Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Декабр, 2024   |   21 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:46
Пешин
12:27
Аср
15:17
Шом
17:01
Хуфтон
18:21
Bismillah
22 Декабр, 2024, 21 Жумадул сони, 1446

Қиёмат арафасида...

16.04.2018   6010   6 min.
Қиёмат арафасида...

Биринчи сур чалиниши яқинлашганда, Аллоҳ таоло ипакдан ҳам мулойимроқ бўлган ёқимли шабада юборади. Ўша шабада қалбида заррача иймони бор кишига етиб бориб, унинг руҳини қабз қилади. Чунки қиёмат фақат инсонларнинг энг ёмонлари устида қоим бўлади.

Кейин Аллоҳ таоло Исрофил алайҳиссаломга биринчи сурни чалишни амр қилади. Шундан кейин Ер юзидаги барча тирик жон вафот этиб ерга йиқилади. Дунё шу ҳолатда қирқ йил туради. Барча нарса тупроқ остида бўлади. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:

 

وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الْجِبَالِ فَقُلْ يَنْسِفُهَا رَبِّي نَسْفًا 

“(Эй, Муҳаммад!) Улар Сиздан тоғлар (қиёматда нима бўлиши) ҳақида сўрасалар, бас, айтинг: “Парвардигорим уларни (чанг-тўзон каби) сочиб юборур”.

 

فَيَذَرُهَا قَاعًا صَفْصَفًا 

“Сўнгра (Ерни) теп-текис қилиб қўяр”.

 

لَا تَرَى فِيهَا عِوَجًا وَلَا أَمْتًا 

“Унда на эгрилик (пастлик) ва на баландликни кўрасиз” (Тоҳа сураси, 105-107-оятлар).

Аллоҳ таоло бошқа оятларда бундай деб марҳамат қилган:

 

يَوْمَ تُبَدَّلُ الْأَرْضُ غَيْرَ الْأَرْضِ وَالسَّمَوَاتُ وَبَرَزُوا لِلَّهِ الْوَاحِدِ الْقَهَّارِ 

“Бу Ер бошқа Ерга ва осмонлар (ўзга осмонларга) алмаштириладиган ҳамда (барча одамлар) ёлғиз ва ғолиб Аллоҳга рўбарў бўладиган Кунда (қиёматда интиқом олувчи)дир” (Иброҳим сураси, 48-оят).

Дунёда ҳеч ким қолмаганида, бу Ер бошқа Ерга ва осмонлар (ўзга осмонларга) алмаштириладиган Кунда Аллоҳ таоло (Ўзи билиб турса-да): “Эй ўлим фариштаси, халқлардан ким қолди?” деб сўрайди. Инсонлар вафот этган, жинлар вафот этган, фаришталар вафот этган бўлади.

Аллоҳ таолонинг:

 

كُلُّ نَفْسٍ ذَائِقَةُ الْمَوْتِ

“Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотувчидир” (Оли Имрон сураси, 185) ояти нозил бўлганда, фаришталар “Биз нафслар эмасмиз, балки покиза руҳлармиз” деган эканлар. Шунда Аллоҳ таолонинг:

 كُلُّ مَنْ عَلَيْهَا فَانٍ 

“(Ер) юзидаги барча мавжудот фонийдир” (Ар-Роҳман сураси, 26) ояти нозил бўлган. Шунда фаришталар: “Биз Ер аҳли эмасмиз. Биз осмонда яшовчилармиз” дейишган экан. Кейин Аллоҳ таолонинг:

كُلُّ شَيْءٍ هَالِكٌ إِلَّا وَجْهَهُ لَهُ الْحُكْمُ وَإِلَيْهِ تُرْجَعُونَ

“Унинг “юзи”дан бошқа барча нарса ҳалок бўлувчидир. Ҳукм Уникидир ва (барчангиз) Унинг ҳузуригагина қайтарилурсиз” (Қасос сураси, 88) ояти нозил бўлганда, фаришталар Аллоҳга сажда қилган ҳолларида йиқилдилар ва “Боқийлик ёлғиз Уники бўлган Зот Покдир!” дедилар. Натижада фаришталар ҳам вафот этдилар. Ер юзидаги инсонлар, қушлар, осмондаги фаришталар ва барча жонзотлар вафот этдилар. Фақат Аллоҳ ва Унинг Ўзи хоҳлаган бандалари қолди.

Аллоҳ таоло (Ўзи билиб турса-да) ўлим фариштасидан: “Эй ўлим фариштаси, халқлардан ким қолди?” деб сўрайди”. Ўлим фариштаси: “Эй Раббим, фақат Жаброил, Микоил, Исрофил ва заиф, ожиз банданг бўлмиш мен ҳузурингдаман” дейди. Аллоҳ таоло ўлим фариштасига: “Ҳой ўлим фариштаси, Жаброилнинг руҳини қабз қил!” деб амр қилади. У Жаброилнинг руҳини қабз қилади.  

Аллоҳ таоло (Ўзи билиб турса-да) ўлим фариштасидан: “Эй ўлим фариштаси, халқлардан ким қолди?” деб сўрайди”. Ўлим фариштаси: “Эй Раббим, фақат Микоил, Исрофил ва заиф, ожиз банданг бўлмиш мен ҳузурингдаман” дейди. Аллоҳ таоло ўлим фариштасига: “Ҳой ўлим фариштаси, Микоилнинг руҳини қабз қил!” деб амр қилади. У Микоилнинг руҳини қабз қилади.  

Аллоҳ таоло ўлим фариштасига: “Ҳой ўлим фариштаси, Исрофилнинг руҳини қабз қил!” деб амр қилади. У Исрофилнинг руҳини қабз қилади.

Кейин Жаббор жалла жалалуҳу (Ўзи билиб турса-да) ўлим фариштасидан: “Эй ўлим фариштаси, халқлардан ким қолди?” деб сўрайди”. Ўлим фариштаси: “Бандаларингдан фақат заиф, ожиз банданг бўлмиш мен қолдим. Ҳузурингдаман” дейди. Шунда Аллоҳ таоло унга: “Вафот эт, ҳой ўлим фариштаси!” деб амр қилади. Ўлим фариштаси вафот этади. Вафот этаётган чоғида ўлим аччиғини тотади ва: “Иззатинг ва Жалолингга қасамки, агар ўлим мастлиги шунақа аччиқ ва оғир бўлишини билганимда, бандаларнинг жонларини олишни менга топширмаслигингни Сендан сўраган ва бу гапим учун афв этишингни ўтинган бўлардим” дейди. Шундай қилиб ўлим фариштаси ҳам вафот этади.

Кейин Аллоҳ таоло вайронага айланган дунёга назар солади. Қуёш ўраб қўйилган, юлдузлар ўз жойларидан тўкилган, тоғлар ўз жойларидан жилдирилган, денгизлар куйдирилган, осмон Ер устидан сидириб олинган, жаннат тақводорларга яқин қилинган, дўзах кофирлар учун қиздирилган.

Аллоҳ таоло бўм-бўш бўлиб қолган дунёга назар солади ва “Эй дунё, гулларинг қани, дарахтларинг қани, денгизларинг қани, қасрларинг қани, подшоҳлар қани, подшоҳларнинг ўғиллари қани, золимлар қани, золимларнинг ўғиллари қани, Менинг яхшилигимни кўриб, неъматимдан баҳраманд бўлиб, Мендан бошқага ибодат қилганлар қани?!” деб сўрайди.

Кейин Аллоҳ таоло:

 

لِمَنِ الْمُلْكُ الْيَوْمَ لِلَّهِ الْوَاحِدِ الْقَهَّارِ

“Бугун подшоҳлик кимникидир?” (деб сўраб Ўзи айтур:) “Воҳид (ягона) ва Қаҳҳор (ғолиб) Аллоҳникидир” (Ғофир сураси, 16-оят).

 

 

 

Мавъизалар асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади

ЎМИ Мабуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Видеолар

 “ЖУМАДАН ЖУМАГАЧА” (20.12.2024)

22.12.2024   4601   1 min.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати