Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Декабр, 2024   |   22 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:46
Пешин
12:27
Аср
15:17
Шом
17:01
Хуфтон
18:21
Bismillah
23 Декабр, 2024, 22 Жумадул сони, 1446

Вақф нима?

17.04.2018   7084   3 min.
Вақф нима?

Кеча, 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ушбу фармонда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилганлиги тўғрисидаги маълумот берилиб, “Вақф” хайрия жамоат фондининг асосий вазифалари белгилаб берилган эди. Кўпчиликда “вақф ўзи нима?” деган савол пайдо бўлиши мумкин. Ушбу масала юзасидан интернет тармоғидаги маълумотлардан фойдаланиб маълумот беришга ҳаракат қиламиз. 

Тарих китобларида ўтмишда мактаб, мадраса, шифохона ва масжидлар учун катта-катта вақфлар ажратилгани ҳақида ёзилган. 

“Вақф” сўзи луғатларда “тутиб туриш”, “тўхтатиш” маъноларида келади. Вақфнинг шаръий таърифи борасида турли фикрлар билдирилган. “Вақф - нарсани Аллоҳ мулки ҳисобида сақлашдир”. Яъни, вақф қилинган нарса вақф қилувчининг мулкидан чиқади ва Аллоҳ мулкига айланади. Вақф қилинган нарсадан келадиган фойда вақф қилувчи уни вақф этишда тайинлаган жиҳатга (масалан, талабалар, мусофирлар, камбағаллар каби) сарф қилинади ва савоби вақф қилувчига абадий бўлади. Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос бўлмайди. 

Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида вақф ҳақида қуйидаги маълумотлар келтирилган:

“Вақф” сўзи арабчадан олинган бўлиб — мусулмон мамлакатларида давлат ёки айрим шахслар томонидан диний эҳтиёж ёки хайрия ишлари учун ажратилган мол-мулк. Вақфнома орқали расмийлаштирилади. Ер-сув, уй-жой, мактаб, масжид, шифохона ва бошқалар вақф мулки бўлиши мумкин. Ўз мулкини вақфга топширган шахс мазкур мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқини йўқотади. Лекин унинг ўзи ёки оила аъзолари ёхуд учинчи бир шахс вақф мулкидан вақфномада қайд этилган мақсадларда фойдаланилаётганлигини аниқлаш учун вақф мулкини бошқариш ҳуқуқини сақлаб қолиши мумкин. Ўз мулкини вақф мулки сифатида топширган шахснинг фарзандлари ёки бошҳа авлодлари мазкур вақф мулкидан келадиган даромадлардан нафақа олиб туриши мумкин. Вақф мулкини шариат қонуни бўйича давлат бошлиғи ёки қози назорат қилади. Бу тартиб Шарқнинг баъзи мамлакатларида ҳозир ҳам амалда. 

Президент фармонида ҳам ушбу жиҳатга тўхталиб ўтилган. “Вақф” хайрия жамоат фондининг асосий вазифалари сифатида  масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, меъморий аҳамиятга эга зиёратгоҳларни сақлаш, таъмирлаш, ободонлаштириш, уларнинг инфратузилмасини янада ривожлантириш, диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш, уларнинг профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, масжидлар ва зиёратгоҳлар ходимларини, хусусан имом-хатиблар, имом ноиблари, мутаваллилар, муаззинларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, етук олим ва уламолари қаламига мансуб диний-маърифий асарларни чоп этиш ва аҳолига етказишга кўмаклашиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш келтириб ўтилган. 

“Вақф” хайрия жамоат фондига фуқаролардан закот, фитр ва бошқа хайрия маблағлари Фонднинг алоҳида ҳисоб рақамида тўпланади ва юқорида келтириб ўтилган хайрли ишлар учун сарфланади.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

«Буюк» географик кашфиётлар

23.12.2024   1116   6 min.
«Буюк» географик кашфиётлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу кашфиётларга сабаб бўлган шарт-шароитлар учта асосий банддан иборат:

1. Европа мамлакатлари Шарқ билан савдо-сотиқ қилишда дуч келган қийинчиликлар.

2. Пул метали сифатида олтин танқислиги.

Европанинг иқтисодий тараққиёти тобора кўпроқ пул талаб қилар эди. Бу тараққиётнинг асосий йўналиши товар хўжалигининг, савдо-сотиқнинг ўсиши эди. Буюк географик кашфиётларга сабаб бўлган яна бир муҳим омил ҳам шунга боғлиқ: Европада шаклланиб бораётган кучли абсолютист (мутлақ) монархияларга дабдабали саройлар, ёлланган армияни таъминлаш учун улкан маблағлар керак бўлаётган эди. Ана шу давлатлар йирик денгиз экспедицияларини ташкил этиши мумкин эди. Бундан ташқари, якка шахсларнинг бу қадар харажатларга имкони йўқ эди. Шунинг учун бу кашфиётларда феодал тарқоқ мамлакатлар эмас, айнан марказлашган давлатлар (Испания, Португалия, Англия) асосий ўрин тутгани тасодиф эмас. Бироқ, бундай экспедициялар учун савдогарлар ҳам маблағ ажратар эди. Шунингдек, католик черкови ҳам қўшимча ерлар, катта даромадлар ва янги қавмларга эга бўлиш истагида бундай истилоларга «оқ фотиҳа» берар эди.

Бундай давр учун муқаррар бўлган феодал мулкларнинг парчаланиш жараёни Европа мамлакатларида ҳар қандай йўл билан узоқ қитъаларда бойлик ва ерларни қўлга киритишга интилувчи кўплаб авантюристларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Булар қарамлик ва қашшоқликдан қутулишни орзу қилиб юрган зодагонлар ва деҳқонлар эди.

3. Фан-техниканинг, айниқса кемасозлик ва денгиз навигациясининг ривожланиши. XV асрда янгича тузилишга эга бўлган кемалар – каравеллалар пайдо бўлди. Унинг тўши (киль, пуштак) бор бўлиб, елканлар билан шундай жиҳозланган эдики, ёнбошдан эсган шамолда ҳам юра олара эди. Шунингдек, ўша даврга келиб компасдан ташқари астролябиялар, яъни кенгликни аниқловчи асбоблар ҳамда анчагина ишончли хариталар – портоланлар ҳам пайдо бўлган.

Буюк географик кашфиётлар охир-оқибатда мустамлака тизимининг вужудга келишига олиб келди. Агар XVI асрда Европада капитализм ривожлана бошлаган бўлса, агар Еровпа иқтисодий жиҳатдан бошқа қитъаларнинг халқларидан ўзиб кетган бўлса, бунга мустамлакаларнинг талон-тарож қилиниши ва аёвсиз эксплуатация қилиниши ҳам сабаб бўлган.

Мустамлакалар дарҳол капиталистик усуллар билан эксплуатация қилина бошламаган, улар дарҳол хом ашё манбаига ва янги бозорларга айланмаган. Аввал улар обдон талон-тарож қилинган, бирламчи капитал (сармоя) тўплаш манбаи бўлиб хизмат қилган. Испания ва Португалия мустамлакаларни феодал усуллар билан эксплуатация қилган биринчи мустамлакачи давлатлар бўлишган.

Бу ерларда зодагонларга одатдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари эмас, балки олтин, кумуш ёки ҳеч бўлмаганда Европада қиммат баҳоларга сотиш мумкин бўлган анвойи мевалар керак эди. Улар ҳиндуларни олтин ва кумуш конларда ишлашга мажбурлашар, бўйсунмаганларни бутун-бутун қишлоқлари билан йўқ қилиб юборишар эди. Гувоҳларнинг айтишича, конлар атрофида чириб ётган юзлаб мурдаларнинг бадбўй ҳиди анқиб ётар эди. Шакарқамиш ва қаҳва плантацияларида ҳам ерлик аҳоли ана шундай усулларда эксплуатация қилинар эди.

Ерлик аҳоли бундай оғир меҳнатга бардош бера олмай, ёппасига қирилиб битар эди. Испанлар Эспаньола (Гаити) оролида илк бор пайдо бўлган пайтда у ерда миллионга яқин аҳоли яшар эди, бироқ XVI асрнинг ўрталарига келиб улар битта қўймай қириб ташланди. Испанларнинг ўзи ҳам XVI асрнинг биринчи ярмида америкалик ҳиндуларни қириб ташладик, деб ҳисоблашар эди.

Бироқ, испанлар ишчи кучини йўқ қилиб, ўз мустамлакасининг хўжалик асосига путур етказишди. Етишмаётган ишчи кучини тўлдириш мақсадида Америкага африкалик қоратанлиларни олиб келишга тўғри келди. Шундай қилиб, мустамлакалар пайдо бўлиши билан қулдорлик қайта тикланди.

Испанлар томонидан Америка ерларининг мустамлака қилиниши конларга, шакарқамиш ва тамаки плантацияларига ҳайдаб келинган сон-саноқсиз ерлик аҳолини мажбурлаб ишлатиш йўли билан, бўйсунмаганларни оммавий қирғин қилиш йўли билан амалга оширилди (Ямайка оролида XVI асрнинг биринчи ярмида 50 мингдан ортиқ ерлик аҳоли ҳалок бўлган, Перу ва Чилида эса XVI асрнинг иккинчи ярмида ҳиндуларнинг сони беш баравар камайиб кетган), оқибатда бир неча ўн йилдан сўнг ишчи кучи кескин камайиб кетди. Мустамлакачилар Африкадан қуллар олиб кела бошлашди. Жисмонан чидамлироқ бўлган қоратанлик африкаликлар испан мустамлакаларидаги асосий ишчи кучига айланди.

Қул савдоси сердаромад иш чиқиб қолди: Африкада қабила бошлиқларини ичириб, сув текин тақинчоқлар билан алдаб, қулларни жуда арзонга сотиб олиш ва Америкада уларни 20-30 баравар қимматга сотиш мумкин эди. Баъзан қуллар умуман сотиб олинмас, балки уларни куч ишлатиб, тутиб олиб, кемага юклашар ва Америкага олиб кетишар эди. Испан мустамлакаларига ҳар йили 6-8 минг қоратанли қуллар олиб келинар эди. (Манба: allbest.ru).

(Бу ишларнинг барчаси Европа уйғонишининг гуманизм – инсонпарварлик шиори остида амалга оширилганми?)

Европада динга бўлган муносабатда ҳам кейинроқ ўзгариш юз берди. Бир гуруҳ динсиз бўлиб кетди. Бир гуруҳ динни черковга қамаб олиб, бу ҳар кимсанинг ўз иши дейиш билан кифояланди. Аммо Дарвиннинг асл шогирдлари динни Карл Маркс бошчилигида халқ учун афюн деб эълон қилдилар ва уни батамом йўқ қилиб юборишга бел боғладилар.  Карл Маркснинг хаёлини Ленин ва унинг сафдошлари Россияда ва унга қарам бўлган диёрларда ҳаётга татбиқ қилдилар. Ленин тузган давлат дунё тарихида куфрни ўзига шиор қилиб олган биринчи давлат бўлди. Улар дунёнинг ўзларига қарам бўлган барча юртларида «илмий атеизм» асосида динга ва диндорларга қарши қатағон ўтказдилар. Сон-саноқсиз ибодатхоналар ер билан яксон қилинди. Диний ходимлар ва уламолар қатл қилинди, қамалди ва сургун қилинди. Диний китоблар ва динга боғлиқ маданият дурдоналарни оловга ёқилди. Илмий атеизм таълимотлари дунёдаги ягона тўғри эътиқод сифатида барчага мажбурий равишда талқин қилинди. 

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди

Мақолалар