Cавол: Баъзи вақтларда жамоатга кечикиб келиб, такбир айтиб, жамоатга қўшиламиз. Шу ҳолатда санони ўқиймизми?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Жамоат намозига кеч қолиб қўшилган киши агар имом жаҳрий қироат қилаётган пайтда қўшилса, санони ўқимасдан сукут қилиб туради. Имом намозни тугатиб салом бергандан сўнг имом билан бирга ўқий олмаган ракатларни ўқигани турганда санони ўқийди.
Агар имом махфий қироат қилаётган бўлса, такбири таҳримадан сўнг санони ўқийди.
Агар биринчи ракатни топса, лекин имом қироатни бошлаган бўлса, санони ўқимай, жим туради. Чунки санони ўқиш суннат, имомнинг қироатига қулоқ солиш вожиб саналади. Бу ҳақида “Фатовои оламгирия”да қуйидаги маълумотлар келтирилган: “Намозга кечикиб келган шахсга оид ҳукмлардан яна бири шуки, намозхон имом жаҳрий қироат қилаётган вақтда қўшилса, санони ўқимайди. Мазкур муқтадий имомга яқин ёки узоқда бўлса ҳам, ёки имомнинг қироатини эшитмайдиган кар бўлса ҳам санони ўқимай, жим туради. Имом салом бергандан кейин улгурмаган ракатларини ўқиш учун турганда санони ўқиб, ортидан аъузуни айтади.
Махфий қироат қилинадиган намозларда шундай ҳолат бўлиб қолса, иқтидо қилган ракатида санони ўқийди.
Киши биринчи ракатни топса-ю, аммо имом фотиҳани ўқишни бошлаган бўлса, жим туради.
Имомни руку қилаётган ёки сажда қилаётган ҳолда топса қарайди, агар санони ўқиб руку ёки саждага улгура олишига кўзи етса, тик турган ҳолда санони ўқийди (кейин имомга иқтидо қилади). Агар улгуришига кўзи етмаса санони ўқимасдан имомга иқтидо қилади.
Агар имомни қаъдада топса, санони ўқимайди, балки намозга киришиш учун такбир айтади, сўнгра эгилиш учун такбир айтади, сўнгра қаъдага ўтиради. “Баҳрур роиқ”да шундай келган”.
Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Кеча, 13 май куни Мадина шаҳрига эсон-омон етиб келган зиёратчиларимизнинг илк гуруҳларини Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, “Ҳаж – 2025” ишчи гуруҳи вакиллари, мамлакатимизнинг Саудия Арабистонидаги “Ҳаж” ва “Умра” ишлари бўйича атташеси Шуҳрат Амоний ва бошқа мутасаддилар томонидан тантанали равишда катта эҳтиром билан кутиб олинди.
Шунингдек, ҳамюртларимиз муҳташам “Зам-зам Пуллман” меҳмонхонасига киришлари биланоқ илиқ қарши олиниб, зам-зам сувлари, хурмо, ширинликлар ва ҳадялар улашилиб, гуллар ила икром қилинди.
Айни дамда зиёратчиларимиз меҳмонхоналарга жойлашиб бўлганидан сўнг ихлосу имон билан ибодатларни адо этиш, хусусан, Масжиду Набавий ва Равзаи муборакни зиёрат қилишга, яқинлари томонидан илтимос қилинган саломларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказишга ошиқмоқдалар.
Аллоҳ таоло юртдошларимизнинг сафарларини муборак қилиб, ибодату дуоларини ижобат айласин, Равзаи шариф зиёратини барчамизга насиб этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати