Ислом – инсонни маънавий камолот сари етаклайдиган, унинг руҳиятини поклаб, қалбини сайқаллайдиган диндир. Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар асрлар оша башарият дуч келаётган муаммоларнинг ечимини топишда муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда. Муқаддас динимизнинг ушбу икки мўътабар манбаси замирида яширинган ҳикматлар, ечимларни англаш англаш, улардан тўғри хулосалар чиқариш инсондан кенг дунёқараш, муайян билим ҳамда тафаккур талаб этади.
Ҳаммамиз ҳар куни, ҳар қадамда дуч келадиган, айрим ҳолларда тортишув, баҳс-мунозараларга ҳам сабаб бўладиган масалалардан бири, – бу, шубҳасиз, истеъмолчилар ҳуқуқларидир. Барчамиз – истеъмолчимиз. Шундай экан, истеъмолчи сифатида қандай ҳуқуқларга эгамиз? Мажбуриятларимиз нималардан иборат?
Ушбу масалага исломнинг муносабати хусусидаги баъзи саволлар билан ЎзА мухбири Толибжон Низомов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз МАНСУР ҳазратларига мурожаат қилди:
– Ассалому алайкум, Шайх ҳазратлари! Муқаддас динимизда истеъмолчилар ҳуқуқлари тўғрисида нималар дейилган? Шулар ҳақида тўхталсангиз.
– Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Алҳамду лиллаҳи роббил оламийн, вассолату вассаламу ала ашрофил анбиёи вал мурсалийн. Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсин. Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда жуда катта ўзгаришлар, улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, диний ва миллий қадриятларимизга давлат томонидан қаратилаётган алоҳида эътибор ҳаммани бирдек хушнуд этмоқда.
Ана шундай ижобий ўзгаришлардан бири бугунги суҳбатимиз мавзуси – истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлиб, бу борада кўплаб хайрли ишлар амалга оширилаётирки, бу муқаддас динимиз кўрсатмаларига ҳамоҳангдир. Динимизнинг асосий манбаи – Қуръони каримда ҳам айни масалага оид бир неча оятлар бор. Улар бандаларни ўзаро муносабатларда, савдо-сотиқ ва тижорат ишларида ҳалол ҳамда пок бўлишга чақиради.
Бу дунёнинг ўткинчи бойликлари, ҳою ҳавас учун бир-бирини алдаш, инсонийликни унутиб, бировларнинг мол-мулкига кўз олайтириш ёки ботил йўллар билан бойликка ружу қўйиш динимизда қатъий тақиқланган.
Қуръони каримда: “(Эй инсонлар! Муомалада) вазнда адолат ўрнатингиз ва тарозида зиёнкорлик қилмангиз!” (ар-Раҳмон сураси, 9-оят).
Ислом дини таълимоти халқимизнинг онгу шуурига сингиб кетганки, бежизга ота-боболаримиз: “Бировнинг ҳақига хиёнат қилма”, дея ёшлигимиздан қулоғимизга қуймаган. Ҳалолликда, покликда жуда катта гап бор. Тарихга назар ташласак, Имом Бухорий, Имом Термизий, Алишер Навоийдек аждодларимизнинг буюк мутафаккир бўлиб етишиши замирида ҳалоллик, поклик мужассам, десак асло хато бўлмайди.
– Ҳазрат, баъзан бозорга тушсак сотувчилар мижозим бўлиб қолсин, деган мақсадда харидимизга 50-100 грамм қўшиб беради. Шу мумкинми?
– Шу ҳақда мендан жуда кўп сўрашади. Баъзан айрим кишилар: “Маҳсулот харид қилаётганимизда: “Мана, сизга оғирроқ қилиб беряпман”, деб мева ёки бошқа маҳсулотдан бир-икки дона тарозига қўшиб юборишади. Бу ҳалолми?, деб сўрашади Бу саволга уламоларимиз: “Йўқ, тарозини тўғри тортсин. Маҳсулотни тортиб бўлгандан сўнг: “Бу – мендан ҳадя”, деб қўшмоқчи бўлган нарсасини берсин!”, дейишади. Демак, агар ортиқча нарсасини тарозига қўйиб берса – ҳаром.
Эътибор беринг-а, уламолар бировнинг ҳақидан ҳазир бўлишга, ҳар бир нарсани рози-ризочилик билан олишга ўргатяпти.
“Бирор халқнинг турмуш тарзини билмоқчи бўлсанг, бозроларига боқ”, деган нақл бор. Бу нақл замирида икки нарса мужассам. Аввало, бозорлар тўкин-сочинликни ифодаловчи марказлардир. Шу билан бирга, бозорлар орқали ўша халқнинг ҳалоллиги ва поклиги, олижаноблигини билиб олиш мумкин.
Аллоҳ таоло бозорларда адолатни ўрнатиш учун алоҳида сура нозил қилган. Бу сура “Мутаффифун” – “уриб қолувчилар” деган маънони англатади. Яъни тарози ва ўлчовдан уриб қолиб, харидор ҳақига хиёнат қилувчилар ҳақида.
Қуръони каримда: “(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир” (Мутаффифун сураси, 1–3-оятлар).
Оятда “ҳолига вой” дея таъкидланган тоифадаги одамларга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам жуда катта жазо борлигини унутмаслик керак.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) “Мутаффифун” сураси нозил бўлганидан сўнг бозорга бориб, барча одамларни ўзларига қаратиб мазкур оятларни баланд овозда ўқиб берганлар. Муфассирлар айтишадики, шундан бери имони бутун, виждони бор савдогар тижоратига асло ёлғон ва хиёнат аралаштирмайди.
“Сиҳоҳи ситта”, яъни “Олти ишончли тўплам” ҳадис китобларида (булар сафи яна кенгайиб, 9 та бўлди) ҳам савдо-сотиқа оид саҳиҳ ҳадислар бор. Фиқҳ – ислом ҳуқуқшунослигига оид асарларда ҳам алоҳида бир боб (байъ) борки, у тўлиғича савдо-сотиққа бағишланган.
– Истеъмолчи сифатида менга жуда қизиқ туюлади: ҳар гал рўзғорга ул-бул харид қилиш мақсадида бозорга борсам, сотувчи ҳали “почин” қилмаган бўлса, маҳсулотни арзонроққа сотиб, олган пулини маҳсулот устига “уриб-уриб” қўяди. Шу иш жоизми?
– Тилимизга жуда кўп хорижий сўзлар кириб қолганки, улар ишлатилавериб ўзбекчалашиб кетгандек, гўё. Шулардан бири, сиз айтганингиздек, “почин” сўзидир. Асли “починять” бўлган бу сўзнинг ўзбек тилида жуда ҳам чиройли эквиваленти бор – “байъ бойлаш”. Қандай чиройли-а! Шундай сўзларни истеъмолга киритишимиз керак.
Агар сотувчи ҳали “баъй бойламаган” бўлса, у билан тортишиб, маҳсулотини арзонроқ олишда ҳеч қандай монелик йўқ. Лекин олинган пулни маҳсулотларнинг устига уриб қўйиш иримдан бошқа нарса эмас. Динимиз эса ирим-сиримни қаттиқ қоралайди.
– Ҳазрат, тўғри айтдингиз. Баъзида шундай ҳолатларни кузатамизки, айрим одамлар ўзи фойдаланган электр энергияси, табиий газ ёки сувнинг пулини тўлашдан бош тортади. Яна шундайлар ҳам борки, улар ҳисоблагичларни орқага айлантирмоқчи бўлишади. Динимизда шу ҳақда ҳам бирор ечим борми?
– Инсонларнинг бир-бирида ҳақи бўлади: қарз, олди-берди, омонат ва ҳоказо. Динимизда қарз ва омонатни ўз вақтида, зарар етказмасдан эгасига қайтариш таъкидланган. Шунга ўхшаш давлатнинг ўз фуқароларида ҳақи бўлади. Масалан, давлат томонидан етказиб берилаётган электр энергия, табиий, газ, ичимлик суви ва бошқа маҳсулотларнинг ҳақини ўз вақтида тўлаб бориш зарур. Чунончи, бу ҳам худди бировнинг ҳақига риоя қилгандек гап. Унутмаслигимиз керакки, биз тўлаётган маблағлар аслида халқнинг ҳақи. Демак, биз унга хиёнат қилмаслигимиз керак. Фойдаланган маҳсулотларимизнинг ҳаққини ўз вақтида тўлаб, юзимиз ёруғ бўлиб юрайлик.
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати