Иордания ҳошимийлар қироллигидаги Тафилия техника университетининг (ТТУ) араб адабиёти факультети ташаббуси билан “Қуръон мўъжизасининг янги адабий тадқиқотлари” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.
“Ал-араб ал-явм” хабарига кўра, анжуманни кириш сўзи билан очган ТТУ ректори Муҳаммад Хайр Хуроний: "Университет профессорлари талабалар учун уларни тўғри йўлга бошловчи интеллектуал раҳбарлар ва бошқарувчилар ҳисобланади, Қуръон қиссалари эса уларга ҳаётий сабоқ беради ҳамда фикр юритишга ундайди”, деган.
Уч кун давом этган конференцияда “Диалог маданияти”, “Қуръони карим қиссаларида аёл тимсоли”, “Қуръони карим қиссалари хусусияти”, “Қуръони карим қиссаларида рамз” ва “Қуръони карим тафсирларида Қуръон қиссалари” каби мавзулар ўрганилди.
Ироқ университети профессори Таҳа Кейси мазкур форум олимлар ва тадқиқотчилар билан учрашиш учун яхши имконият бўлганини айтиб, жумлдан, шундай деди: “Иордания университетлари илмий конференциялар ва семинарлар ўтказиш учун кўп ишларни амалга оширмоқда”.
Эслатиб ўтамиз, конференцияда экспертлар ва олимлар иштирокида диний, ижтимоий ва сиёсий мавзулар бўйича илмий мунозаралар ўтказилди.
Халқаро алоқалар бўлими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Келинликка номзод шахснинг ҳам ўзига яраша ҳуқуқлари ва одоблари мавжуд.
1. Келинликка номзод шахс ўзини хушрўй кўрсатиш учун зийнатланишга ҳақли.
Уламоларимиз бунга мисол қилиб, Субайҳа бинти Ҳорис розияллоҳу анҳонинг ҳадисини келтиришади. Унда «Қачонки нифосдан покланганда, совчилар учун зийнатланди» деган жумла бор. Бошқа бир ривоятда: «...сурма суртиб, хино қўйиб тайёрланди», дейилган.
2. Келинликка номзод шахс куёвликка номзодни кўришга ҳақли.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Муғийра розияллоҳу анҳунинг ҳадисидаги: «Унга назар сол, чунки бундай қилиш иккингиз орангизда бардавомликка керакдир», деганлари келинликка номзодга ҳам тегишли.
3. Келинликка номзод шахс куёвликка номзод билан суҳбатлашишга ҳақли. Бу – табиий ҳолат. Кўришгандан кейин, оила қуриш нияти бўлгандан кейин, ўртада суҳбат бўлиши турган гап.
4. Келинликка номзод шахс муайян эркакни ёқтириш ва унга никоҳланиш истагини билдиришга ҳақли.
قَالَتْ أُمُّ سَلَمَةَ وَلَدَتْ سُبَيْعَةُ الْأَسْلَمِيَّةُ بَعْدَ وَفَاةِ زَوْجِهَا بِنِصْفِ شَهْرٍ، فَخَطَبَهَا رَجُلَانِ أَحَدُهُمَا شَابٌّ وَالْآخَرُ كَهْلٌ، فَحَطَّتْ إِلَى الشَّابِّ، فَقَالَ الشَّيْخُ: لَمْ تَحِلِّي بَعْدُ، وَكَانَ أَهْلُهَا غَيَبًا وَرَجَا إِذَا جَاءَ أَهْلُهَا أَنْ يُؤْثِرُوهُ بِهَا، فَجَاءَتْ رَسُولَ اللهِ r، فَقَالَ: قَدْ حَلَلْتِ فَانْكِحِي مَنْ شِئْتِ. رَوَاهُ مَالِكٌ.
«Умму Салама айтадилар:
«Субайҳа Асламия эрининг вафотидан ярим ой ўтиб туғди. Унга икки киши совчи қўйди. Улардан бири ёш, бошқаси қари эди. У ёшига мойил бўлди. Чол: «Ҳали ҳалол бўлганинг йўқ», – деди. Аёлнинг аҳли ғойиб эди. Чол аёлнинг аҳли келганда уни ўзига беришларидан умидвор бўлди. Аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борди. Бас, у зот: «Сен ҳалол бўлдинг. Кимни истасанг, ўшанга никоҳлан», дедилар» (Молик ривоят қилган).
Икки тараф риоя қилиши лозим нарсалар
Келинлик ва куёвликка номзодлар никоҳдан олдинги учрашув ва бошқа муносабатларда риоя қилишлари лозим бўлган нарсалар қуйидагилардан иборат:
1. Икковлари бир-бирларига номаҳрам эканликларини унутмасликлари зарур.
Чунки асли маҳрам бўлмаган икки жинсдаги шахснинг никоҳдан бошқа нарса маҳрам қила олмайди, жумладан, совчилик қилиш ва унаштириш ҳам.
2. Икковлари учрашмоқчи бўлсалар, фақат маҳрамларининг иштирокида учрашишлари шарт.
3. Икковлари учрашганда қўл бериб кўришишлари мутлақо мумкин эмас.
4. Никоҳдан олдин икковлари холи қолишлари мутлақо мумкин эмас.
"Бахтиёр оила" китобидан