Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Декабр, 2024   |   21 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:46
Пешин
12:27
Аср
15:17
Шом
17:01
Хуфтон
18:21
Bismillah
22 Декабр, 2024, 21 Жумадул сони, 1446

Насиҳат қилинг, шарманда қилманг!

17.04.2018   4045   3 min.
Насиҳат қилинг, шарманда қилманг!

«Ким ўз дўстига махфий ваъз қилса, унга насиҳат қилган ва уни зийнатлаган бўлади. Ким ўз дўстига ошкора ваъз қилса, уни шарманда қилган ва айблаган бўлади».

Имоми Шофеъий раҳимаҳуллоҳ ушбу сўзлари билан насиҳат билан шарманда қилишнинг ва самимий муносабат билан дашном беришнинг орасидаги фарқни баён қилиб бердилар.

Дарҳақиқат, дин насиҳатдир (самимиятдир). Лекин унинг риоя қилиш керак бўлган одоблари ва билиш лозим бўлган ҳудудлари бор.

Энг аввало, насиҳат қилмоқчи бўлган киши кўрсатма беришда ниятини холис қилмоғи лозим. Зеро, ҳар бир насиҳат бир хил эмас. Ҳар бир насиҳатгўй ҳам самимий ва омонатдор эмас. Шунингдек, ҳар бир насиҳат қилинган киши ўзига йўналтирилган кўрсатмани тўғри қабул қилиб муваффақият қозонавермайди.

Қанчадан-қанча охирини ўйламай нотўғри шаклда берилган насиҳатлар алоқаларнинг узилишига, ноиттифоқликка, ҳатто ўзаро ёвлашишга сабаб бўлган. Шунинг учун ҳар бир мусулмон насиҳат қилишда самимийлик, холислик ва омонатдорликка риоя қилиши, уни йўналтираётган биродарига махфийликни таъминлаши, айтадиган сўзларини мулойимлик билан гапириши, насиҳат қилиш учун муносиб вақт ва жойни топиши лозим.

Насиҳат қилишнинг турли услублари, ҳар хил йўналишлари, шунингдек, турли мақсад ва белгилаб қўйилган қонун-қоидалари бор. Энг муҳими шуки, насиҳат қилишда ҳар қандай ғаразли мақсадлардан воз кечиш, унинг одоблари ва қонун-қоилаларига риоя қилиш, хусусан, унинг махфий бўлишини таъминлаш лозим.

Мусаъир раҳматуллоҳи алайҳга:

«Сенга айбларинг ҳақида хабар берган одамни яхши кўрасанми?» – дейилди.

«Агар у билан ўзим ёлғиз бўлсак, яхши кўраман. Агар одамлар орасида бўлса, йўқ», – деди.

Аллоҳ таоло ҳам қиёмат куни банданинг айбларини унинг ўзига алоҳида айтади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ қиёмат куни бандани Ўзига яқинлаштиради. Ҳаттоки, елкасини унинг устига қўяди ва: «Бу гуноҳни биласанми, бу гуноҳни биласанми», деб гуноҳларини санайди. У: «Ҳа, Роббим», дейди. Токи уни гуноҳларига иқрор қилдириб бўлганидан сўнг унга: «Ана ўшаларни у дунёда сатр қилдим, бугун эса сени мағфират қиламан», дейди», деганлар.

Агар насиҳатни кўпчилик ичида қилишга тўғри келиб қолса, бу борада ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан гўзал намуна бор.

Расулуллоҳ алайҳиссалом қавм ичида бирон ёмон иш ёки камчиликни кўрсалар, буни даб-дурустдан ўша одамнинг юзига солмасдан, умумий тарзда, фалончига нима бўлди, эмас, балки одамларга нима бўлдики, шундай-шундай ишларни қилмоқдалар, деб ҳаммага тааллуқли қилиб гапирардилар.

 «Қавмларга нима бўлдики, бундай дейдилар ёки қиладилар» (Имом Абу Довуд).

Шунингдек, ота ўғлига, раҳбар кўл остидаги одамга, устоз шогирдига, табиб беморига, ҳамкасаба ўзининг касбдошига, дўст ўзининг дўстига насиҳат қилишида фарқ бор.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, насиҳат – бу бир инсонни яхшиликка йўллаб қўйиш, ҳаққа етаклашдир. Камчиликларини гўзал услубда самимийлик билан тузатишдир. Токи унинг қалби нурлансин, хатоларини кўрсин ва уларни илдизи билан суғуриб ташласин. Шунингдек, ҳар бир насиҳат қилувчида ўта зийраклик, кучли фаросат ва ниҳоят, юқори даражада закий бўлиши талаб этилади.

Аллоҳ барча мўминларни ўзи суйган ва ўзи рози бўладиган амалларга муваффақ айласин!

 

Авазхўжа БАҲРОМОВ

“Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом-хатиби 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Видеолар

 “ЖУМАДАН ЖУМАГАЧА” (20.12.2024)

22.12.2024   5001   1 min.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати