Кеча, 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ушбу фармонда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилганлиги тўғрисидаги маълумот берилиб, “Вақф” хайрия жамоат фондининг асосий вазифалари белгилаб берилган эди. Кўпчиликда “вақф ўзи нима?” деган савол пайдо бўлиши мумкин. Ушбу масала юзасидан интернет тармоғидаги маълумотлардан фойдаланиб маълумот беришга ҳаракат қиламиз.
Тарих китобларида ўтмишда мактаб, мадраса, шифохона ва масжидлар учун катта-катта вақфлар ажратилгани ҳақида ёзилган.
“Вақф” сўзи луғатларда “тутиб туриш”, “тўхтатиш” маъноларида келади. Вақфнинг шаръий таърифи борасида турли фикрлар билдирилган. “Вақф - нарсани Аллоҳ мулки ҳисобида сақлашдир”. Яъни, вақф қилинган нарса вақф қилувчининг мулкидан чиқади ва Аллоҳ мулкига айланади. Вақф қилинган нарсадан келадиган фойда вақф қилувчи уни вақф этишда тайинлаган жиҳатга (масалан, талабалар, мусофирлар, камбағаллар каби) сарф қилинади ва савоби вақф қилувчига абадий бўлади. Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос бўлмайди.
Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида вақф ҳақида қуйидаги маълумотлар келтирилган:
“Вақф” сўзи арабчадан олинган бўлиб — мусулмон мамлакатларида давлат ёки айрим шахслар томонидан диний эҳтиёж ёки хайрия ишлари учун ажратилган мол-мулк. Вақфнома орқали расмийлаштирилади. Ер-сув, уй-жой, мактаб, масжид, шифохона ва бошқалар вақф мулки бўлиши мумкин. Ўз мулкини вақфга топширган шахс мазкур мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқини йўқотади. Лекин унинг ўзи ёки оила аъзолари ёхуд учинчи бир шахс вақф мулкидан вақфномада қайд этилган мақсадларда фойдаланилаётганлигини аниқлаш учун вақф мулкини бошқариш ҳуқуқини сақлаб қолиши мумкин. Ўз мулкини вақф мулки сифатида топширган шахснинг фарзандлари ёки бошҳа авлодлари мазкур вақф мулкидан келадиган даромадлардан нафақа олиб туриши мумкин. Вақф мулкини шариат қонуни бўйича давлат бошлиғи ёки қози назорат қилади. Бу тартиб Шарқнинг баъзи мамлакатларида ҳозир ҳам амалда.
Президент фармонида ҳам ушбу жиҳатга тўхталиб ўтилган. “Вақф” хайрия жамоат фондининг асосий вазифалари сифатида масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, меъморий аҳамиятга эга зиёратгоҳларни сақлаш, таъмирлаш, ободонлаштириш, уларнинг инфратузилмасини янада ривожлантириш, диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш, уларнинг профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, масжидлар ва зиёратгоҳлар ходимларини, хусусан имом-хатиблар, имом ноиблари, мутаваллилар, муаззинларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, етук олим ва уламолари қаламига мансуб диний-маърифий асарларни чоп этиш ва аҳолига етказишга кўмаклашиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш келтириб ўтилган.
“Вақф” хайрия жамоат фондига фуқаролардан закот, фитр ва бошқа хайрия маблағлари Фонднинг алоҳида ҳисоб рақамида тўпланади ва юқорида келтириб ўтилган хайрли ишлар учун сарфланади.
ЎМИ Матбуот хизмати
- 54دُخُولُ النَّاسِ فِي الْجَنَّاتِ فَضْلٌ مِنَ الرَّحْمَنِ يَا أَهْلَ الأَمَالِ
Маънолар таржимаси: Эй умидвор бандалар, инсонларнинг жаннатларга киришлари Ар-Роҳманнинг фазлидир.
Назмий баёни:
Жаннатга эришмоқ Ар-Роҳман фазли,
Бу муҳим эътиқод, эй умид аҳли.
Луғатлар изоҳи:
دُخُولُ – мубтадо.
النَّاسِ – музофун илайҳ.
فِي – жор ҳарфи اِلَى маъносида келган.
الْجَنَّاتِ – луғатда “дархтзор боғ” маъносини англатади. Жор мажрур دُخُولُ га мутааллиқ.
فَضْلٌ – хабар. Луғатда “марҳамат” ва “мурувват” каби маъноларни англатади.
مِنَ – “табйиния” (уқтириш) маъносида келган жор ҳарфи.
الرَّحْمَنِ – жор мажрур فَضْلٌ га мутааллиқ.
يَا – яқинга ҳам, узоққа ҳам ишлатиладиган нидо ҳарфи.
أَهْلَ الأَمَالِ – музоф мунодо. Луғатда “умидворлар” маъносига тўғри келади.
Матн шарҳи:
Қайси бир инсон жаннатга кирадиган бўлса, албатта, Аллоҳ таолонинг лутфу марҳамати билан кирган бўлади. Шунинг учун У меҳрибон зотнинг фазлу марҳаматидан умидвор бўлиб ҳаракат қилиш лозим.
Жаннатдаги даражалар қилинган амаллар эътиборига кўра эгалланса-да, унга кириш фақат ва фақат Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматига боғлиқ бўлади. Бу ҳақиқатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари алоҳида таъкидлаганлар:
عَنْ عَائِشَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ سَدِّدُوا وَقَارِبُوا وَاعْلَمُوا أَنْ لَنْ يُدْخِلَ أَحَدَكُمْ عَمَلُهُ الْجَنَّةَ وَأَنَّ أَحَبَّ الْأَعْمَالِ إِلَى اللَّهِ أَدْوَمُهَا وَإِنْ قَلَّ. رَوَاهُ البُخَارِيُّ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўғри бўлинглар, ғулуга кетманглар, билингларки сизлардан бирортангизни амали жаннатга киритмайди, албатта амалларнинг Аллоҳга севимлироғи оз бўлса-да, давомлироғидир”, – дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
Яъни бирор инсон ҳам яхши амаллари кўплиги сабабли ўзининг жаннатга киришини нақд қилиб қўя олмайди, балки жаннат фақатгина Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлган бахтли инсонларгагина насиб этади.
Шунинг учун ҳар бир банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб яшаши лозим. Қуръони каримда тақводор бандаларнинг жонлари олинаётганда фаришталар уларга салом бериб, жаннат башоратини беришлари баён қилинган:
Ушбу ояти каримадаги ب ҳарфи “сабабия” маъносида бўлса ҳам, “бадалия” маъносида бўлса ҳам, ҳадисда баён қилинган маънога зид бўлиб қолмайди. Агар “сабабия” маъноси бериладиган бўлса, “қилиб юрган яхши ишларингиз сабабли Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлдингиз, жаннатга киринг” деган маъно тушунилади. Агар “бадалия” маъноси бериладиган бўлса, “қилиб юрган яхши ишларингиз бадалига Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлдингиз, жаннатга киринг” бўлади.
Модомики, барча Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлиш билангина жаннатга кирар экан, доимо У зотнинг раҳматидан умид узмай амал қилиб бориш лозим. Аммо умидвор бўлиш билан хом хаёл суришнинг орасини ажратиб олиш керак. Хом хаёл суриш – бирон иш қилмасдан фақатгина “ширин хаёл” суришнинг ўзи бўлса, умидвор бўлишнинг ўзига яраша бир қанча шартлари бор.
Умидвор бўлиш ва хом хаёл суриш орасидаги фарқлар
Умидвор бўлиш ва хом хаёл суриш орасидаги фарқлар ҳақида “Талхису шарҳи ақидатит Таҳовия” китобида қуйидагилар айтилган:
“Кимки бир нарсадан умидвор бўлса, унинг умидворлиги бир қанча ишларнинг бўлиши зарурлигини келтириб чиқаради:
1. Умид қилган нарсасига муҳаббатли бўлиши;
2. Умид қилган нарсасига эришолмай қолишдан қўрқиши;
3. Умид қилган нарсасига эришиш учун имкони борича ҳаракат қилиши.
Ушбуларнинг бирортасига ҳам боғланмасдан, умид қилиш хом хаёл суриш бўлади. Умидворлик ва хом хаёл суриш бошқа-бошқа нарсалардир”[2].
Демак, кимки Аллоҳ таолодан ўзини жаннатга туширишини умид қилаётган бўлса, ўша умид қилгани жаннатга муҳаббатли бўлиши, уни доимо ёдида сақлаши ва унга олиб борадиган йўллардан юриши лозим.
Кимки Аллоҳ таолодан ўзини жаннатга туширишини умид қилаётган бўлса, ўша умид қилгани жаннатга эришолмай қолишидан қўрқиши, ундан ажратиб қўядиган нарсалардан сақланиб юриши лозим.
Кимки Аллоҳ таолодан ўзини жаннатга туширишини умид қилаётган бўлса, ўша умид қилгани жаннатга эришиши учун унга эриштирадиган барча омилларни ишга солиб имкони борича ҳаракат қилиши лозим. Аллоҳ муваффақ қилсин.
Кейинги мавзулар:
Улуғ ҳисоб-китоб бўлиши баёни.