Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 1 сентябрдаги Ўзбекистон Қуръони карим мусобақасини ташкил этиш бўйича билдирган таклифлари асосида мусобақа юқори даражада ташкил этилди.
Қуръон мусобақасининг шукуҳи юртимизда кезмоқда. Барча аҳоли ва хорижлик мусулмонларнинг ихлос билан кутиб турганлари Ўзбекистон Қуръони карим тиловати мусобақасининг Республика босқичини ўтказилиш санасига ҳам бироз вақт қолди.
Мусобақанинг Республика босқичи Тошкент шаҳри Талабалар шаҳарчасидаги “Ёшлар маркази”да 21-24 апрель кунлари (йигитлар) ва 25-26 апрель кунлари (аёл-қизлар) ўтказилади.
Мусобақада иштирок этувчи қори ва қориялар Тошкент шаҳридаги меҳмонхоналарга жойлаштирилади.
Мусобақани ўтказишда жамоат тартиби, ёнғин ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки хислат бор. Ким унга амал қилса, албатта жаннатга киради. Иккиси осон, аммо унга амал қиладиган оздир.
БИРИНЧИСИ, ҳар бир намоздан сўнг 10 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади, 10 марта Аллоҳга ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) айтади ва 10 марта такбир (Аллоҳу акбар) айтади. Бир кунда 150 та, тарозида эса 1500 та бўлади.
ИККИНЧИСИ, қачон ухлашга ётса, 34 марта такбир (Аллоҳу акбар), 33 марта ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) ва 33 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади. Жами 100 та, тарозида 1000 та бўлади”, дедилар.
Шунда саҳобалар розияллоҳу анҳум: “Ё Аллоҳнинг Расули! Нега осон бўлган бу амалларга амал қиладиганлар оз?” деб сўрашди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу амални қилмоқчи бўлганнинг олдига шайтон намозда келиб, уни айтишидан олдин ҳожатини эсига солади. Уйқуга ётганида эса, уни айтишидан олдин ухлатиб қўяди”, деб жавоб бердилар (Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишимизга тавфиқ ато этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади