Париж жоме масжиди французлар ва Францияда яшовчи мусулмонлар учун улкан рамзий маънога эга. Парижда қурилажак биринчи масжиднинг узоқ давом этган музокараларида французларнинг Исломга оид нотўғри қарашлари сингиши ва мусулмонларни рисоладагидек одамлар деб ҳисоблай бошлаши тарихи акс этган.
Французларнинг мусулмонлар билан илк муносабатлари VIII аср бошларида бошланган, ўшанда Ислом қўшинлари қўшни Испаниядан кела туриб аввал 717 йили Аквитанияни, орадан икки йил ўтиб Нарбоннани эгаллаб олди.
Мамлакат ичкарисига ғолибона юришлар 732 йил «Жафокашлар тўдаси жанги» ёки «Пуатье жанги» номи билан машҳур муҳораба натижасида тўхтатиб қолинди. Аммо 888 йил мусулмонлар Франциянинг Прованс вилоятида ўзларининг жажжи амирлигини ташкил қилишга муваффақ бўлди, у Жалол ал-Ҳалол номи билан аталди (Европа адабиётларида Фраксинет деб тилга олинади), 80 йилдан ортиқ ҳукм сурди ва Реконкиста даврида маҳв этилди.
Мусулмонлар билан шунчалик узоқ танишликка қарамай, Франция мусулмонлари учун йирик ибодат мажмуасини қуриш ғояси фақат XIX аср ўрталарига келиб туғилди ва фақат XX асрнинг биринчи чорагида рўёбга чиқди.
Масжид қурилишига доир илк лойиҳалар Марокашнинг Франциядаги элчихонаси томонидан 1842 йилдаёқ тавсия этилган. Бундай таклифлар 1878 ва 1885 йилларда ҳам такрорланди, лекин Франция ҳукумати томонидан жавобсиз қолдирилди. 1846 йил Шарқшунослар жамияти ҳукуматга аввал Парижда, кейин Марселда масжид қурилиши лойиҳасини тақдим этди. Бу таклиф Жазоирни тинчлантириш учун ўртага ташланган эди. Аммо таклиф Адлия вазирлиги томонидан рад этилди ва лойиҳа 10 йилга музлатиб қўйилган.
1856 йили Усмонли империяси илтимосига кўра 85-дивизиядан қурбон бўлган мусулмон аскарларини дафн қилиш учун Париж шарқидан 800 кв метрга тенг кичик майдон ажратиб берилди. Ўша ерда кичик бир бино қурилиб, масжид деб аталди. Бинода асосан дафн анжомлари сақланар ва тиловатлар қилинарди. У Париждаги илк масжид эди. Худди шунга ўхшаш Марселда қурилган бино эса Франциядаги биринчи масжид саналади. Афсуски, у инқилоб пайти вайрон қилинган. Усмонли империяси эса масжидни реставрация қилиш ва кенгайтириш учун маблағ ажратди ва 1914 йили гумбазли, минорали ва зарур ёндош биноларга эга масжиднинг янги лойиҳасини тақдим этди. Лекин бошланиб кетган Биринчи жаҳон уруши лойиҳанинг амалга ошишига тўсқинлик қилди. Бу ҳақда "info.islom" нашри маълум қилган.
Мазкур ҳодисалар бўлиб турган бир вақтда француз тадқиқотчиси, публицисти, жамоат арбоби ва Франциянинг Африка жамияти раҳбари Пол Бурдари Парижда масжид қуриш ғоясини фаол тарғиб эта бошлайди. Мақолалари ва таниқли шахслар билан суҳбатларида у масжид қурилишини Францияни ҳимоя қиламан деб жон берган ўн минглаб мусулмонлар руҳи олдидаги қарзни узиш билан тенглаштирарди. У йигирма йилдан ортиқ давом этган масжид қурилиши тарғиботига қатор француз сиёсатчилари, дин ва жамоат арбобларини, шунингдек, ҳурматли дворянларни ҳам жалб қилди, улар масжиднинг лойиҳалаштирилиши ва давлат структураларига олиб кирилиши ҳамда қурилишига катта ҳисса қўшадилар.
Ва ниҳоят, Бурдарининг ҳаракатлари натижа берди, 1920 йилнинг августида Франция ҳукумати масжид, кутубхона ва мажлислар залидан иборат мажмуа қурилиши учун 500 минг франк маблағ ажратди. Шунингдек, масжид қурилиши учун энг муносиб жой дея Ўсимликлар боғи ҳудуди белгиланди.
Бўлажак масжид пойдеворига биринчи тош 1922 йили қўйилди, қурилиш ишлари эса 1923 йили бошланди. Лойиҳа муаллифи – француз меъмори, рассоми ва ёзувчиси Морис Траншат де Люнель бўлиб, у узоқ йиллар Марокашда ишлаган ва бу мамлакат маданий ёдгорликларининг сақланиб қолишига катта ҳисса қўшган шахс эди. Қурилиш ишлари эса Люнелнинг лойиҳаси асосида Робер Фурне, Морис Манту ва Шарль Юбе томонидан амалга оширилди.
1923 йил мусулмонлар ишлари бўйича идоралараро комиссия 1914 йил Усмонли ҳукумати томонидан тақдим этилган лойиҳани кўриб чиқади ва Ўсимликлар боғи яқинида катта масжид қурилаётгани боис усмонлилар қабристонидаги эски масжидни тиклаш мақсадга мувофиқ эмас деган қарор чиқаради.
Шундай қилиб, 1926 йил Парижнинг бешинчи округидаги Жарден-де-Плант (Ўсимликлар боғи) ҳудудида 33 метрлик минорага эга Жоме масжиди пайдо бўлади. Мусулмон Андалусиясига хос «мудажжан» меъморчилик услубида қурилган бино дарвозалари 1926 йилнинг 15 июль куни очилди. Очилиш маросимида Франция президенти Гастон Думерг ва Марокаш султони Мулай Юсуф иштирок этган.
Париж жоме масжиди лойиҳасини яратар экан Люнель мусулмон меъморчилигининг икки дурдонасидан илҳомланганди. Биринчиси, Марокашда 859 йили Фотима ал-Фахрий томонидан асос солинган Ал-Қарауййин масжиди бўлиб, у Ислом дунёсининг энг қадимий диний ва таълимий муассасаларидан саналади. Иккинчиси, Тунисдаги аз-Зайтуна масжиди, унинг виқоридан илҳомланиб кейинчалик Кордовадаги катта масжид ҳам қурилган. Париждаги масжиднинг ички безаклари устида Шимолий Африкалик усталар ишлашган.
Бинонинг ўзи 7500 кв метр ҳудудни эгаллайди. Масжиддан ташқари бу ерда кутубхона, мадраса, анжуманлар зали, ресторан, чойхона, ҳаммом ва дўкон ҳам бор. Ҳудуднинг деярли ярми боғдир. Масжид бир вақтнинг ўзида бир минг кишини сиғдира олади, эркаклар ва аёллар учун алоҳида намозхоналар ҳамда таҳоратхоналар, имконияти чекланган инсонлар учун кириш йўллари бор. Масжид қошида мусулмон институти фаолият юритади, у «ҳалол» сертификати бериш ваколатига эга. 1983 йилдан бошлаб бино тарихий ёдгорлик саналади, шунингдек, «Йигирманчи аср мероси» деган алоҳида мақомга эга.
Қизиқарли фактлар
- Иккинчи жаҳон уруши пайти Париж Жоме масжиди мусулмонларнинг нацист истилочиларга қарши кураши маркази бўлган. Франциялик режиссёр Исмоил Фаррухий (келиб чиқиши марокашлик) бу ҳақида «Озод инсонлар» номли фильм суратга олган.
- Турли маълумотларга кўра, уруш пайти 500 нафардан 1600 нафаргача яҳудий шу ердан паноҳ топган. Уларга бошпана ва овқатдан ташқари мусулмон деган гувоҳнома ҳам берилган.
- Бугунги кунгача масжидда бор-йўғи 6 марта имом алмашган. Учинчи имом Хамза Абубакрдан бошлаб барча имомлар ректор лавозимига эга.
- Масжидга имомларни тайинлашда етакчи рол Жазоир ҳукуматига тегишли, шунингдек, у масжид бюджетининг учдан бир қисмига ҳомийлик қилади.
- Масжиднинг оч эман рангли, бронза билан ишлов берилган кириш дарвозаси намоз вақтлари ва жума намозидан ташқари ҳар куни нафақат мусулмонлар, балки сайёҳлар учун ҳам очиқ. Сайёҳлар ва араб экзотикаси мухлислари масжид қошидаги «Шарқ дарвозаси» номли ресторанда анъанавий Жазоир ва Марокаш таомларидан татиб кўришлари мумкин.
ЎМИ Матбуот хизмати
ҲИДОЯТ
Исрофгарчиликка йўл қўймаслик оиладан бошланади
Ҳар қандай ишда ўртаҳоллик, мўътадиллик ва меъёр ҳамиша маъқулланиб келинган. Ҳаддан ошишлик, исрофгарчилик, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар ҳам ақлан, ҳам шаръан қораланиб, улардан ҳазар қилишга буюрилган.
Таассуфлар бўлсинки, бугун аксарият ҳолларда исрофдан сақланишга эътибор бермаймиз, исрофгарга айланиб қолаётганимизни сезмаймиз. Деярли кўп нарса, у қимматми ёки арзон, аҳамиятлими ёки аҳамиятсиз, нодирми ёки сероб, олди-кетига қарамай, бирваракайига исроф қилинишини кузатиш мумкин.
Хўш, исроф нима? Бугун ҳар бир инсон исрофгарчиликка йўл қўймаслик учун тежамкорликни нимадан бошлаши керак? Бу борада динимизда нима дейилган?
Аллоҳ таоло исрофнинг ёмон иллат эканлиги ҳақида Қуръони каримда марҳамат қилган. Жумладан, “Аъроф” сураси, 31-оят мазмунида: “...Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас”, дейилади.
Исроф динимизда қаттиқ қораланган. “Исроф” деганда кераксиз нарсаларга беҳуда пул сарф этиш, фойдасиз сарф-харажатлар ва ҳаракатлар тушунилади. Исрофнинг катта-кичиги йўқ. Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш, зиёфат ва маросимларни бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш ҳам мақтанишнинг юқори кўринишларидандир. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳам, жумладан, бундай дейилган: “Аллоҳнинг нозу неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, хайру эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар!” (Имом Аҳмад ривояти).
ОҚАР ДАРЁ БЎЛСА ҲАМКИ, СУВНИ ТЕЖАНГ
Ҳар бир инсон исрофгарчиликка йўл қўймасликни ўз оиласидан бошлаши керак. Бу борада ўзлари намуна бўлиб, фарзандларига тўғри тарбия бериши лозим. Дастлабки тежамкорликни сувдан бошлаш зарур. Аллоҳ бандаларига берган неъматларидан унумли фойдаланиб, исрофгарчиликка йўл қўймасликка буюради. Бироқ кўпчилик эрталаб сув жўмрагини тўлиқ очган ҳолда юз-қўлни ювишади.
Афсуски, айрим юртдошларимиз қовун-тарвуз, ичимликларни салқинлатиш ёки машиналарни ювиш учун кўп миқдорда тоза ичимлик сувини ишлатади. Бу – исрофдир. Ўша мева ёки ичимликларни бошқа йўл билан ҳам совутиш, машина юваётганда бир челакка сув олиб, увол қилмасдан ювиш мумкин-ку, ахир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бутун инсониятга қарата шундай марҳамат қилади: “Сизлар ўзларингиз ичадиган сув ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингизми? Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдиргувчимизми? Агар Биз хоҳласак, уни шўр қилиб қўйган бўлар эдик. Бас, шукр қилмайсизларми?” (“Воқеа”, 68-70).
Сув нафақат истеъмол, балки покланишимиз учун ҳам муҳимдир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда айтилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир соъдан беш муддгача бўлган сув билан ғусл қилар ва бир мудд сув билан таҳорат олар эдилар (Муттафақун алайҳ). Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тахминан, 0,688 литр сув билан таҳорат қилардилар. Бу нарса ҳаммамизга ўрнак бўлиши лозим.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Бир куни Саъд таҳорат қилаётган чоғида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдидан ўтиб қолдилар ва унга қарата: “Бу қандай исрофгарчилик, эй Саъд?!”, дедилар. Шунда Саъд розияллоҳу анҳу: “Таҳоратда ҳам исроф бўладими?” дея ажабланди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гарчи оқар дарёда бўлсанг ҳам, таҳоратда сувни ортиқча ишлатиш исрофдир”, дея унга танбеҳ бердилар (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).
Аввалги пайтларда таҳорат учун сув алоҳида идишга олиниб, оз-оздан қуйиб амалга оширилган. Ҳозирда махсус қувур ва жўмраклари орқали сув ўтказилиб, сувдан фойдаланишда қулайлик пайдо бўлган. Аммо бу, сувдан хоҳлаганича фойдаланиш, уни исроф қилиш мумкин, дегани эмас. Балки, бу неъмат учун Аллоҳга шукр қилиб, тежамкорлик йўлига ўтишимиз ҳаммамиз учун бирдек зарур.
Қолаверса, бугун аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш дунёвий муаммо даражасига кўтарилган бир паллада қўни-қўшни, ёру дўстларимизни сувни тежашга чақирсак, дунёда ютуқларга, охиратда эса Аллоҳнинг розилигига сазовор бўламиз.
