Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Январ, 2025   |   13 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:47
Пешин
12:37
Аср
15:35
Шом
17:19
Хуфтон
18:38
Bismillah
13 Январ, 2025, 13 Ражаб, 1446

Инсон нега бақиради?

15.04.2018   4667   2 min.
Инсон нега бақиради?

Ислом олимларидан бири талабалари билан бирга қаёққадир кетаётган эди. Йўл бўйидаги уйларнинг биридан эр-хотиннинг бақир-чақир қилаётгани эшитилди. Устоз талабаларига юзланиб:

 – Одамлар нега бир-бирига ғазаб билан қичқиради?.. – деб сўради.

Талабалардан бири:

– Одам жаҳли чиққанда  бақиради-да, – деди. 

Шунда у муборак зот:

– Аммо жаҳлимизни чиқарган инсон шундоққина пешонамизда турган чоқда унга нега бақириб гапирамиз? Унга айтмоқчи бўлган гапларимизни пастроқ овозда айтишимиз ва сўзлашга катта куч сарфлашимиз мумкин бўла туриб нега бўғзимизни йиртадиган даражада катта куч сарфлаб бақирамиз? – деб яна сўради. 

Талабаларидан сас чиқмагач, ўзи тушунтира бошлади:

– Икки инсон бир-биридан ғазаблангани заҳоти уларнинг қалблари бир-биридан узоқлашади. Шундан кейин улар узоқ масофадан бир-бирига овози эшитилсин учун бақиришга мажбур бўладилар. Уларнинг ғазаби қанчалик кучайса, ўртадаги масофа ҳам шунча узоқлашиб бораверади ва улар янада қаттиқроқ бақириб гапиришга мажбур бўладилар.  

Хўп, икки инсон бир-бирини севса-чи, унда нима бўлади? Улар бақириш ўрнига мулойим оҳангда гаплашади. Чунки қалблари бир-бирига жуда ҳам яқиндир ёки орадаги масофанинг ўзи ҳам йўқдир.

Хўш, икки инсон бир-бирини жуда ҳам қаттиқ севса нима бўлади? У ҳолда уларга сўзлашишнинг кераги йўқ. Шунчаки шивирлашади, холос. Негаки, уларнинг қалби бир-бирига янада яқинлашгандир. Бора-бора уларнинг шивирлашига ҳам эҳтиёж қолмайди, бир-бирига қараб қўйсалар бас, шунинг ўзи етарли бўлади. Икки инсоннинг бир-бирига бўлган ҳақиқий севгисининг изҳори ана шудир.

Яна бир оздан сўнг талабаларига қарата бундай деди:

– Шундай экан, бирор сабаб билан баҳслашиб қолсангиз, қалбларингизнинг орасига масофа киришига йўл қўйманг. Орангизга масофа олиб кирадиган сўзлардан узоқ бўлинг, йўқса, сизларни узоқлаштириб юборади у.

Демишларки…

“Cабзавотчи бақирур, сарроф бақирмас,

Эскичи бақирур, антиқачи бақирмас...”

Фикри қийматли бўлган бақирмайди, бақирган ўйламайди, ўйламаган ғавғо қилади.

Сасимизни эмас, сўзимизни юксалтирайлик.

Раббим бизни гўзал сўзли, ҳикматли ва назокатли бандаларидан айласин, иншоаллоҳ!

 

Туркчадан Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Фарзанд тарбиясига оид 6 оят

9.01.2025   6140   2 min.
Фарзанд тарбиясига оид 6 оят

Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига қилган насиҳатлари Қуръони каримда келтирилади.


Насиҳатнинг энг биринчиси – шикрдан қайтариш.

“Эй, ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир” (Луқмон сураси, 13-оят).

Ширк энг оғир зулм, энг қабиҳ жаҳолат ва энг катта гуноҳ саналади.


Насиҳатнинг иккинчиси – ота-онанинг ҳаққини адо этиш.

“Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсаларда) дунёда яхши муомалада бўлгин” (Луқмон сураси, 15-оят).

Ота-она ҳатто мушрик бўлсалар-да, уларга қўпол муносабатда бўлмаслик талаб этилади.


Насиҳатнинг учинчиси – Аллоҳ ошкор махфий ҳар бир нарсани билиб турувчи Зот.

“Эй, ўғилчам! Шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас, у (амал) бирор харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ лутфли ва огоҳ зотдир” (Луқмон сураси, 16-оят).


Насиҳатнинг тўртинчиси – намоз, амри маъруф, наҳйи мункар ва сабр.

“Эй, ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил!...” (Луқмон сураси, 17-оят).


Насиҳатнинг бешинчиси – очиқ юзли, ширин сўзли, тавозеъли бўлиш, кибрланмаслик.

“Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят).


Насиҳатнинг олтинчиси – бақир-чақир қилмаслик.

(Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир(Луқмон сураси, 19-оят).

 

Даврон НУРМУҲАММАД