Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Декабр, 2024   |   21 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:46
Пешин
12:27
Аср
15:17
Шом
17:01
Хуфтон
18:21
Bismillah
22 Декабр, 2024, 21 Жумадул сони, 1446

Аллоҳнинг Ўзи таомлантиради ва суғоради!

15.04.2018   4008   3 min.
Аллоҳнинг Ўзи таомлантиради ва суғоради!

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

وَالَّذِي هُوَ يُطْعِمُنِي وَيَسْقِينِ

“Ва мени таомлантирадиган ва суғорадиган ҳам Унинг Ўзи” (Шуаро сураси, 79-оят).

Аллоҳ таоло ичимлик ва таомни инсоннинг яшаши учун сабаб қилиб қўйди. Лекин бу сабаб асл эмас. Аслида инсонга ҳаёт берган, тўқлик, қониш ҳиссини ато этган Аллоҳнинг Ўзидир.

Ҳар қандай ўсимликдаги уруғни Аллоҳ яратган, ўсимлик хусусиятларини ўша уруққа Аллоҳ жойлаган. Уруғни Аллоҳ яратган, уруғ экиладиган ерни Аллоҳ яратган, ўша уруғдан униб чиққан маҳсулотга озуқа бўлиш хусусиятини Аллоҳ берган.

Инсон уруғни ерга экади. Мана шу жараёндаги илм, куч-қувват, иқтидорни унга Аллоҳ берган.

Пишган мевани узиш, буғдойни ўриш қувватини, илмини, иқтидорини, тегирмон ишлаб чиқариш, ўша тегирмонда буғдойни янчиб ун қилиш, ундан хамир қориш, хамирни нон қилиб ёпиш маърифатини, нонга тўйдирувчилик хусусиятини, ноннинг танада ҳазм бўлиш жараёнини, инсонга ўша нондан манфаат етиш ҳолатини Аллоҳ берган, Аллоҳ ато қилган. Шундай қилиб, инсонни таомлантирган ҳам, суғорган ҳам, унинг танасида тўйиш, қониш ҳиссини пайдо қилган ҳам Аллоҳнинг Ўзидир.

Инсон уруғни ерга экиб, унинг униб-ўсишига керакли бўлган барча чораларни кўради. Лекин уруғ Аллоҳ хоҳласагина, У изн берсагина униб чиқади. Агар Аллоҳ ўша уруғнинг унишини хоҳламаса, унга изн бермаса, инсон ерга ҳар қанча ишлов бермасин, энг кучли дориларни, ўғитларни солмасин, уруғнинг энг яхши навини экмасин, сувини вақтида бермасин, барибир, ўша уруғ униб-ўсмайди.

Агар Аллоҳ хоҳламаса, еган нонимиз, ичган сувимиз танамиздан чиқиб кетмайди. Натижада, биз узоқ яшамасдан ҳалок бўламиз.

Агар еган нонимиз, ичган сувимиз танамизда ҳазм бўлмай, ошқозонда бутунича тураверса, бунда ҳам узоқ яшолмаймиз.

Аллоҳ таоло инсон танасининг таом ва ичимликка эҳтиёжи бўлганда, шу эҳтиёжни қондириш вақти келганининг сигнали сифатида очиқиш, чанқаш ҳиссини берган. Инсон шу нарсани ҳис қилгач, овқатланишга, ичимлик ичишга уринади. Таомни еб бўлгач, ичимликни ичиб бўлгач, танасида тўйиш ҳисси пайдо бўлади. Шу ҳисни берган ҳам Аллоҳдир. Ҳеч қачон таомнинг ўзида тўйдириш, ичимликнинг ўзида қондириш хусусияти бўлмайди. Балки улар инсонда тўйиш-қониш ҳислари пайдо бўлишига сабаб бўладилар, холос. Таом ва шаробни яратган ҳам, уларни озуқа қилиб берган ҳам, инсонда тўйиш-қониш ҳислари пайдо бўлишига уларни сабаб қилган ҳам Аллоҳнинг Ўзидир.

Бизларни едириб тўйдирган, ичириб қондирган, мусулмон қилиб яратган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин!

 

Шайх Муҳаммад Мутаваллий

Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг

“Ал-Адилла ал-мааддийя ала вужудиллаҳ”

номли асари асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Болаларга нисбатан қўпол муносабатда бўлишнинг зарарлари

20.12.2024   38276   1 min.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати