14 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Ўзбекистон – диний маърифат ва қадриятлар юрти” мавзусида дин соҳасида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон ислом академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, илмий мактаблар раҳбар ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Анжуманда мамлакатимизда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда диний таълим йўналишида амалга оширилаётган ижобий ишлар юзасидан маълумотлар берилди. Сўзга чиққан нотиқлар бугунги кунда халқимизнинг имон-эътиқодини мустаҳкамлаш, диний саводхонлигини ошириш, Ислом таълимотини кенг тарғиб этиш, ёшларни дину диёнатли қилиб тарбиялаш ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлида олиб борилаётган ишлар ҳақида фикр билдирдилар.
Матбуот анжумани ҳақида кейинроқ батафсил маълумот берамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фақиҳларнинг фиқҳга берган таърифларида «далил» деган сўз борми? Йўқ. Улар фақат мукаллафларнинг амаллари ҳақида гапиришди, ҳукмларнинг мукаллафларга нисбатан жорий бўлиш ҳолатларига эътибор қаратишди. Демак, умумий қилиб айтадиган бўлсак, фиқҳга икки хил таъриф берилди. Бири усулий уламоларнинг таърифи, яъни «Қуръон ва Суннатдан ҳукмларни қай тарзда чиқариб олиш ҳақидаги илм» деган таъриф. Иккинчиси фуқаҳолар берган таъриф бўлиб, унда ҳосил бўлган ҳукмларнинг мукаллафларга қандай жорий қилиниши асосий ўринга қўйилди. Бу ҳукмлар мутлақ мужтаҳидлар тарафидан чиқарилади. Ҳукмни фақат мутлақ мужтаҳид чиқара олади. Ана шу мужтаҳид муайян бир ҳукмни Қуръон ва Суннатдан қандай чиқарганини ўрганиш усул илмининг мавзусидир. Чиқарилган ҳукмни ўзимизга ва жамиятга татбиқ қилиш эса муфтий ва фақиҳларнинг ишидир.
Демак, фиқҳга икки хил қараш мумкин экан: ҳукмни чиқариб олиш ва уни татбиқ қилиш. Бизнинг хатоимиз шуки, ҳукмни ишлаб чиқиш билан уни татбиқ қилиш орасидаги фарқни тушунмаяпмиз. Тушунмаганимиз учун ҳам кераксиз гапларни гапиряпмиз. Биз юқорида айтиб ўтган икки йўналиш – таҳаллул, яъни динга енгил қараш ва ташаддуд, яъни динда ғулувга кетиш йўналишлари ё иккинчи таърифдан бехабар қолишди, ёки унга эътиборсиз қарашди. Улар фақат биринчи таърифни, яъни ҳукмни қай тарзда ишлаб чиқишни изоҳлашди.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан