг нақадар кучли эканига далолатдир.
Мусобақа ўтказилаётган жойларга бориб, кузата олиш имкониятига эга бўлмаган юртдошларимиз учун ҳам шароитлар ташкил этилди. Улар телевидение ва интернет сайтлари орқали уйларидан туриб илоҳий, файзли онлардан баҳраманд бўлишди.
Ўз навбатида, ҳудудлардаги вилоят ҳокимликлари ва мутасадди ташкилотлар мусобақа ишларига яқиндан кўмак бериб, иштирокчиларни табриклаб, томошабинлар учун барча шарт-шароитларни ҳозир қилиб беришди. Бу – вилоят раҳбарларининг аҳоли маънавиятига, маърифатига эксак эътибор қаратаётган-ларидан далолатдир. Айни пайтда ҳам Республикамиз бўйлаб, бир неча ҳудудларда ушбу мусобақани тўғридан-тўғри кўриш имкони ҳозирлангани минг-минглаб мўмин-мусулмонларимизни чексиз хурсанд қилмоқда.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Мўмин-мусулмон киши учун Ҳақ таолонинг каломини ўқиш ёки уни тинглашданда роҳатбахш нарса бўлмайди. Қуръони карим инсонларни тўғри йўлга бошлайдиган, ақл юргизиб, тафаккур қилиб, ҳидоятга чорлайдиган муқаддас китобдир. Инсон Қуръони карим оятларини ёд олгани ёки эшитгани сари руҳи енгиллашиб, тўғри йўлда собитқадам бўлиб бораверади.
Аллоҳ таоло Қуръон ўқувчи ва эшитувларни мақтаб, бундай марҳамат қилади:
إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَنْ تَبُورَ لِيُوَفِّيَهُمْ أُجُورَهُمْ وَيَزِيدَهُمْ مِنْ فَضْلِهِ إِنَّهُ غَفُورٌ شَكُورٌ
«Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар. Зеро (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукр қилувчидир» (Фотир, 29–30).
Зеро, Қуръон ўқилганда, мўмин-мусулмон банда бутун вужуди билан Каломуллоҳга соме бўлади. Ўқилаётган оятлар ҳақида тафаккур қилади. Ана шунда улуғ ажру савобларга эришади. Бу ҳақида Аъроф сурасининг 204-оятида бундай дейилади:
وَإِذَا قُرِئَ الْقُرْآَنُ فَاسْتَمِعُوا لَهُ وَأَنْصِتُوا لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
“Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд шунда раҳм қилингайсиз!”.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Қуръони каримни ўқиган, ёд олган кишиларни инсонларнинг энг яхшиси деб таърифлайдилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қиладилар:
خَيْرُكُمْ مَنْ تَعَلَّمَ الْقُرْآنَ وَعَلَّمَهُ
“Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, сўнг уни бошқаларга ҳам ўргатувчилардир” (Имом Бухорий).
Яна бир ҳадиси шарифда:
مَنِ اسْتَمَعَ إِلَى آيَةٍ مِنْ كِتَابِ اللَّهِ تَعَالَى كُتِبَتْ لَهُ حَسَنَةٌ مُضَاعَفَةٌ
وَمَنْ تَلاَهَا كَانَتْ لَهُ نُوراً يَوْمَ الْقِيَامَةِ
“Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир оятни эшитса, унга икки ҳисса кўп савоб ёзилади. Кимда-ким Қуръонни тиловат қилса, қиёмат куни унинг учун ёритувчи нур порлайди” (Имом Аҳмад ва Имом Байҳақий).
Қуръони карим калималари остидаги ўта теран маъно-мазмун, ҳикмат борлиги, ҳар қандай инсон Қуръони каримнинг ўта таъсирли оятларини эшитган пайтда, беихтиёр унга қулоқ тутиб қолиши, бутун вужуди билан берилиб тинглаши – буларнинг барчаси ушбу улуғ китоб бутун оламларнинг яратувчиси бўлмиш Аллоҳ таборака ва таолонинг сўзи эканига яна бир бор амин бўлади.
Қадрли меҳмонлар, мусобақамизни тўғридан-тўғри кузатиб бораётган азиз Қуръон мухлислари!
Муҳтарам Президентимиз 2017 йил 1 сентябрь куни “Ҳазрати Имом” мажмуасига қилган ташрифлари чоғида Қуръон мусобақасини дастлаб туман, шаҳар ва вилоят босқичини сўнгра Республика босқичини ўтказиш бўйича кўрсатма берган эдилар. Шунга мувофиқ, бу йилги мусобақа ўзгача руҳда, кўтаринки кайфиятда, оммавий тарзда ўтказилди. Буни барчамиз кўриб, гувоҳи бўлдик. Бу бежизга эмас, албатта. Чунки Қуръони каримни ёдлаш, тинглаш ва англашда ҳикмат кўп. Давлатимиз раҳбари таъбирлари билан айтганда: “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар, Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффақият бўлади. Элимизга нур келади”.
Мана шундай ишларнинг узвий давоми сифатида шу йил 13 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистонда Қуръони карим тиловати мусобақасининг якуний Республика босқичига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги мажлисида Бош вазир жаноблари томонидан жуда ҳам муҳим вазифалар ва топшириқлар белгилаб берилди. Ҳозирда барча мутасадди ташкилотлар Қуръон мусобақасини энг юқори савияда ўтказиш учун жуда кўп хизматлар қилишмоқда.
Айниқса, Диний идорамизнинг доимий ҳамкори бўлган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкилоти мусобақани ўтказишда яқиндан ҳамкорлик қилиш таклифи билан чиққани бизни қувонтирди. Биз ушбу таклифни мамнуният билан қабул қилдик. Ёшлар иттифоқи ташкилоти ғолибларини қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш каби энг улуғ савобли ишларни ўз зиммасига олди, бунинг учун албатта ташаккур айтамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, барча ташкилотлар раҳбарларига, мутахассисларига, ишчи-ходимларига, барча-барчага ва ўзининг сармояси билан ҳисса қўшган саховатпеша кишиларга катта миннатдорлик билдирамиз. Уларнинг эл-юрт саодати, динимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида олиб бораётган фидокорона меҳнатларида улкан зафарлар ато этишини Яратган Ҳақ таолодан сўраймиз. Аллоҳ таборака ва таоло олиб бораётган ишларида Ўзи мададкор бўлиб, Ўзининг ҳифзу ҳимоясида асрасин.
Қуръон тиловати пайтида ва ундан кейин дуолар қабул бўлишидан умид қилиниши борасида ҳадис келган. Бугун қалби қувончга тўлган мўмин-мусулмон юртдошларимиз мана шундай файзу баракотли кунларда қўлларини баралла дуога кўтариб, унинг шукронаси учун Парвардигоримизга ҳамду санолар айтишмоқда. Бу ишга ташаббускор бўлган Давлатимиз раҳбари, барча мутасаддилар ҳақларига дуолар қилишмоқда. Юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги учун дуолар қилмоқдалар.
Албатта, ушбу хайрли ва фазилатли мусобақа, дуолар сабабидан жонажон Ўзбекистонимизга яхшиликлар, баракалар ёғилиб, кунларимиз бундан-да нурафшон, ҳаётимиз янада фаровон бўлади, иншоаллоҳ.
Республика босқичига етиб келгунга қадар, минг-минглаб йигит-қизларимиз орасидан туман-шаҳар ва вилоят босқчиларида ғолибликни қўлга киритиб, якуний босқичда иштирок этаётган қорию қорияларимизга муваффақиятлар, зафарлар тилаб қоламиз. Аллоҳ юзларини ёруғ, иштирокларини осон қилсин!
Ўзбекистонда оммавий тарзда ўтказилаётган биринчи Қуръони карим тиловати мусобақасининг Республика босқичини очиқ деб эълон қиламан.
ЎМИ Матбуот хизмати
Муносабат
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, тараққиётимизнинг янги даврида қабул қилинаётган тегишли қонун ҳужжатлари халқимизнинг эътиқод эркинлигини таъминлаш, жамиятда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда инсон қадр-қимматини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Таъкидлаш жоиз, янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар фаровон ҳаётни таъминлашга қаратилган. Ўзгариш ва янгиланишлар замирида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган улуғ тушунча бош ўринга қўйилган.
Ўтган қисқа вақтда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди. Ушбу муассасалар “Жаҳолатга қарши маърифат” эзгу умуминсоний ғояси асосида жамиятда соғлом маънавий муҳитни таъминлашга, ёшларни замонавий фикрлайдиган ва буюк аждодларимизга ҳар жиҳатдан муносиб этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан азим пойтахтимизда улкан мажмуа — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилмоқда. Аллоҳ насиб этса, мазкур иншоот буюк аждодларимиз заковати, халқимиз маънавий салоҳиятига мос бўлади. У ёшлар учун улкан тарбия мактаби, сайёҳлар учун табаррук қадамжо, қисқача айтганда, илм-маърифат кошонасига айланади.
2025 йил 25 февралда Ўзбекистон Републикаси Қонуни билан Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси тасдиқланиши мамлакатимизда миллатлар ва динлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, жамиятимизда тинчлик-хотиржамликни таъминлаш, адолат ва тенгликни қарор топтиришга катта ҳисса қўшмоқда.
Юртимиздаги мана шундай улуғвор ишларнинг узвий давоми сифатида Президентимиз томонидан “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон имзоланди. Бу муҳим ҳужжатда белгиланган долзарб вазифалар жаҳон илм-фани ва маданияти ривожида беқиёс ўрин тутган буюк алломаларимизнинг илмий-маънавий меросини ўрганиш, ёш авлодни она Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш бўйича бошланган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади.
Шунингдек, жамиятимизда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувликни таъминлаш ва юртимизнинг жаҳон тамаддуни бешиги сифатидаги тарихий мақомини тиклаш бўйича ислоҳотларга янгича руҳ бағишлайди.
Ушбу Фармонда диний соҳани тубдан такомиллаштириш, мўмин-мусулмонлар ибодат қилиши учун қўшимча қулайликлар яратиш, хусусан, ҳаж ва умра зиёратларига бориши билан боғлиқ хизматларни рақамлаштириш, муборак сафарга борувчилар учун шаффоф электрон навбатларни йўлга қўйиш, диний соҳа ходимларининг малака оширишида янгича тизим жорий этиш ҳамда илмий-тадқиқотларни юқори босқичга олиб чиқиш каби устувор йўналишлар белгилангани диққатга сазовор.
Айниқса, ушбу муҳим ҳужжатда Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ва қатор муҳим вазифаларни амалга ошириш белгилангани илм-маърифат аҳлини чексиз мамнун этди. Бинобарин, Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг инсонпарварлик ғояларини ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини янада кучайтириш ҳозирги глобаллашган ахборот асрида ғоят долзарб аҳамият касб этади.
Қайд этиш лозимки, Нақшбандия тариқати ўзининг мўътадиллиги ва бунёдкор таълимотлари билан бошқа тариқатлардан ажралиб туради. Унда асосан комил инсон, илм-маърифат, одоб-ахлоқ, ҳалол касб, эзгу амал каби масалаларга бош ғоя сифатида қаралади. Шунингдек, ушбу тариқатда инсоннинг амаллари фақат шахс камолотига эмас, балки жамиятнинг маънавий ривожи ва ислоҳоти учун ҳам хизмат қилиши зарурлигига алоҳида урғу берилади. Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари илм ва амални ўзида мужассам этган, жамият учун манфаатли бўлган шахсни комил инсон сифатида таърифлайди.
