Garuda Indonesia ҳаво йўллари компанияси индонезиялик зиёратчиларни Саудия Арабистонининг муқаддас Макка шаҳрига Ҳаж зиёратига элтиш учун 14 та самолёт ажратди. Бу ҳақда "mba.aero" хабар берди.
Garuda Indonesia мамлакатнинг Дин ишлари бўйича вазирлиги билан шу ҳақда англашув меморандуми имзолади.
Дин ишлари бўйича вазирликнинг Ҳаж бўлими директори Х.Низар Garuda Indonesia авиакомпанияси Ҳаж зиёратчиларига юқори савияда хизмат кўрсатишига умид билдирган.
Ўз навбатида компания президенти Пахала Мансури бу йил Индонезиядан Ҳаж зиёратига борадиган 221 минг ҳожидан 107 минг нафарига Garuda Indonesia ширкати ўзининг энг яхши самолётларда хизмат кўрсатишини таъкидлади.
"Jakarta Post" нашри хабарига кўра, Garuda Indonesia авиаширкати 107 минг зиёратчини мамлакатнинг тўққизта шаҳридан Ҳажга элтиш ва ортга қайтариш учун 278 та рейсни амалга оширишни режалаган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бир ҳамсуҳбатимиз айтади: “Масжидда пешин ўқиб бўлганимиздан сўнг нуроний киши ёнимга келиб, “Қачондан бери намоз ўқийсиз?” деб сўради. “Гапираверинг-чи...” дедим. Намозни жуда тез ўқидингиз, бундай қилиш мумкин эмас. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Одамларнинг ичида энг ёмонлари намозидан ўғирлайдиганидир”, деганлар. Абу Қатода розияллоҳу анҳу: "Эй Аллоҳнинг Расули, намозидан қандай қилиб ўғрилик қилади?" деб сўраганларида у зот: "(Ўша ўғри) рукусини ҳам, саждасини ҳам, хузу ва хушусини ҳам тўлиқ қилмайди", деб жавоб берганлар (Имом Аҳмад ривояти)”, деб менга танбеҳ берган бўлди.
Кейин ўтириб ўйладим: биз, йиғилишиб турадиган дўсту ёронлар жамоа бўлиб намоз ўқиганимизда мен ҳамиша ҳаммадан ортда қолиб кетаман. Ҳатто витр вожибнинг учинчи ракатига турганимда улар салом айтиб бўлишади. Модомики, мен намозни шошқалоқлик билан ўқиётган бўлсам, уларнинг намози нима бўлаётган экан?..”
Дарҳақиқат, намозни тез ўқиш бор, шошқалоқлик билан ўқиш бор. Тез ўқиш маҳбуб амаллар сирасига киради. Инчунун, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўхшаш енгил ва тугал намоз ўқийдиган имомнинг ортидан ҳеч намоз ўқиганим йўқ. У зот бувакнинг йиғисини эшитар ва унинг онаси фитнага учрамасин, деб намозини енгиллатар эдилар” (Бешовлари ривоят қилишган).
Бундан намозни вақтини чўзиб ҳам юбормасдан, шошқалоқликка ҳам йўл қўймасдан пухта ва енгил ўқиш лозимлиги аён бўлади. Ушбу мавзуга мисоллар кўп улардан бири қуйидаги воқелик:
Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир одам: “Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, мен фалончининг бизга (намозни) чўзиб юборганидан бомдод намозидан орқада қоламан”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўша кунидек шиддатли ғазабланганларини кўрмадим. У зот: “Албатта, сизларда нафрат қилдирувчилар бор. Қай бирингиз одамларга намоз ўқиб берса, енгил ўтказсин. Албатта, уларнинг ичида заифи, каттаси ва ҳожатлиси бор. Қачон ўзи намоз ўқиса, хоҳлаганича чўзсин”, дедилар” (Бешовлари ривоят қилишган).
Шошқалоқлик билан намоз ўқиш эса номақбул амал саналади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло банданинг руку ва саждаси комил бўлмаган намозига боқмайди” (Имом Аҳмад ривояти), деганлар. Яна бир ҳадисда эса “Рукуъ ва саждада белига ором бермаган кишининг намози қабул бўлмайди” (Абу Довуд ривояти), деб таълим берганлар.
Яъни руку ва саждани комил қилиб, сажда чоғида белига ором бермаган намозда хушу ҳам, хузу ҳам бўлмайди. Намозини бу тартибда ўқиган кишининг ташвиши ибодатдан имкон қадар тезроқ фориғ бўлишдир. Буни фольклор намоз деса ҳам бўлади: ота-онаси, ён-атрофдагилар намоз ўқигани учун уларга эргашиб ўқиб юраверади. Ўзини ибодат вақтида Раббимизнинг қаршисида тургандек ҳис қилмайди, шунчаки вақти кирган вазифани наридан бери бажариб қўя қолади, холос.
Шундай экан, намозга диққатли бўлайлик, ахир Даргоҳи Олийга борганимизда биринчи бўлиб намоздан сўраламиз. Шунингдек, бизнинг энг катта сармоямиз намоз экан, уни муҳофаза қилайлик, азизлар.
Дамин ЖУМАҚУЛ