Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Январ, 2025   |   14 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:47
Пешин
12:37
Аср
15:36
Шом
17:21
Хуфтон
18:39
Bismillah
14 Январ, 2025, 14 Ражаб, 1446

Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида

17.04.2018   3974   7 min.
Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори


Халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш – бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг халқимизга хос азалий қадриятдир. 

Бутун дунёда миллионлаб инсонлар ҳалок бўлишига сабаб бўлган, мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлганини ҳеч ким унутмайди. Ушбу бешафқат урушда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликларнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлганини халқимиз ҳеч қачон ёдидан чиқармайди. Уруш бошланиши билан фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган бир миллионга яқин оила ва болаларни қабул қилиб, охирги бир бурда нонини улар билан баҳам кўрган, “Сен етим эмассан” деб ўз бағрига олгани халқимизнинг нақадар олижаноблигини, меҳр-мурувватини, юксак маънавиятини яққол намоён этди. 

Мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш кунини кенг нишонлаш, Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашишга ҳисса қўшган, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотирасини абадийлаштириш, барча фахрийларга ҳурмат кўрсатиш мақсадида: 

1. Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) 1-иловага мувофиқ маъқуллансин. 

Хотира ва Қадрлаш кунининг кенг нишонланишини таъминлаш давлат ва нодавлат ташкилотларининг биринчи галдаги вазифаси, барча Ўзбекистон фуқароларининг виждоний иши ва анъанавий бурчи деб белгилансин. 

2. Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

3. Ишчи гуруҳ (А.Арипов): 

Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг “Инсон қадри улуғ, хотира муқаддас”, “Мардлик, бурч ва садоқат” шиорлари остида юқори савияда ўтказилишини ташкил этсин; 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг сифатли ўтказилишини таъминласин ва жойларга бориб, Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишга амалий ёрдам кўрсатсин; 

Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчисига, фронт орти меҳнат фахрийларига, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш мақсадида тегишли вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар, ҳарбий қисмлар вакиллари бириктирилсин ҳамда ушбу тоифадаги шахсларни қутлаш ва хушнуд этиш мақсадида уларнинг яшаш жойига раҳбарларнинг ташрифини ташкил этсин; 

ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг турар жойи ва уй хўжаликларини таъмирлаш, ободонлаштириш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин; 

Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш давомида Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари кўрсатган матонат, мардлик ва жасоратнинг аҳамиятини кенг аҳоли тоифалари, айниқса, ёшлар ўртасида тушунтириш, тарғиб ва ташвиқ этиш бўйича маданий-маърифий ва ватанпарварлик йўналишидаги тадбирлар ўтказилишини ташкил қилсин; 

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан бирйўла пул мукофотини тантанали равишда топширсин; 

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг истаклари асосида улар ўзлари жанг қилган мамлакатларга бир нафар кузатувчи билан сафарини ташкил этсин ҳамда ушбу сафар билан боғлиқ барча харажатлар қопланишини таъминласин; 

Иккинчи жаҳон уруши фахрийларининг истаклари асосида Ялта ва Кисловодск шаҳарларидаги “Ўзбекистон” ҳамда республика ҳудудидаги бошқа санаторийларга бир нафар кузатувчиси билан бирга бепул юборишни ташкил этиб, уларни зарур авиа ва темир йўл чипталари билан таъминласин; 

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги белгиланган жойларда Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги ҳарбий техникалар намойишини ташкил этсин; 

Ғалабага ўз ҳиссасини қўшган, Ватанимиз мустақиллиги учун жонини, куч-қувватини аямаган ҳар бир фахрий, ҳар бир киши хотираси абадийлаштирилишини, уларга муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилишини таъминласин. 

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда: 

вилоят, шаҳар ва туманларда Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича комплекс тадбирларни ишлаб чиқсинлар ва амалга оширсинлар; 

Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги композициялар инсталляцияси, жумладан, уруш йилларининг қўшиқ ва куйлари, дастурхон тузаш ва тегишли шароитлар яратиш билан боғлиқ тадбирларни ташкил этсинлар; 

кўчалар ва майдонларни Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган плакатлар ва стендлар билан безашни таъминласинлар. 

5. Белгилаб қўйилсинки, ўтказиладиган Дастур тадбирлари ҳамда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти меҳнат фахрийлари вакилларини Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган асосий маросимларга темир йўл ёки автомобиль транспортида келиб-кетиши, меҳмонхоналарда жойлашиши, овқатланиши, маданий ҳордиқ чиқариши билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, зарур ҳолларда тегишли кийим-кечаклар билан таъминланиши: 

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – маҳаллий бюджетлар ҳамда ҳомийлик хайриялари ҳисобидан; 

Тошкент шаҳрида – Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланади. 

6. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Тошкент шаҳрида 2018 йил 9 май соат 21.00 да Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган байрам салютини ташкил қилсин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия тантанали тадбирлар ўтказиладиган жойларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминласинлар. 

8. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, “Дунё” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситалари Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган тадбирларнинг кенг ёритилишини, тематик тадбирлар, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларнинг ташкил этилишини таъминласинлар. 

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин. 



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2018 йил 16 апрель 

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Бу мўъжизани ким инкор қила олади?

10.01.2025   7124   1 min.
Бу мўъжизани ким инкор қила олади?

 Биласизми? Силикат моддасига бой бўлган тупроққа дафн қилинган инсоннинг скелети вақт ўтиши билан тош ва харсангга айланади.
 Агар у пири‌т (темир сульфиди) моддасига бой минтақага дафн қилинса, ундай жасад темир ҳайкалга айланиб қолиши мумкин!

Бу илмий ҳақиқат яқинда аниқланган бўлса-да, Қуръонда бу ҳақида 1445 йил олдин ҳайратланарли тарзда жуда аниқлик билан баён этилган. Қуръонда бундай дейилган:

وَقَالُوا أَإِذَا كُنَّا عِظَامًا وَرُفَاتًا أَإِنَّا لَمَبْعُوثُونَ خَلْقًا جَدِيدًا

"Улар: “Биз суякларга  ва чанг- тупроқларга айланиб кетганимиздан кейин ҳам, янгитдан тирилтириламизми?” дедилар. “Сен уларга, тошга ёки темирга айланинглар”, деб айт"
(Исро сураси, 50-оят).

Бу оят яқин йилларда кашф этилган — суяклари тошга айланган ёки темир ҳайкалга айланган қазилмаларга очиқ ва равшан ишора қилмоқда. Гўёки Қуръонда хабар берилган ушбу далиллар олимлар кашф қилишларини узоқ асрлардан бери кутиб ётгандек.

Шундай экан, ақлли инсон бундай очиқ-ойдин ва равшан мўъжизани қандай инкор қила олади? Қуръоннинг бу мўъжизаси кундуздаги қуёшдек равшан эмасми?

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