Шундай экан, ҳар биримиз сувни исроф қилмасдан, тежамкорлик билан ишлатишни ўрганайлик!
ҚАНЧА ТАОМ ТАНОВУЛ ҚИЛМОҚ КЕРАК?
Ким исрофгарчиликка йўл қўяди? Албатта, увол-савобнинг фарқига бормаган одам. Шундай оилалар бор, вақти келса қолипли нонга пул тополмайди. Шундай оилалар бор, фақат бирон йиғин сабаб ёпган нон сотиб олади.
Таассуфки, бугун айрим чиқиндихоналарда турли нонлар, ширинликларни, ҳатто овқат қолдиқларининг ташлаб юборилаётганини кўриб, ақлингиз шошади. Уни бир одам исроф қилмагани аниқ. “Танаси бошқа дард билмас”, деганларидек, атрофдагиларнинг ҳаёти ундай одамларни қизиқтирмаслиги аниқ. Агар қизиқтирганида, қўшнисининг яшаш шароити ўйлантирганида эди, бугун бундай нонлар, турли таомлар чиқиндихоналардан жой олмас эди.
Айтишингиз мумкин, кўп қаватли уйларда турадиган одамларнинг моли бўлмагач нима қилсин, деб. Аммо меъёр деган нарса бор-ку! Наҳотки бир кунлик меъёр қанчалигини англаш қийин бўлса?!
Айнан мана шу меъёрни ҳар бир оила эрталабки нонушта олдидан бир кунда қанча нон, овқат ва бошқа таомлар зарурлигини билиши керак. Киндий розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони – қориндир. Кишига ҳаракат қилиши учун керак бўлган миқдордаги таом кифоя қилади, ёки бўлмаса қорнини уч қисмга бўлсин, бир қисми таом учун, бир қисми сув учун, яна бир қисми нафаси учундир” (Имом Аҳмад ривояти). Аллоҳ таоло айтади: “Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас” (Аъроф, 31).
Ноннинг увоғи ёки бир бурда нон ҳам аслида бутун ноннинг кичкина бўлагидир. Кўзимизга илмаган ушоқ ҳам йиғилса, бутун нон бўлади. Шундай экан, бизлар барча неъматларнинг қадрига етиб, уларни кичик санамаслигимиз лозим. Акс ҳолда, киши неъматларга нонкўрлик қилган бўлади. Неъматларни қадрлашни, уларни кичик санамай барчасига бирдек яхши муомалада бўлишни Пайғамбаримиздан ўрганишимиз керак.
МЕЪЁРДАН ОШСА, ИСРОФГАР БЎЛАДИ
Муҳтож кишиларга садақа ва эҳсонлар қилиш динимиз талаби ва бунинг учун бандага улуғ савоблар ваъда қилинган. Аммо бу соҳада ҳам меъёрдан ошса, исрофгарчиликка йўл қўйилган бўлади.
Саховат – яхши фазилат. Саховат хасислик ва исроф ўртасидаги меъёрий бир босқичдир. Садақа ва эҳсонларда исрофгарчилик қилиш кўпинча кимўзарга тўйлар қилиш, ўзини кўз-кўз қилиш ва шу каби кўринишда намоён бўлади. Унутмайликки, хоҳ амали, хоҳ молу давлати билан бўлсин, риёкорлик қилиш банданинг охиратдаги аҳволини ёмонлаштиради.
Шуни билингки, кийимда ҳам исрофгарчилик бўлади. Инсон ўзига керакли, фақат ҳожатига етарли либос кийиши керак. Мода ортидан қувиб, сон-саноқсиз кийим-кечак ва турли либосларни сотиб олиш исроф ва бу такаббурликка олиб боради.
НЕЪМАТЛАРНИ ҚАДРЛАШИМИЗ КЕРАК
Бизда бир тушунча бор: қайси неъмат арзон бўлса, уни хоҳлаганча ишлатиш мумкин, нархи қиммат нарсаларни тежаш керак. Бу нотўғри. Сабаби, Аллоҳ берган неъматларнинг қадри унинг инсонлар наздидаги баҳоси, қиймати билан ўлчанмайди.
Газ ва шу каби неъматлар, одатда, тежаб ишлатилади. Сабаби, эртага унинг пулини тўлаб қўйишни ўйлаймиз. Йўқ, биз неъматларни катта-кичикка ажратмасдан, барини қадрлашимиз керак. Ким билади, биз ҳозир қадрига етмаётган нарса вақти келиб, энг қимматбаҳо нарсага айланар. Неъматлар бардавом бўлсин, заволга учрамасин, десак, вақтида уларнинг қадрига етайлик.
Биз юқорида моддий неъматлар исрофи ҳақида гапирдик. Лекин исрофнинг энг ёмон кўриниши – маънавий соҳадаги исрофгарчиликдир. Буларга, асосан, қуйидаги икки нарса киради:
биринчиси, умрни исроф қилиш. Аллоҳ таоло бандасига берган энг қадрли неъматлардан бири айнан умрдир. Унинг қадри шундаки, бошқа барча неъматларни қайта тиклаш, қўлдан чиқаргач, яна унга эришиш мумкин, аммо умр бундай эмас. Шу сабаб умрни исроф қилишдан узоқ бўлайлик;
иккинчиси, илм ва истеъдодни исроф қилиш. Илм эгаллаш – улуғ фазилат. Илм соҳиби бўлгач, уни ҳаётга татбиқ этиш – илмига амал қилиш ва ўзгаларга илм ўргатиш ҳар бир зиё аҳлининг бурчидир. Акс ҳолда, ўргатилмаган ёки амал қилинмаган илм исрофдир. Бунинг учун банда охиратда жавоб беради.
***
Биз Аллоҳга суюкли халқлардан, маҳбуб умматлардан бўлишни хоҳласак, исрофдан сақланайлик! Аллоҳ берган ҳар бир неъматни катта-кичик демасдан, қадрига етайлик. Шунда ризқимиз янада зиёда бўлади.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари.
ҚЎЛЛАНМА
ҲАР БИР ОИЛА БИЛИШИ ШАРТ!
Уламолар исрофга йўл қўядиган кишиларнинг ҳолатларини таҳлил қилиш орқали, исрофга йўл қўйишга сабаб бўладиган омилларни, исрофгарликнинг зарарли оқибат ва асоратларидан қутулиш йўлларини аниқлаганлар.
ИСРОФГА ЙЎЛ ҚЎЙИШГА САБАБ БЎЛАДИГАН ОМИЛЛАР:
– аввало, тарбия ўчоғи бўлмиш оилада фарзандларни сабрли ва қаноатли қилиб тарбиялаш ўрнига, улар томонидан бўладиган барча талабларни меъёридан ошириб таъминлаб бериш;
– маишатпараст, дунёпараст кишилар билан улфат ва суҳбатдош бўлиш, уларнинг ҳолатларидан таъсирланиш;
– тезликда, машаққат чекмай тангликдан кейин кенгликка, фақирликдан кейин бойликка эришиш;
– нафснинг хоҳиш ва истакларига сўзсиз итоат этиш;
– бу дунё ҳаёти охират учун тайёргарлик кўриш даври эканлиги, охиратда эса бу дунёда қилинган амаллар учун ҳисоб-китоб бор эканини унутиш ёки тушунмаслик;
– умуман, инсон ҳаётида мўътадиллик ва меъёр деган тушунчалардан йироқ бўлиши.
ИСРОФГАРЛИКНИНГ ЗАРАРЛИ ОҚИБАТ ВА АСОРАТЛАРИ:
– Аллоҳнинг муҳаббатидан мосуво бўлиб, Унинг ғазаби ва қаҳрига мубтало бўлиш;
– шайтонни хурсанд қилиб, унинг шеригига айланиш;
– ҳаётдаги қийинчилик ва машаққатларни кўтара олмаслик, ожизлик ва нотавонликка маҳкум бўлиш;
– танада турли касалликларнинг пайдо бўлиши, қалб қотиши, фикрнинг ўтмаслашуви;
– жамиятда ялқовлик, текинхўрликнинг авж олиши, қашшоқлик ва тиланчиликнинг кўпайиши.
ИСРОФГАРЛИКДАН ҚУТУЛИШ ЙЎЛЛАРИ:
– ҳар ишда Аллоҳ таоло буюрган мўътадил йўлни тутиб, ҳаддан ошиш ва исрофгарликдан ўзни сақлаш;
– Пайғамбар алайҳиссалом, саҳоба ва тобеинлар ҳамда улуғ зотларнинг ҳаёт тарзларини ўрганиб, уларга эргашиш;
– дунёдаги фақир ва мискинлар, уйсиз-жойсиз, оч-наҳор юрган халқларнинг ҳолатини кўз олдига келтириш;
– исрофгар, дунёпараст одамлардан узоқлашиб, қалби синиқ, хокисор кишиларга яқин юриш;
– оила ва фарзандларни сабр ва қаноат каби гўзал фазилатлар соҳиби қилиб тарбиялаш.