Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати жавоб беради.
Савол: Ассалому алайкум! Саволим шундан иборатки, кўпчилигимиз гувоҳ бўладиган бир ҳолатда, яъни ёмон бир хабар ёки ходисани эшитганимизда "тавба-тавба" деймиз. Айнан шу ҳолатда кўп гувоҳ бўламанки, баъзилар ирим тарзида қулоқларини ортига бармоқлари билан тегиб қўйишади, яна баъзилар эса қўллари билан "тук-тук-тук" қилишади ва бу қилиқлари билан шайтонни ҳайдашаётганини айтишади. Бундай ҳолатда бу одат ҳақида аниқ диний билимга эга эмаслигим учун менда иккиланиш пайдо бўлади. Саволим: айнан шунақа ҳолатдаги бу одатлар қанчалик тўғри? Тўлиқроқ маълумот берсангиз! Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!
Жавоб: Ва алайкум ассалом. Халқ орасида сиз айтган гаплар мавжуд. Лекин бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай йўл тутганларига эътиборингизни қаратамиз. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга у кишини хурсанд қиладиган иш келса “неъматлари билан яхшиликлар тўлиқ бўладиган Аллоҳга ҳамд бўлсиин”, дер эдилар. Ва агар у зотга ёмон кўрган иш келса “Барча ҳолатларда Аллоҳга ҳамд бўлсин”, дер эдилар. Шу ҳадисдан келиб чиқиб ёмон хабар эшитган вақтда турли гаплар ёки ҳаракатларни эмас балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилсак мақсадга мувофиқ бўлади.
Савол: Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокотуҳ. 5 маҳал намоз ўқиман ҳозир Россияда ишлайман бомдод ва хуфтон туриб ўқишни иложи бор Пешин, аср ва шомни ўтириб ўқиябман мен ишлаётган жойни шароити шунақа ўтириб намоз ўқишим жоизми?
Жавоб: Ва алайкум ассалом. Имкони бўлмаган ҳолатларда агар фарзни ўтириб ўқилса кейин ўша намозларни қазосини ҳам қайтадан ўқиб олиш лозим, чунки намознинг баъзи фарзлари тарк қилинади.
Савол: Ассалому алайкум! Мен телеграмдаги диний каналларнинг биттасида "одам намоз ўқишни бошлаганда Аллоҳ фаришталарга у инсонни елкасидаги барча гуноҳларни олинглар дер экан. Намоз ўқиб бўлгандан кейин фаришталар гуноҳларини яна елкасига қўяйликми деса Аллоҳ йўқ у менга ибодат қилди дер экан" деб ўқигандим. Лекин бошқа диний каналда "барча гуноҳлари елкасида бўлади сажда қилганда тўкилади. Шунинг учун кўпроқ сажда қилиш керак" деб ўқиб қолдим. Қай бири тўғри экан. 2- саволим. Фарзандларимнинг тиши тушганда эски тишини тиш фариштаси олиб кетди ўрнига у бу нарсани бериб шуни олиб келди дейман, тиш фариштасига ишонтириш гуноҳмасми умуман бу ишим тўғрими? Жавоблар учун ташаккур!
Жавоб: Ва алайкум ассалом. 1. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Агар банда намоз ўқишга турса унинг гуноҳларни олиб келинади ва боши ҳамда елкасига қўйилади. У ҳар рукуъга борганда ва сажда қилганда гуноҳлари тўкилади”, деганларини эшитдим, дедилар. 2. Бу иш шариатимизда бирор асосга эга эмас. инсоннинг тиши тушган вақтда уни ерга кўмиш керак. Болаларга дин номидан бундай ёлғонларни айтмаслик керак.
- 54دُخُولُ النَّاسِ فِي الْجَنَّاتِ فَضْلٌ مِنَ الرَّحْمَنِ يَا أَهْلَ الأَمَالِ
Маънолар таржимаси: Эй умидвор бандалар, инсонларнинг жаннатларга киришлари Ар-Роҳманнинг фазлидир.
Назмий баёни:
Жаннатга эришмоқ Ар-Роҳман фазли,
Бу муҳим эътиқод, эй умид аҳли.
Луғатлар изоҳи:
دُخُولُ – мубтадо.
النَّاسِ – музофун илайҳ.
فِي – жор ҳарфи اِلَى маъносида келган.
الْجَنَّاتِ – луғатда “дархтзор боғ” маъносини англатади. Жор мажрур دُخُولُ га мутааллиқ.
فَضْلٌ – хабар. Луғатда “марҳамат” ва “мурувват” каби маъноларни англатади.
مِنَ – “табйиния” (уқтириш) маъносида келган жор ҳарфи.
الرَّحْمَنِ – жор мажрур فَضْلٌ га мутааллиқ.
يَا – яқинга ҳам, узоққа ҳам ишлатиладиган нидо ҳарфи.
أَهْلَ الأَمَالِ – музоф мунодо. Луғатда “умидворлар” маъносига тўғри келади.
Матн шарҳи:
Қайси бир инсон жаннатга кирадиган бўлса, албатта, Аллоҳ таолонинг лутфу марҳамати билан кирган бўлади. Шунинг учун У меҳрибон зотнинг фазлу марҳаматидан умидвор бўлиб ҳаракат қилиш лозим.
Жаннатдаги даражалар қилинган амаллар эътиборига кўра эгалланса-да, унга кириш фақат ва фақат Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматига боғлиқ бўлади. Бу ҳақиқатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари алоҳида таъкидлаганлар:
عَنْ عَائِشَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ سَدِّدُوا وَقَارِبُوا وَاعْلَمُوا أَنْ لَنْ يُدْخِلَ أَحَدَكُمْ عَمَلُهُ الْجَنَّةَ وَأَنَّ أَحَبَّ الْأَعْمَالِ إِلَى اللَّهِ أَدْوَمُهَا وَإِنْ قَلَّ. رَوَاهُ البُخَارِيُّ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўғри бўлинглар, ғулуга кетманглар, билингларки сизлардан бирортангизни амали жаннатга киритмайди, албатта амалларнинг Аллоҳга севимлироғи оз бўлса-да, давомлироғидир”, – дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
Яъни бирор инсон ҳам яхши амаллари кўплиги сабабли ўзининг жаннатга киришини нақд қилиб қўя олмайди, балки жаннат фақатгина Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлган бахтли инсонларгагина насиб этади.
Шунинг учун ҳар бир банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб яшаши лозим. Қуръони каримда тақводор бандаларнинг жонлари олинаётганда фаришталар уларга салом бериб, жаннат башоратини беришлари баён қилинган:
Ушбу ояти каримадаги ب ҳарфи “сабабия” маъносида бўлса ҳам, “бадалия” маъносида бўлса ҳам, ҳадисда баён қилинган маънога зид бўлиб қолмайди. Агар “сабабия” маъноси бериладиган бўлса, “қилиб юрган яхши ишларингиз сабабли Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлдингиз, жаннатга киринг” деган маъно тушунилади. Агар “бадалия” маъноси бериладиган бўлса, “қилиб юрган яхши ишларингиз бадалига Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлдингиз, жаннатга киринг” бўлади.
Модомики, барча Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлиш билангина жаннатга кирар экан, доимо У зотнинг раҳматидан умид узмай амал қилиб бориш лозим. Аммо умидвор бўлиш билан хом хаёл суришнинг орасини ажратиб олиш керак. Хом хаёл суриш – бирон иш қилмасдан фақатгина “ширин хаёл” суришнинг ўзи бўлса, умидвор бўлишнинг ўзига яраша бир қанча шартлари бор.
Умидвор бўлиш ва хом хаёл суриш орасидаги фарқлар
Умидвор бўлиш ва хом хаёл суриш орасидаги фарқлар ҳақида “Талхису шарҳи ақидатит Таҳовия” китобида қуйидагилар айтилган:
“Кимки бир нарсадан умидвор бўлса, унинг умидворлиги бир қанча ишларнинг бўлиши зарурлигини келтириб чиқаради:
1. Умид қилган нарсасига муҳаббатли бўлиши;
2. Умид қилган нарсасига эришолмай қолишдан қўрқиши;
3. Умид қилган нарсасига эришиш учун имкони борича ҳаракат қилиши.
Ушбуларнинг бирортасига ҳам боғланмасдан, умид қилиш хом хаёл суриш бўлади. Умидворлик ва хом хаёл суриш бошқа-бошқа нарсалардир”[2].
Демак, кимки Аллоҳ таолодан ўзини жаннатга туширишини умид қилаётган бўлса, ўша умид қилгани жаннатга муҳаббатли бўлиши, уни доимо ёдида сақлаши ва унга олиб борадиган йўллардан юриши лозим.
Кимки Аллоҳ таолодан ўзини жаннатга туширишини умид қилаётган бўлса, ўша умид қилгани жаннатга эришолмай қолишидан қўрқиши, ундан ажратиб қўядиган нарсалардан сақланиб юриши лозим.
Кимки Аллоҳ таолодан ўзини жаннатга туширишини умид қилаётган бўлса, ўша умид қилгани жаннатга эришиши учун унга эриштирадиган барча омилларни ишга солиб имкони борича ҳаракат қилиши лозим. Аллоҳ муваффақ қилсин.
Кейинги мавзулар:
Улуғ ҳисоб-китоб бўлиши баёни.