Дарҳақиқат, тариқат пешвоси Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари илгари сурган “Дил ба ёру даст ба кор”, яъни “Қўлинг меҳнатда-ю, дилинг Аллоҳда бўлсин”, деган эзгу шиор замирида умуминсоний ғоялар, маънавий камолот, ботиний поклик устувор аҳамият касб этади. Аслида бу таълимот динимизнинг асосий талабларидан. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “... Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас”, деб баён қилади (Қасос сураси, 77-оят).
Нақшбандия таълимотида ҳам “Инсонларни сев ва уларга фойда етказ”, тамойилига катта аҳамият берилган. Бу ғоя асосий ҳаёт тамойилига айланган. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Инсонларнинг энг яхшиси — уларга фойдаси энг кўп тегадигани” (Имом Дарақутний ривояти).
Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ҳаётлигидаёқ бу тариқат мавқеи кўтарилиб, дунё бўйлаб ёйилди. Таълимот замон талабларига мослиги, барчага хослиги сабабли оддий халққа ҳам, зиёлилар қатламига ҳам маъқул эди. Ана шундай юксак маънавий-маърифий аҳамияти боис, бу таълимот Баҳоуддин Нақшбанд вафотидан кейин янада кенг тарқалди. Нақшбандия таълимоти адабиёт ривожида ҳам муҳим ўрин тутди. Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб, Сўфи Оллоёр каби мутафаккирлар ижодида нақшбандия ғоялари кенг тарғиб этилган.
Ўзбекистонда яшаб ўтган буюк тасаввуф алломалари меросини янада чуқур ўрганиш бугунги кунда илмий жамоатчилик олдида турган муҳим вазифалардан. Шу билан бир қаторда, юртимизда тасаввуф таълимоти доирасида шаклланган умуминсоний қадриятлар, инсоний одоб-ахлоқ мезонлари, инсонпарварлик ва тинчликпарварлик ғояларидан ёш авлодни Ватанга муҳаббат, буюк аждодларга эҳтиром руҳида тарбиялаш, бузғунчи ғояларга қарши туришда самарали фойдаланиш долзарб аҳамиятга эга.
Фармон асосида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятини янада такомиллаштириш борасида ҳам қатор вазифалар белгиланди. Жумладан, ҳужжатда Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби буюк аллома аждодларимиз қолдирган маънавий меросни ўрганиш, жаҳон илм-фани ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини халқимиз, айниқса, ёшларга тарғиб қилиш, асарларининг таржималарини нашр этиш, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини кенг оммага етказиш каби муҳим масалалар ўрин олган.
Зеро, ҳужжатда қайд этилган вазифалар буюк ватандошимиз, исломий илмлар ривожига улкан ҳисса қўшган беназир аллома, калом илмининг султони Имом Абу Мансур Мотуридийнинг ибратли ҳаёт йўли ва бой илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, мотуридийлик таълимотига хос бағрикенглик ва мўътадиллик тамойилларини халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларига бемисл хизмат қилади.
Шунингдек, Фармонда ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганиш ва кенг оммага, жумладан, халқаро жамоатчиликка етказиш, диний таълим муассасаларига илмий-тадқиқот ва ўқув-услубий масалаларда ҳамда педагог кадрлар ва диний ходимларнинг малакасини ошириб боришда амалий ёрдам бериш ҳамда ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асраш йўналишида янги лойиҳа ва ташаббусларни ишлаб чиқиш каби устувор вазифалар ҳам алоҳида қайд этилгани илмий-маърифий йўналишдаги ишларни янада кенгайтиради.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг фаолияти такомиллаштирилиши муборак динимизнинг асл моҳиятини, илмий-маънавий асосларини, юртимиздан етишиб чиққан буюк мутакаллим алломалар ҳаёти ва меросини ўрганишни янада кучайтиришга туртки бўлади.
Демак, мазкур Фармоннинг қабул қилиниши фуқароларимизнинг эътиқод эркинлигини кафолатлаш баробарида диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий.
"Халқ сўзи" газетасининг 2025 йил 24 апрелдаги 83-сонидан олинди